20:12 / 25.03.2019
67413

Ўзбекистоннинг ягона қишки олимпиада чемпиони Лина Черязова вафот этди

Фристайл бўйича олимпия чемпиони Лина Черязова узоқ давом этган хасталикдан сўнг, 51 ёшида Новосибирскда вафот этди. Бу ҳақда Новосибирск шаҳри мэриясининг Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси маълум қилди.

Лина Анатольевна 1968 йилда Тошкентда туғилган. 1994 йили Норвегиянинг Лиллеҳаммер шаҳрида ўтган қишки Олимпиадада чемпионликка эришган. Унинг бу медали қишки олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар томонидан қўлга киритилган биринчи ва ягона олтин медаль ҳисобланади. Қолаверса, Лина акробатикадаги фристайл бўйича биринчи олимпиада чемпиони ҳамдир.

Черязова спортда кўплаб ёрқин натижаларга эришди. 1992-1994 йиллар давомида Жаҳон кубогининг 18та босқичидан 13тасида ғалаба қозонди. 1994 йили Олимпиада чемпиони бўлгач, ўша йили - 25 ёшида оғир жароҳатга йўлиқди. Ўшанда у ҳаёти учун хавфли даражада бошидан шикастланган, аммо бу жароҳатидан кейин нафақат соғайиб кетган, балки катта спортга ҳам қайтганди. 1998 йили саралашдан ўтиб, Наганодаги қишки Олимпиадада 13-ўринни олди. Шундан сўнг спортдаги карьерасини якунлаб, доимий яшаш учун онаси туғилган Новосибирскка кўчиб ўтганди.

Лина Черязова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳибаси эди. У Россия Федерациясининг Олимпиада чемпионларига бериладиган бир умрлик пенсиясини олувчи россиялик бўлмаган ягона спортчи ҳисобланарди.

Марҳума 27 март куни Клешихинск қабристонида дафн этилади.

Top