10:22 / 31.03.2019
31527

НАТОнинг Россия билан уруш ҳолатида қўллаши мумкин бўлган энг яхши қуроллари маълум қилинди

Фото: CC BY 2.0 /NATO

АҚШнинг Business Insider портали НАТО Россия билан ихтилоф вақтида қўллаши мумкин бўлган энг яхши қуролларини маълум қилди. 

Ушбу рўйхатга 5-авлоддаги F-35 Lightning II стелс-қирувчи самолёти етакчилик қилмоқда. Таъкидланишича, бошқа рақобатчи давлатлар ҳали сезилмаслик ва илғор жиҳозланиш бўйича бу самолёт билан рақобатлаша оладиган самолёт ярата олишмаган.

Шунингдек, Европанинг бир қатор давлатлари биргаликда яратган Eurofighter Typhoon қирувчи самолёти қайд қилиб ўтилган. Таъкидланишича, бу самолёт жанговар имкониятлари бўйича Россиянинг Су-35 самолётининг охирги модификациялари билан тенглаша олади ва шу сабабли Су-35’га қарши муваффақиятли қўлланиши мумкин.

Кейинги қаторларни АҚШнинг B-52, B-2 Spirit ва B-1B Lancer бомбардимончи самолётлари эгаллаган. АҚШ Европада бомбардимончи самолётларини мунтазам ротация қилиб туриш эвазига рақибни ушлаб туришни таъминламоқда. 

Рўйхатга АҚШнинг сув ости кемаларига қарши P-8A Poseidon самолёти ҳам киритилган. Ушбу самолёт муқобиллари мавжудлигига қарамай, сув ости кемаларига энг яхши “овчи”лардан бири ҳисобланади.

Нашр сув ости кемаларига қарши воситалар сифатида Италия, Франция, Испания, Норвегия ва Дания қуролланишида бўлган фрегатларни ҳам ажратиб кўрсатган.  

Бундан ташқари, нашр АҚШнинг AH-64 Apache вертолётини ҳам эслаб ўтган. Бу вертолётлар “ҳаво-сирт” синфидаги 16 та Hellfire ракетасини таший олади ва бунинг эвазига рақиб техникасига “вайронкор зарбалар” беришга қодир.

Альянснинг зирҳли техникаси орасида немис жанговар танки Leopard 2 алоҳида қайд қилинган. Бу танклар АҚШнинг M1 Abrams ва Британиянинг Challenger 2 танклари билан бир қаторда НАТОда энг яхшиларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, рўйхатга АҚШнинг Nimitz синфидаги авиаташувчи кемалари, Patriot ҳаво ҳужумига қарши тизимлари ва Virginia синфидаги сув ости кемалари киритилган.

 

Top