10:48 / 15.04.2019
4080

Tashkent Travel Mart: Хорижий ва маҳаллий туркомпаниялар ўртасида B2B учрашувларга старт берилди

15 апрель куни пойтахтда B2B форматидаги «Tashkent Travel Mart» тадбирига старт берилди, унда БАА, Швейцария, Италия, Греция, Грузия, Россия ва бошқа мамлакатларнинг туризм саноати вакиллари иштирок этишди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди ва унинг айнан нодавлат нотижорат ташкилот томонидан ташкил этилган биринчи тадбир эканига урғу берди.

Фото: Камиль Еникеев

“Бугун туризм соҳаси бизнес алоқаларининг янги форматидамиз. Шуниси диққатга сазоворки, бундай форматдаги тадбир биринчи марта Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ) ташкилотчилиги остида ўтмоқда. Одатда бундай тадбирлар давлат ташкилотлари етакчилигида ўтказилар эди, бугун эса, кўриб турганингиздек, бизнинг сайёҳлик ташкилотларимиз ўз ўринларини мустаҳкамлаб, ташаббуслар билан чиқишмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда туризм соҳаси фаол ривожланмоқда: 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий фуқаролар сони 2,7 миллион кишини ташкил қилган бўлса, 2018 йилда уларнинг умумий сони 5,4 миллионга яқинлашди. Жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ, яъни одатда сайёҳлар оқими кам мавсум ҳисобланувчи даврда Ўзбекистонга келган хориж фуқаролари сони миллион нафарга етди”, - деди у. 

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари, бугун, мамлакатда туризмнинг кўплаб йўналишлари ривожланаётган бир пайтда хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистонда ўзлари учун яхши ҳамкорларни топиб, ўз бизнесларини янада ривожлантиришларига умид билдирди ҳамда бунда Ўзбекистон ҳукумати уларнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра Исроилова ва туризм соҳасининг бошқа вакиллари ҳам қатнашиб, хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб боришди.

Фото: Камиль Еникеев

«Tashkent Travel Mart» дунёнинг турли давлатлари туристик ташкилотлар вакиллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва алоқаларни янада ривожлантириш учун мўлжалланган замонавий платформадир. Тадбир формати бир кунда туризм саноатининг кўплаб вакиллари билан танишиш, янги сайёҳлик компаниялари ва тақдим этилаётган хизматлар ҳақида маълумотлар олиш имконини беради.

Фото: Камиль Еникеев

Мутахассисларнинг таъкидлашича, «Tashkent Travel Mart» лойиҳаси Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қўшимча туртки беради.

«Tashkent Travel Mart» Ўзбекистон Республикаси Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Profi.Travel» бош ахборот ҳамкори қўллаб-қувватлаши остида ўтказилди.

Фото: Камиль Еникеев

B2B учрашувларда хорижий ва маҳаллий туроператорлар, меҳмонхоналар, авиакомпаниялар, автомобиль ижараси билан шуғулланувчи компаниялар вакиллари қатнашишди.

Top