Ўзбекистон | 22:49 / 04.05.2023
9671
4 дақиқада ўқилади

Янги турпакетлар, икки баробар арзон чипталар — туризм соҳасини ривожлантириш бўйича қарор имзоланди 

Унда туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш назарда тутилган. 

Президент томонидан «Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди. 

Унда республиканинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, биринчи навбатда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, шунингдек, мавжуд ресурслар ва имкониятлардан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш назарда тутилган. 

Жумладан, олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда республикадаги олий таълим ташкилотларининг ҳудудларнинг туризм салоҳиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида олий таълим ташкилотларига тегишли ҳудудлар бириктирилади. 

Олий таълим ташкилотларига ҳудуднинг туризм салоҳиятини ошириш бўйича қуйидаги вазифалар юклатилади: 

- ҳудуднинг туризм салоҳиятини ўрганиш, ҳудуд ва унинг тарихи, туристик объектлари ва ўзига хос хусусиятлари тўғрисида турли тилларда контентлар яратиш, уларни тарғибот қилиш ҳамда турпакетлар яратишда ёрдам кўрсатиш; 

- назарий билим ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаган ҳолда профессор ва ўқитувчиларнинг изланишлари, талабаларнинг туризм соҳасидаги назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятларини кенгайтириш; 

- ҳудудлардаги аҳоли томонидан туризм хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда кадрларнинг малакасини оширишда кўмаклашиш. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарига хорижий сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш вазифаси юклатилади. 

Ўзбекистон Республикасининг туризм маҳсулотини хорижий туризм бозорларида тарғиб қилишга 2023 йилда 50 миллиард сўм ажратилади. 

Маданият ва туризм вазирлиги: 

а) бир ой муддатда: 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда музей ва театрларнинг дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун қулай вақтларда ишлашини таъминлайди; 

вазирликнинг ягона Call-марказида кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш чораларини кўради; 

б) 2023 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикасининг миллий туризм маҳсулотлари ва хизматларини халқаро нуфузли туристик ва маркетинг платформаларида реклама қилиш харажатларини қоплаб бериш тартиби тасдиқланади. 

2023 йил 1 майдан “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан: 

Фарғона, Наманган ёки Андижондан Бухоро, Самарқанд, Термиз, Урганчга, шунингдек, Термиз – Нукус, Самарқанд – Урганч, Бухоро – Урганч, Фарғона – Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейслар йўлга қўйилади; 

Тошкентдан Нукус, Урганч, Бухоро, Қарши ва Самарқандга авиақатновларни йўлга қўйиб, амалдагидан икки бараваргача арзон тарифлар жорий этилади; 

2023 йил 1 майдан бошлаб: 

- Қамчиқ довони орқали йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари ўн тўрттагача ўриндиққа эга бўлган М2 тоифадаги транспорт воситаларига; 

- Жиззах вилоятидаги довонлар ҳамда Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларида тегишли тоифадаги йўллар орқали туристик автобус ва микроавтобусларга мунтазам қатновларни амалга оширишга рухсат берилади. 

Маданият ва туризм вазирлигининг ногиронлиги бўлган шахслар учун республика бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш мақсадида “Саёҳат барча учун!” лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифи маъқулланди. 

Маданият ва туризм вазирлиги мазкур лойиҳа доирасида 500 нафар ногиронлиги бўлган шахслар саёҳатини ташкил қилади ҳамда дастлабки босқичда Хоразм, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида 100 нафар сурдо-гидларни тайёрлаш бўйича дастурни ишлаб чиқади.

Мавзуга оид