18:30 / 20.04.2019
25046

Ўқувчини урган устоз айбдорми — «эти сизники, суяги бизники» дейдиган замонлар ўтдими?

Ижтимоий тармоқларда ҳамиша муҳокама марказига чиқиб оладиган мавзулардан бири бу ўқитувчи ва ўқувчилар муносабатларидир. Баъзида устозларнинг ўқувчига нисбатан куч ишлатган ҳолатлари акс этган видеолар тарқалиб қолади ва улар остидаги юзлаб изоҳларда томонлар тенг иккига бўлиниб кетади ҳамда тортишувни авжига чиқаришади.

Бир сурат бор. Ерда ётган бу суратда рақам тасвирланган. Унинг бир томонида турган одам рақамни 6 деб бақиради, иккинчиси эса 9 эканлигини зўр бериб таъкидлайди. Мутлақ ҳақ томонлар бўлмаган, ҳаммаси нуқтаи-назарларга боғлиқ бўлган баҳсларни шу сурат ифодалаб беради, яъни бу ерда ҳаммаси нисбий. 

Ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг муносабатларида уриш йўли билан жазолаш усули ҳақида шу суратни мисол келтириш мумкин. Ҳар икки томон бир нарсани – боланинг муносиб таълим олишини хоҳлайди, фақат бунинг учун дарёнинг икки томонидан туриб олиб, ўзини ҳақ деб билади. Яъни, бундай баҳсларда ҳамма ўзиникини маъқуллайверади.

Кўпчилик болага нисбатан куч ишлатиш мутлақ мумкин эмаслигини таъкидлайди, аммо ўқитувчини ёқлайдиганлар ҳам талайгина.

Келинг, ана шу иккинчи тоифанинг аргументлари билан танишамиз.

Қадимдан ота-оналар ўз фарзандларини таълим учун устозга топширишдан олдин бир гапни таъкидлашган: «Эти сизники, суяги бизники». Бу энди аксиома!

Ота-онанинг ўзи фарзандини устозга ишониб бермоқда, таълими учун қандай усулни танлаши тўла-тўкис устознинг ихтиёридалигини билдирмоқда, нима бўлганда ҳам бола илмли бўлиши шартлигини таъкидламоқда.

Албатта, ўқитувчининг мунтазам уришини, унга ҳам руҳий, ҳам жисмоний зарба беришини умуман оқлаб бўлмайди. Аммо бир нарсани унутмаслигимиз лозим – ҳеч бир устоз ўз ўқувчисига ёмонлик тиламайди, шогирди камолотга эришса, фахрланади, ҳаётда ўз йўлини йўқотса, афсусланади. Ўқитувчилар ҳамиша яхши гапга кирмаган, дарс жараёнига халақит берган ўқувчиларни жазолаб келишган.

Бу телефонлар чиқмасидан аввал ҳам бор эди, шунчаки ҳозир оммага тарқатиляпти, холос. Ёши улғайганлар бир саволга жавоб берсинлар-чи – қайси биримиз устозимиздан тарсаки емаганмиз? Ҳозир биз учун жон куйдирган, ёшлари бир жойга борган ўша ўқитувчиларга нисбатан кек сақлаяпмизми?!

Болаларни уришни қаттиқ қораловчиларни тушуниш мумкин, ўқувчи руҳий зарба олади, бу услубнинг самараси шубҳали. Бироқ бир нарсани унутиб қўйгандекмиз – кўз ўнгимизда тартибни анчайин унутиб қўйган, ҳар бир ташаббусни эрмак билан кутиб оладиган, интернет ва замонавий технологияларга муккасидан кетган, ўқишни бешинчи даражадан ҳам пастда кўрувчи, узоқ йиллар давомида ўқитувчи тизим томонидан камситилиб келаётганини кузатиб, ўзини ҳам шундай йўл тутишга ҳақли деб ҳисобловчи авлод улғайганини, улғаяётганини наҳотки англамаймиз?

Дарсларни писанд қилмайдиган, барчани, хусусан ўқитувчиларни масхара қилувчи болалар йўқми синфларда? Улар ҳар қандай босиқ ўқитувчини ҳам қизишишга мажбур қилиб ташлашмаяптими? Ўқувчилар кўзини лўқ қилиб ўз ўқитувчисини калака қилиши, гап қайтариши, ортидан юриб эрмаклаши, дарсини истаганча бузиши, энг даҳшатлиси — бу масхаралар, хўрликларни телефонга тушириб тарқатиши ва зўр иш қилгандек мақтаниши оддий ҳолга айланиб бормаяптими?

Ўқитувчиларидан озгина калтак еган боланинг ҳам уйига югуриши бугун сир эмас. Уларнинг ҳақ ёки ноҳақлиги бошқа масала. Ҳолбуки бугун ўттиз ёшдан ошганларнинг ҳаммаси ҳам яхши билишади: ўқитувчининг мартабаси ўзгача бўларди, ҳар қандай ҳолатда ҳам тутган позицияси шубҳа остига олинмасди, ҳеч ким уларнинг устидан шикоят қилишни ўйламасди ҳам. Чунки болага жавоб тайин эди – айб ўзингда, ўқитувчингнинг айтганини қилмагансан!

Ҳозир нописанд ёш авлод билан бирга жанжал кўтаришни одат қилган, ҳар қандай вазиятда омма эътиборини тортувчи, арзимас сабаб билан ҳам устозни ер билан битта қилишга тайёр ота-оналар тоифаси ҳам шаклланиб улгурган. Уларга гап тушунтиришнинг ҳожати йўқ, «дод» деб тураверади.

Пойтахтда бўлган бир можаро эътиборга молик: устоз дарсга халақит берган болага танбеҳ беради, фойдаси бўлмагач, бир тарсаки туширади. Ўқувчи дод солиб ота-онасини етаклаб келади. Раҳбарият ҳам нима қилсин, мажлис чақиради ва ўқитувчини ишдан четлаштириш масаласини кун тартибига қўяди. Боланинг ота-онаси ғалабасини нишонлаш учун заҳарханда қилиб турганида қизиқ ҳолат юз беради – ота-оналарнинг аксарияти устозни ёқлаб чиқишади ва ишдан бўшатишга мутлақо қарши эканликларини билдиришади. Улардан бири ўз фарзанди устозларининг сўзига амал қилмаса, бемалол уриб жазолаш мумкинлигини айтиб, кўпчилик олдида бунга рухсат беради ҳам (бу ҳолатнинг Шайхонтоҳур туманида бўлган воқеага алоқаси йўқ).

Яна таъкид – ўқувчиларни уришни оқлаб бўлмайди! Лекин ҳеч тасаввур қиламизми, ўқувчилар тинч ўтирса, дарслар яхши тушунтирилса, барча фаол қатнашса ва фан ўзлаштирилса, устоз эсини емаган-ку барчани савалайвериб. Ўзимизнинг фарзандимизга дарс қилдиргунча неча марта қизишиб кетамиз, кўпчилигимиз асабимиз дош бермаслигини билиб, бирга дарс қилишни йиғиштириб қўя қолганмиз ҳатто. Уларни уйда қилган тартибсизликлари учун неча марта жазолашга тайёрмиз. Лекин айримларнинг фикрича, 30-40 нафар ўқувчи жамланган, жилов озгина бўш қўйилса ғала-ғовур кўтариладиган синфда устознинг жазолашга ҳаққи йўқ.

Ўғил болаларнинг оталарини етаклаб келиши энди алоҳида мавзу. Арзимас муаммо олдида ҳам чақимчиликни одат қилган, отаси томонидан бу одат рағбатлантирилган ўғил боланинг қандай йигит, қандай эркак бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бугунги келин томонга мўлтираётган куёвларнинг пайдо бўлишида ана шундай омиллар ҳам сабаб бўлмаяптими?

Мақолани ўқиганларда масаланинг фақат бир тарафи кўрилаётгандай тасаввур уйғониши мумкин ва бу бир жиҳатдан тўғри ҳам. Сабаби, мақсад ўқитувчининг жамиятдаги мавқейини кўтариш, ўқувчи олдида хор бўлишига йўл қўймаслик. Ривожланган бирор давлат йўқки, таълим вакиллари иззатини жойига қўймаган бўлса.

Дарҳол устозларнинг малакаси пастлигини рўкач қилувчи, улар шунга лойиқлигини таъкидловчиларга жавоб бор – узоқ йиллар мобайнида турли сабабларга кўра ўқитувчилик касбининг обрўси тушиб борди. Кўзида ўт ёниб турган, ҳаётда нимагадир эришиш салоҳиятига эга бўлган ёшлар бу касбга рағбат билдирмадилар. Бу ҳолатнинг меваларини ҳали кўп есак керак. Аммо ўлганнинг устига тепган тарзида бор устозларни ҳам хор қилишни кўзласак, таълим тизимимиздан воз кечиб қўя қолсак ҳам бўлаверади.

 Аброр Зоҳидов

 Бугунги ўқувчилар кечаги эмас. Уларни кузатсангиз ортиқча асабий, адекват фикрлаш пасайган. Шунинг учун улар билан жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилиш керак. Айрим туманларда ҳам ўқувчилар билан боғлиқ салбий ҳолатлар учраб турибди. Масалан, бирорта ўқувчи ота-онаси ёки ўқитувчиси билан арзимаган сабаб туфайли уришиб қолса ҳам ҳаттоки ўз жонига қасд қилишгача бориб етяпти. Шунинг учун ҳам ўзаро муносабатда имкон қадар чегарадан чиқмаслик керак, деб ҳисоблайман. Асабни беш дақиқа жиловлай олмаслик ҳар икки томонга ҳам қимматга тушиши мумкин.

Замира Аминова, Бўстонлиқ туманидаги 9-мактаб директорининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

 

Top