Ўқувчиларнинг ўлими

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида содир бўлган воқеада, Chevrolet Gentra автомашинасининг бахмаллик 26 ёшли ҳайдовчиси 2023 йилнинг декабр ойидан буён белгиланган тезликни ошириш билан боғлиқ 11 та қоидабузарлик содир этгани эътиборга молик.

Шунга қарамасдан, у Оқтом маҳалласи ҳудудидан ўтган, тезлик соатига 70 километр билан чегараланган Ўсмат-Бахмал автомобил йўлида қоидаларга зид равишда тезликни 100 km/h’гача оширган ва машина бошқарувини йўқотиши туфайли йўл четидан мактабга кетаётган икки нафар ўқувчини уриб юборган. Оқибатда 5- ва 7-синфларда ўқийдиган ўқувчилар оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этган.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида содир бўлган воқеада Damas уриб юборган ўқувчи ҳалок бўлган. 1-синф ўқувчиси, мактабдаги машғулотларини якунлаб, ўз уйи яқинидаги пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда юқори тезликда келаётган Damas машинаси уни уриб юборган.

Жарималар таъсирсиз

Аслида, менинг фикримча, айнан жарималарнинг ва белгиланган жазоларнинг етарли эмаслиги йўллардаги ўлим миқдорини камайтирмаяпти. Ўпкасини қўлтиқлаб газни босадиган ҳайдовчиларни ҳовуридан тушира олмаяпти.

Йўлда чекланган тезликдан ортиқ ҳайдаб, одам ўлимига сабаб бўлган айрим ҳайдовчилар қамоқ жазосидан ҳам қутулиб қолишяпти. Бу эса бундай мудҳиш авариялар аслида арзимаган бахтсиз ҳодиса, деган тушунча шаклланишига олиб келмоқда.

Самарқанднинг Тойлоқ туманида содир бўлган воқеага эътибор беринг. Ёш ҳайдовчи «зебра» устидан юриб ўтаётган кекса одамни машинасида уриб ўлдиряпти. Судда марҳумнинг қариндошлари «ўлган ўлди, ёш йигитнинг умри қамоқда хазон бўлмасин», деб даъвоси йўқлигини билдирган. Суд ҳайдовчига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаган. Анави йигит 6 ойдан сўнг яна бир одамни машинасида уриб ўлдирган.

Агар у биринчи қилмишидаёқ қамалганида, яна бир одам ўлиб кетмас эди.

Айни пайтда Жиноят кодексининг 266-моддасининг 1- ва 2-қисмида назарда тутилган қилмиш эҳтиётсизлик орқасидан содир этилган жиноят сифатида қаралади. Шу боисдан ҳам, уларга белгиланган жазолар нисбатан енгил.

Кодексга маст ҳолда автомобил бошқариб, одам/лар ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган жиноятни содир этса буни «қасддан содир этилган» қилмиш сифатида малакалашни назарда тутувчи ўзгартириш киритиш керак.