14:50 / 22.04.2019
14358

Осиё чемпионати. Ўзбекистоннинг яна икки вакили ярим финал йўлланмасини қўлга киритди

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Бугун, 22 апрель куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионатида чорак финал жанглари ўтказилмоқда.

Кундузги дастур доирасида эркаклар ўртасида -56 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Миразизбек Мирзахалилов таиландлик Чатчаи Будте билан жанг қилди. Ўзбекистон вакили рақибини очколар ҳисобига мағлубиятга учратиб, мусобақанинг ярим финали йўлланмасини қўлга киритди.

Аёллар ўртасида -57 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Ёдгорой Мирзаева турнирдаги иккинчи жангини тожикистонлик Мижгона Самадовага қарши ўтказди ва рақибини очколар ҳисобига мағлубиятга учратиб, ярим финал масаласини ҳал қилди.

Бундан аввалроқ, чорак финалда -49 кг вазн тоифаси вакили Нодиржон Мирзааҳмедов лаослик боксчи Хампхоуван Хамсатоне устидан ғалаба қозониб, ярим финалга чиққанди.

Бу уч спортчи ярим финал йўлланмаси орқали камида бронза медалларини нақд қилишди.

Бугун, шунингдек, яна беш нафар ўзбекистонлик боксчи рингга чиқади.

Кундузги дастур:
-69 кг: Шахноза Юнусова – Макото Кикучи (Япония)
-81 кг: Эъзоза Мелиева – Лина Ванг (Хитой)

Кечки дастур, 16:00 дан сўнг:
-52 кг: Ҳасанбой Дўсматов – Амит Пангал
-64 кг: Шунқор Абдурасулов – Муҳаммад Алкасбех (Иордания)
-81 кг: Дилшодбек Рўзматов – Бек Нурмаганбет (Қозоғистон)

Top