10:00 / 28.04.2019
23093

Видео: Неймар Франция Кубоги финалидаги мағлубиятдан кейин мухлислардан бирини урди

«ПСЖ»нинг бразилиялик ҳужумчиси Неймар Франция Кубоги финалида «Ренн»га қарши ўйиндан кейин фанатлардан бирига зарба берди. Сен-Денидаги «Стад де Франс» стадионида кечган учрашувнинг асосий вақтида дуранг ҳисоб қайд этилди — 2:2, пенальтилар сериясида «Ренн»нинг қўли устун келди — 6:5.

Ўйиндан кейинги тақдирлаш маросими вақтида жамоадошлари қатори кумуш медаллар учун трибунага кўтарилаётган Неймарни йўлак ёнида турган фанатлар тўхтатишди ва у билан селфи қилмоқчи бўлишди. Бразилиялик футболчи эса қўли билан камерани тўсди. Фанатлардан бири билан гап талашган Неймар унинг юзига мушт тушириб юборди ва зинадан кўтарилишда давом этди.

Эслатиб ўтамиз, Неймар бироз аввалроқ ЕЧЛнинг 1/8 финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин ҳакам хонасига бостириб кирмоқчи бўлгани ва инстаграмида уни ҳақоратлагани учун УЕФА томонидан еврокубоклардаги уч ўйиндан четлатилганди.

«Ренн» Франция Кубогида ўз тарихида учинчи бор ғолиб бўлди. Қизил-қоралар 1965 ва 1971 йилларда бу турнирда ғалаба қозонишган. Бу турнирдаги ғолиблик бўйича рекордчи клуб «ПСЖ» ҳисобланади — 12 соврин.

Top