15 август куни трансферлар бозорида навбатдаги янгиликлар рўй берди. Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи ҳам Саудия Арабистонига кетди, «Арсенал» эса дарвозабон чизиғини мустаҳкамлади. Бу ҳақда сўнгги трансфер хабарлари дайжестида.

«Ал-Ҳилол» Неймар трансферини эълон қилди

Бу ёзнинг кутилмаган ва энг шов-шувли трансферларидан бири рўй берди. Ҳа, Неймарнинг «ПСЖ» билан йўллари айрилиши муқаррар эди, аммо  бразилияликни Европанинг топ-клубларида кутишаётганди. Масалан, ОАВ у «Барса»га ўтиши ҳақида тинимсиз ёзиб турганди. Аммо Неймар каталонияликларнинг ҳозирги бош мураббийи Хавининг режаларидан ўрин олмаганди, қолаверса, клуб унинг молиявий талабларини қондириши даргумон эди.

Шу туфайли футболчи 31 ёшида Саудия Арабистонига йўл олди - Неймар расман «Ал-Ҳилол» футболчисига айланди. Олти йилдан буён «ПСЖ» сафида тўп суриб келган бразилиялик юлдуз футболчи Саудия Арабистони чемпионати грандларидан бири билан икки йиллик шартнома тузди.

«Ал-Ҳилол» — Осиёдаги энг яхши, ажойиб фанатларга эга бўлган улкан клуб. Шу туфайли менда тўғри вақтда тўғри қарор қабул қилганим ва муносиб жамоага ўтганим ҳақида ҳиссиёт пайдо бўлди», — деган Неймар трансфердан кейин.

Футболчининг маоши миқдори турли манбаларда турлича кўрсатилган. L'Еquipe манбаси бразилиялик футболчига икки йил учун 160 млн еврони ташкил этиши ҳақида айтган бўлса, Sky Sports хабарида ҳар бир мавсум учун 150 млн евродан тўланиши ёзилган, Globo Esporte нашри аниқлик киритишича, сумма бироз кўпроқ: икки йил учун футболчининг ҳисобига 320 миллион евро келиб тушади. Футболчининг бу икки мавсумдаги жами даромади бонуслар ва тижорий келишувлар ҳисобига 400 млн еврога етиши ҳам мумкин.

«ПСЖ» эса бу сотувдан камида 90 млн евро (бонуслар қўшиб ҳисобланганда 120 млн евро) ишлаб олади.

«Арсенал» янги дарвозабон олди

Давид Райя. Фото: DAVID PRICE/ARSENAL FC VIA GETTY

«Арсенал» испаниялик дарвозабон Давид Райя трансферини эълон қилди. 27 ёшли дарвозабон лондонликлар сафига ижара асосида келиб қўшилди, бир йиллик ижара учун вице-чемпионлар «Брентфорд»га 3,5 млн евро маблағ тўлайди. «Арсенал» уни кейинги йил ёзида 31,5 млн еврога сотиб олиши мумкин бўлади. 

«Брентфорд» «Арсенал» молиявий фэйр-плейга амал қилиши учун шундай келишувга рози бўлди. Энди бу мавсумдан ЕЧЛда ҳам иштирок этувчи «Арсенал»да икки нафар юқори савияли дарвозабон бор.