00:31 / 30.04.2019
32896

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди — Президент фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланмоқда.

Концепцияда қуйидагилар назарда тутилади:

·       Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) Ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;

·       узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек, профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

·       ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш;

·       халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш;

·       халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш;

·       ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш;

·       давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш;

·       ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;

·       халқ таълими тизимида фаолият кўрсатишнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш;

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харита»си тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлар ва асосий йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар йили алоҳида тасдиқланадиган «Йўл харита»си орқали босқичма-босқич амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳар йили 1 декабрга қадар ўтаётган йил бўйича тасдиқланган «Йўл харита»сини пухта ўрганиш асосида келгуси йил учун «Йўл харита»си лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш республика бюджети маблағлари, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари, имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар эвазига амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.

Top