Ўзбекистон | 22:43 / 20.11.2021
9585
2 дақиқада ўқилади

“Янги авлод дарсликларини тайёрлаш жараёнини янада тезлаштиришимиз лозим” – Бахтиёр Саидов

Янги вазир таълимдаги инновациялар энг чекка ҳудуддаги ўқувчига етиб бориши лозимлигини қайд этди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ўзининг илк ишчи ташрифини Республика таълим маркази ҳамда Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишишдан бошлади.

Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, Республика таълим марказига ташриф чоғида марказ директори Шуҳрат Сатторов умумий ўрта таълим мактабларида таълим мазмуни, дарсликларни тайёрлаш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан вазир янги авлод дарсликлари, уларни яратган муаллифлар фаолияти ва қолган дарсликларнинг яратилиш муддатлари билан таништирилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги
Фото: Халқ таълими вазирлиги

Бахтиёр Саидов янги дарсликларни юқори баҳолаб, уларни яратиш жараёни юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

“Янги авлод дарсликларини тайёрлаш жараёнини янада тезлаштиришимиз лозим, дарсликлар ёзилишини чўзмаслигимиз лозим, сабаби, дарсликларнинг кечикиши жамият ривожланишининг кечикиши дегани”, — деди у.

Хабарда айтилишича, Саидов шунингдек, таълим мазмунини халқаро даражага кўтариш, ёшларни таълим олишга қизиқтириш, дарс беришнинг инновацион усулларидан фойдаланиш, визуал контентни ривожлантириш кераклиги борасида таклифлар билдирди.

Вазир инновациялардан қишлоқларда фойдаланиш масаласини кўтариб, уларнинг чекка ҳудудларга етиб боришини ҳам таъминлашга алоҳида эътибор бериш лозимлигини қайд этди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

“Ўрганиш жараёни А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтида давом этди. Институт ректори Аюбхон Раджиев томонидан сўнгги йилларда муассаса томонидан амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан, малака оширишдаги ўзгаришлар, илмий-тадқиқот ишларидаги устувор йўналишлар, таълимдаги муаммолар ечимига қаратилган ўндан ортиқ илмий-амалий лойиҳалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Вазир институт томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни юқори баҳолаб, долзарблиги нуқтайи назаридан охиригача самарали якунлаш лозимлигини қайд этди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Саидов 17 ноябрь куни халқ таълими вазири этиб тайинланганди.

Мавзуга оид