16:50 / 05.05.2019
34224

Ургутнинг «Чорчинор»ида ростдан ҳам асрий чинорлар кесилганми? — Kun.uz суриштируви

Ургут туманидаги «Чорчинор» зиёратгоҳида олиб борилаётган қурилиш ишлари давомида асрий чинорлар кесилаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ҳаммаси самарқандлик фрилансер Дмитрий Костюшкиннинг «Чорчинор»даги минг йиллик ва асрий чинорлар у ерда олиб борилаётган қурилиш ишлари сабабли аёвсиз кесиб ташланаётгани ҳақидаги фотосуратлари ва зиёратгоҳдаги зилол сувли чашма усти бетонлаб қўйилгани тўғрисидаги хабарлардан кейин бошланди.

Иш шу даражага бориб етдики, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши «Правда Востока» нашрида очиқ хат эълон қилди. Бироқ самарқандлик журналистлар ва блогерлар зиёратгоҳда чинорлар кесиб ташланмаганини таъкидлаб, чиқишлар ҳам қилишди. Уларнинг чиқишларида маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар ҳам буни тасдиқлашди.

Kun.uz «Чорчинор» зиёратгоҳида бўлиб, вазият билан яқиндан танишди ва масалани имкон қадар холис таҳлил қилди.

Хўш, ростдан ҳам зиёратгоҳда айрим чинорлар таг тубидан кесилиб, илдизлари кавлаб олиб ташланганми?

Нима ҳам дердик, балким кесилгандир ёки кесилмагандир, агар кесилгани рост бўлса ҳам энди кеч — у чинорларни ортга қайтариб бўлмайди.

Айни пайтда бу масканда жами 127 туп чинор бўлиб, уларнинг 47 тупи 100 ёшдан ошган, уларнинг ҳам орасида минг йилдан зиёд вақт мобайнида кўкариб турганлари бор. Уларнинг 30 метрдан баланд улуғвор танаси бир неча инсоннинг қучоғига жой бўлиши мумкин. Уларнинг кўп қисми яқин ўтмишда экилган, 40–50 йиллик чинорлардир.

Бир қараганда — эътирозларда жон бордек. Чунки «Чорчинор» зиёратгоҳи четидан — йўл устида барпо этилаётган меҳмонхона ва бошқа бинолар учун жой очилган. Қурилиш ишлари январь ойи ўрталаридан бошланган. Совуқ фаслларда зиёратгоҳга ташрифчилар қадами сийраклашади. Ўша пайтда кимдир вазиятни суратга олгану ҳаммаси мана энди аён бўлаётгандек.

Бизга маълум бўлишича, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан «Чорчинор» зиёратгоҳини таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун буюртмачи ташкилот вилояти ҳокимлиги Инжиниринг компанияси томонидан 9,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Шунга кўра, зиёратгоҳда ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Зиёратчилар учун қулай йўлкалар, меҳмонхона барпо этилмоқда. Шунингдек, таҳоратхона, маъмурий бино, ошхона, мавжуд қадимий масжид биносини реконструкция қилиш, атрофини тўсиқ панжара билан ўраш ва зиёратгоҳга кириш дарвозасини қайта қуриш белгиланган. Шахсан бизга, юқорига кўтарилиш учун поғоналари ва пандус «омихта» қилинган зина жуда ёқди.

Қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бораётган пудратчи ташкилот — «Моҳли Оқила» хусусий корхонаси раҳбари Бобомурод Дўстмуродов суратда тасвирланган, айнан шу зиёратгоҳда кесилган ва ерга тахлаб қўйилган чинор шохлари ҳамда таналари айнан қайси вақтда суратга туширилгани номаълумлигини айтди. Кесилган дарахтлар сурати эса «Фотошоп» ёрдамида қилинганига урғу берди. Шунингдек, айрим суратлар жуда эски — 5-10 йил муқаддам туширилганини ҳам айтиб ўтди.

Қурувчининг сўзларига кўра, улар фақатгина зиёратгоҳ ҳудудидаги чашмага элтувчи йўлка устидаги чинорнинг қийшайиб ўсган, ўз оғирлигини кўтаролмасдан эгилиб, девор устига минган қалин шохи экология бўлими ва бошқа мутасаддиларнинг маслаҳатлашуви билан кесишган. Ушбу ҳолат 2 май куни далолатнома билан расмийлаштирилган. Костюшкин дарахтлар барг ёзган куни борганида ҳам фақат янги кесилган ўша жойни суратга олиб, тарқатган.

«Чорчинор» зиёратгоҳи раҳбари Нодир Турсунов эса чинорларнинг барчаси рўйхатда туриши, ҳаттоки уларнинг илдизидан ўсиб чиққан нартлар (бачкилар) ҳам ҳисобда эканлигини айтди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суратлар эса «Фотошоп» дастури ёрдамида қайта ишланганидан ҳайратда қолганини билдирди, 20дан зиёд ташкилот келиб ҳолатни ўрганиб, дарахтлар кесилгани ўз исботини топмаганини айтиб ўтди.

Интернетдаги чиқишларда зиёратгоҳдаги булоқ усти ҳам бетонлангани айтилганди, у бунга эътироз билдирди.

Биз ҳам зиёратгоҳдаги чашма бетон плита билан ёпилганига гувоҳ бўлмадик. Чашма ҳовузи очиқ, балиқлар сузиб юрибди. Атрофдаги гўзал тоғ манзаралар кўздан пана бўлмаслиги учун эски деворлар йиқитилиб, уй ҳайвонларидан тўсувчи панжаралар учун пойдеворига бетон қуйилмоқда.

Зиёратгоҳга ташрифчилар тинмасдан келиб туришибди. Биз хорижлик сайёҳларни ҳам учратдик.

Самарқанд вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев ҳам шу ерда экан. Зиёратгоҳда кесилган чинор қолдиқларига кўзи тушмаган ҳоким ўринбосари ҳам ҳайрон. У ҳар қандай пиар ҳам машҳурлашишга сабаб бўлишини таъкидлаб, «Чорчинор»нинг довруғи янада ёйилганидан хурсандлигини яширмади.

Бу зиёратгоҳда кўрган манзараларимиз, эшитган сўзларимиз эди. Таҳририятга келгач, Биз Google Earth дастури орқали зиёратгоҳнинг ўтган йилларда туширилган хариталари архивига ҳам назар ташлашга қарор қилдик.

Қуйида — зиёратгоҳнинг энг сўнгги аэрофотосъёмкаси. У 2019 йилнинг 10 март санасида туширилган. Унда чинорлар ҳали барг ёзмаган, зиёратгоҳда олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳам яққол кўринган.

Бир йил олдинги сурат 28 мартда туширилган. Булутлар суратнинг тиниқ чиқишига халақит берган.

Энди орасидаги фарқ бир йил бўлган суратларни солиштириб кўрамиз.

Бу солиштириш кўп катта фарқни бермаяпти. Лекин зиёратгоҳнинг 2016 йилда туширилган ҳамда сўнгги сурати солиштирилганида йўл четида айни дамда меҳмонхона қурилаётган жойда бир-икки чинорнинг баҳридан ўтилгандек, гўё. Лекин қачон?

Зиёратгоҳ раҳбари Нодир Турсунов ва кўчада биз гапга тутган маҳалла оқсоқолларининг айтишларича, бундан 7-8 йил муқаддам зиёратгоҳ ҳудудидан ташқарида бўлган 5 туп чинор маҳаллий фуқаро томонидан кесилган. Ўша пайтда у кесиш учун рухсат олган экан, бироқ бу борада можаролар ҳам бўлган. Интернетда тарқалган тўнкалар айнан ўша чинорнинг қолдиқлари экани айтилмоқда. Чинор йиқитилгани билан, тўнкалари жойида қолган. Энди қурилиш ишлари олиб борилиши жараёнида тўнкалар кавлаб олиниб, йўл четига чиқариб қўйилган. Дарҳақиқат, тўнкалар эскироқдек, биттаси ҳатто тупроқ остида қолиб чирий бошлаган экан.

Хуллас, кесилган дарахтлар сурати эскилиги, ҳеч қандай дарахт кесилмагани айтилмоқда. Негадир, чинор шохлари ва ғўлалари тахлаб қўйилган ўша эски суратларда ҳам кесилган ўрин сурати кўринмайди. «Фотошоп» версиясига эса, кишининг ишонгиси келмайди: «Кимга зарур?» деган савол ўртага чиқади.

Биз интернетда тарқалган суратлар туширилган нуқталардан расмга олдик ва уларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Масалан, қуйидаги сурат аниқ шу йили туширилган. Чунки, зиёратгоҳ ҳудудидаги бетон плиткалар мана шу йил қўпориб ташланган. Кўриб турибсизки, ҳудудда кесилган чинор ғўлалари тахлаб қўйилган. Ҳозир улар йўқ, албатта. Айнан мана шу суратни зиёратгоҳдаги масъуллар «Фотошопда қайта ишланган», дейишмоқда. Бироқ, биз туширган суратда кесилган ғўлалардан зарба еган чинор танасидаги излар турибди. Буни ўша — экология хулосаси билан кесиб ташланган қийшайган шох қолдиқлари, деб тушунтиришмоқчи ҳам бўлишди. Лекин шох бу қадар узун бўлмаган-ку? Қолаверса, нарироқда ҳам бир тўп ғўла тахланиб ётибди.

Ушбу сурат эса қачон олингани номаълум. Қурувчилар зиёратгоҳда ишни биринчи плиткали йўлакларни бузишдан бошлашган. Зиёратгоҳда 2018 йилда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилган, дейишди.

Суратларнинг биринчиси шу йили олинган. Иккинчисини эса бўсағада ўтирган чолларнинг кийинишига қараб, қадимийроқ, деб тушунтиришди.

Хуллас, зиёратгоҳда айрим соғлом чинорлар кесилгани аниқ. Лекин улар ҳозирги қурилиш ишлари туфайли яқинда кесилдими ёки аввалроқми — шунисини узил-кесил аниқлашнинг имкони бўлмаяпти. Токи чинорларни кесган инсонларнинг ўзлари қилмишини тан олиб, вазиятга аниқлик киритишмаса, биз фақат гумонлар билан чекланишимиз мумкин, холос. Чунки аллақачон «қорлар ёғган, излар босилган». Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.

Нима бўлганда ҳам, «Чорчинор»нинг азим чинорлари ўз жойида турибди. Дарахтнинг қадрини тушуниб етган мутасаддилар энди ҳам эҳтиёт бўлишар, ниҳоят? Ҳудуд эса янада чирой очади, кўп қулайликлар яратилади. Дарҳақиқат, яхши-ёмон гаплар баҳона, унинг довруғи янада ошади. Умид қиламизки, бу сўлим гўшага ташрифчилар сони янада кўпаяди. Фақат унга элтувчи йўлларни ҳам тўғирлаб қўйишса бас...

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ,

Kun.uz мухбирлари.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top