Ўзбекистон | 10:13 / 05.08.2023
10656
2 дақиқада ўқилади

Ургутдаги тўйда 42 киши заҳарланди

Улар тўйда бир кун аввал тайёрланган ва сақлаш қоидаларига риоя этилмаган ҳолда уй шароитида совиткичсиз сақланган майонезли салат истеъмол қилишган

Фото: Kun.uz

Ургутда ўтказилган тўйда 42 киши заҳарланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Самарқанд вилоят бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2023 йил 4 август куни соат 2:00 дан 10:45 гача 8 нафар фуқаро кўнгил айниш, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан туман юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган.

Улардан 7 нафари “Ўткир овқат токсикоинфекцияси” ташхиси билан туман юқумли касалликлар бўлимига, бир нафар бемор эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Барча беморлар ўз касалликларини 2023 йил 3 август куни Ургут тумани Жарқишлоқ маҳалласида жойлашган “Тошпўлат ота” тўйхонасида истеъмол қилинган майонезли салатлар билан боғлашган.

Ҳолат юзасидан Санэпидқўмита Ургут туман бўлими мутахассислари томонидан олиб борилган суриштирувларда тўйдан бир кун аввал яни 2 август куни тайёрланган салатлар дастурхонга тортилгани аниқланган. Салатлар дастурхонга қўйилгунга қадар сақлаш қоидаларига риоя этилмаган уй шароитида совиткичсиз сақланган.

Тиббиёт ходимлари тoмонидан тўй тадбирида иштирок этганларни аниқлаш мақсадида уйма-уй юриб суриштириш ўтказилиб, касаллик белгилари аниқланган 41 нафар фуқаро туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Беморларнинг аҳволи ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда, оғир беморлар йўқ.

Қайд этилишича, Ургутдаги ҳолат Санэпидқўмита томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Аввалроқ, 2022 йил 19 июл куни Ургут тумани Жозмон маҳалласида жойлашган Бурҳон ота тўйхонасида ўтказилган тўйда ҳам туманнинг Ғиштмачит маҳалласида яшовчи одамлар оммавий заҳарланганди. Ўшанда жами 50 дан ошиқ одам антисанитария ҳолатда тайёрланган ҳамда сақланган майонезли салатдан заҳарланган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилганди.

Мавзуга оид