17:13 / 07.05.2019
6820

2019 йил биринчи чоракда Самарқанднинг ташқи савдо айланмаси 400 миллион долларга яқинлашди

Фото: KUN.UZ

2019 йил январь-март ойларида Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айланмаси 399,6 миллион долларни ташкил қилди. 399,6 миллион доллардан 82,6 миллиони экспорт улушига, 317 миллиони эса импорт улушига тўғри келади. Бу ҳақда Самарқанд вилоят статистика бошқармаси Kun.uz'га маълум қилди.

Манбада айтилишича, вилоятдаги ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 140,6 фоизга, яъни 115,4 миллион долларга ортган. Ўтган йилгига қараганда импорт ҳажми 144,3 фоизга ортганини таъкидлаш керак. Экспорт эса 2018 йил биринчи чорагига қараганда 128,1 фоизга ошган.

Вилоят ташқи савдо айланмасининг 34,3 фоизи МДҲ давлатлари улушига тўғри келади. Бу кўрсаткич ўтган йилгига қараганда 5 фоизга камроқ. Ўтган йил биринчи чоракда савдо айланмасининг 39,3 фоизи айнан МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келган. Экспорт ва импортдда ҳам МДҲ давлатларининг улуши мос равишда 6 ҳамда 7,4 фоизга камайган.

Самарқанд вилоятидан экспорт қилинаётган товарларнинг 51,4 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил қилади, қора ва рангли металлургиянинг экспортдаги улуши 7,8 фоизни, машина ва ускуналар савдосининг улуши эса 7,2 фоизни ташкил қилган. Самарқандга импорт қилинган товарлар ичида ҳам озиқ-овқат (20,2 %) ҳамда машина ва ускуналарнинг (31,5 %) улуши юқори.

Ташқи савдо айланмасининг қитъалар бўйича тақсимотига эътибор берсак, бу борада Осиё давлатларининг улуши энг катта (58,8 %). Европа давлатларининг Самарқанд ташқи савдо айланмасидаги улуши 39,7 фоизга тенг. Бошқа қитъаларда эса фоизлар анча паст: Африка 0,02 %, Австралия 0,04 %, Америка 0,8 %.

Самарқанд вилояти ташқи савдо айланмасида давлатларнинг улушларига тўҳталсак, бу борада Хитой (17,2 %), Россия (16,4 %), Қозоғистон (11,5 %) ва Туркиянинг (10,9 %) ҳиссаси сезиларли даражада юқори. Кейинги ўринларда эса Германия (4,5 %), Латвия (4,5 %), Япония (4,3 %) ва Жанубий Корея (3,8 %) каби давлатлар жойлашган.

Top