09:40 / 07.05.2019
10270

Яқин 10 йилда миллион турдаги жонзот ва ўсимликлар қирилиб кетиши мумкин – БМТ

Фото: Shutterstock

БМТ сайёрамиздаги 8 млн турдаги жонзот ва ўсимликлардан бир миллионга яқини 10 йил ичида йўқ бўлиб кетишидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда БМТ докладида келтирилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, халқаро ташкилотда охирги 15 йил ичида табиатдаги ўзгаришларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келинган. Жиддий муаммолар ҳам қуруқликда, ҳам океанлар, денгизлар ва дарёларда яшовчи жонзотларга тааллуқли. 

“Қуруқликдаги ярим миллиондан ортиқ жонзот ва ўсимлик узоқ вақт давомида мавжуд бўлиш учун зарур бўлган муҳитга эга эмас”, дейилган докладда.

Агар турларнинг яшаш муҳити тикланмаса, уларнинг сони яқин 10 йилда миллионга камайиб кетиши мумкин.  

БМТда маълум қилинишича, одамзот ҳар йил дарёлар ва океанларга 400 млн тоннага яқин оғир металлар, заҳарли моддалар ва бошқа чиқиндиларни ташлайди. Хусусан, бунинг оқибатида дунё балиқ захираларининг учдан бир қисми йўқ бўлиб кетиш ёқасига келиб қолган.

2020 йилгача дунё етакчилари БМТ раҳнамолиги остида Хитойда биологик турфа хиллик масаласи бўйича муҳим учрашув ўтказиши кутилмоқда. Мутахассислар қирилиб кетаётган турларни ҳимоялаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш учун халқаро ҳужжатни қабул қилишга умид қилишмоқда.

Top