15:05 / 08.05.2019
11076

Ўзбекистон жаҳон бозорига янги маҳсулот – қуритилган қовунни олиб чиқиши мумкин

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон жаҳон бозорига янги маҳсулот олиб чиқиши кутилмоқда. Шу вақтгача Ўзбекистон дунё мамлакатларига кўп миқдорда қовун экспорт қилган. Эндиликда тадбиркорлар қуритилган қовунни ҳам дунё бозорларида сотишлари мумкин.

Агар Женевада бўлиб ўтадиган БМТнинг Европа Иқтисодиёти Комиссиясининг навбатдаги йиғилишларида мазкур лойиҳа маъқулланса, нуфузли ЕЭК ООН стандарти бўйича қуритилган қовун халқаро бозорга чиқади. Бу ҳақда «Ўзстандарт» агентлиги Стандартлаштириш ва давлат назоратини мувофиқлаштириш бошқармаси маълум қилди.

ЕЭК ООН стандартлари халқаро ташкилотлар томонидан тан олинган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан янги узилган, қуритилган ва қуруқ мева-сабзавотлар, уруғли картошка, гўшт, тухум кабиларини ўз ичига олган. Мазкур стандарт юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, халқаро савдони ривожлантиришга йўналтирилган ҳамда ишлаб чиқарувчилар, савдо ташкилотлари, импортёр ва экспортёр корхоналар томонидан қўлланилади. 

Агентлик расмий сайтида маълум қилинишича, ўтган ойда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Европа Иқтисодиёт Комиссиясининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тижорат стандартларини (ЕЭК ООН) тадбиқ қилиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтган. Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон делегацияси томонидан қуритилган қовунга халқаро стандарт олиш лойиҳаси ва ушбу стандартга изоҳли маълумотлар намойиш этилган.

Top