10:19 / 15.05.2019
19221

Оятуллоҳ Али Хоманаий Эрон ва АҚШ ўртасида уруш чиқиши эҳтимолини истисно қилди

Фото: REUTERS

Эрон АҚШ билан уруш учун асос кўрмаяпти, бироқ мамлакат Вашингтоннинг Эронга қарши сиёсати билан курашишни давом эттиради. Бу ҳақда Эроннинг диний раҳнамоси ва олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий маълум қилди. 

“Эрон халқининг танлови АҚШга қарши курашиш ҳисобланади ва бу қарама-қаршиликда АҚШ чекинишга мажбур бўлади”, деб айтган оятуллоҳ.

Шу билан бирга Хоманаий Теҳрон ҳам, Вашингтон ҳам Яқин Шарқда вазиятнинг таранглашишидан манфаатдор эмаслигини таъкидлаб ўтган. 

“Эроннинг АҚШга қарши кураши ҳарбий эмас, чунки уруш учун асос йўқ. Биз уруш истамаймиз ва улар ҳам, чунки бу уларнинг манфаатида эмаслигини биладилар”, деб айтган Хоманаий.

Форс кўрфазидаги вазият АҚШ Эрон томонидан таҳдид солинаётгани важи остида минтақага “Авраам Линкольн” авиаташувчи кема бошчилигидаги зарбдор гуруҳ ва бомбардимончи самолётлар гуруҳини жўнатгандан кейин кескинлашди.

Теҳронда АҚШ кемаларининг Форс кўрфазида бўлиши ўз хавфсизлиги учун жиддий таҳдид деб ҳисобланмаслиги ва АҚШ томонидан ҳар қандай тажовузни қайтаришга тайёр эканликлари айтилган.

Top