Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ, Британия ва Канада Эронга қарши санкцияларни кенгайтирди
Теҳронга қарши янги санкциялар Эроннинг Исроилга ракета ҳужумига жавобан жорий этилди. Улар биринчи навбатда дронларни ишлаб чиқариш ва сотишга қарши қаратилган.
Эроннинг Исроилга ракета ҳужумига жавобан АҚШ, Британия ва Канада 25 апрел, пайшанба куни Теҳронга қарши янги санкциялар жорий қилди. Чекловчи чоралар биринчи навбатда дронлар савдоси ва уларни ишлаб чиқаришга қарши қаратилган.
АҚШ Молия вазирлиги баёнотида 16 компания, саккиз жисмоний шахс, бешта кема ва бир самолёт Теҳронга учувчисиз учоқларни сотиб олиш учун кўрсатган ёрдами муносабати билан санкцияга учрагани билдирилган.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, тўрт компания ва икки шахс Эрон учувчисиз учоқларини ишлаб чиқаришда иштирок этгани учун санкцияга учраган. Бундан ташқари, дронларни яратишда қўлланиши мумкин бўлган бутловчи қисмларни экспорт қилишга қўшимча тақиқ жорий этилди. Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон шундай деди: «Биз Эроннинг беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатлари учун масъул шахсларни жавобгарликка тортамиз».
Икки жисмоний ва икки юридик шахс Канада томонидан чеклов чораларига дуч келди. Оттавадаги ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, санкциялар G7 иттифоқчилари билан келишилган ҳолда киритилган.
Эроннинг Исроилга ҳужуми
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.
Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган.
10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди.
Мавзуга оид
00:49
Трамп Эрон билан келишув 14 июн куни имзоланишини маълум қилди
09:45 / 13.06.2026
Эроннинг миллиардлаб долларлик маблағлари атрофида баҳс кучайди
09:05 / 13.06.2026
Покистон: АҚШ ва Эрон келишув матни бўйича келишиб олди
20:03 / 12.06.2026