21:48 / 19.05.2019
10667

Арманистон бош вазири норозилик сифатида мамлакатдаги барча судлар биноларини тўсишга чақирди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат аҳолисини 20 май эрталаб барча судлар биноларига кириш ва чиқиш жойларини тўсишга ва унинг нутқини кутишга чақирди. У бу ҳақда Facebook’да ёзган.

“Эрталаб соат 8:30 республиканинг барча судлари биноларига одамлар кира олмаслиги учун уларнинг чиқиш ва кириш жойларини тўсамиз. Мен соат 12:00да жонли тарзда нутқ сўзлайман”, деб айтган Пашинян.

Арманистон бош вазири Ереван судининг ҳибсда ушлаб турилган собиқ президент Роберт Кочарянни озод қилиш қарорига изоҳ бериб, “мамлакатда инқилобнинг иккинчи ва энг асосий босқичи “пишаётганини” айтган.

Ереван суди 18 майда Кочарянга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ республикасининг собиқ ва амалдаги раҳбарлари Бако Саакян ва Аркадий Гукасяннинг шахсий жавобгарлиги остида озод қилган.

Арманистонда 2018 йил 19 февралдаги президент сайловларидан кейин бир қатор норозиликлар ўтиб, уларнинг иштирокчилари Серж Саргсян ютган сайловларнинг расмий натижаларидан норозилик билдиришган. Норозиликлар республиканинг биринчи президенти, ўшанда президент лавозимига даъвогарлик қилган Левон Тер-Петросян томонидан ташкиллаштирилган.  Намойишчиларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан тўқнашувлари давомида 8 намойишчи ва 2 полициячи ҳалок бўлган, полициянинг 33 ходими шифохонага ётқизилган. Ўшанда шифокорларга умумий ҳисобда 230 га яқин одам мурожаат қилган.

2018 йил 8 майда Арманистонда ҳокимият ўзгаргач, ўша воқеалар тергови қайта бошланган. Бу иш доирасида Кочарян ҳибсга олинган.

Top