10:30 / 20.05.2019
63827

Си Цзинпин: “Дунёнинг кўп шаҳарларида бўлганман, лекин мени энг ҳайратга солгани Самарқанд бўлди”

ХХР раиси Си Цзинпин

Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раиси Си Цзинпин Осиё цивилизациялараро мулоқотга оид конференцияси доирасида барча шаҳарлар ичида уни энг ҳайратга солгани Самарқанд бўлганини таъкидлади. Kun.uz мухбири ўз манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Ўзбекистондан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Пекин шаҳрида бўлиб ўтган йирик тадбир - Осиё цивилизациялараро мулоқотга оид конференция ишида иштирок этди.

ХХР раиси Конференция очилишидаги чиқишида мазкур тадбир Хитой халқи учун катта аҳамият касб этиши, зеро у Хитой томоннинг цивилизациялараро алмашувни қўллаб-қувватлаш учун масъуллигини акс эттирришини таъкидлади.

Си Цзинпин интеграцион жараёнларни қўллаб-қувватлаш, умумижтимоий-иқтисодий вазифалар ижроси ва аҳоли турмуши яхшиланишига эришиш мақсадида, ҳар бири алоҳида бой ва кўп асрлик цивилизацияни намоён қилувчи Осиё мамлакатлари ўртасида очиқ ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ҳамда ўзаро алмашинувнинг муҳимлигини таъкидлади.

ХХР раиси Осиёнинг турли цивилизациялари ҳиссасига тўхталар экан, жаҳоннинг кўплаб шаҳарларида бўлгани, тарихий обидалари билан танишгани ва уларнинг бой маданий меросидан завқ олгани ҳақида сўзлаётиб, бундай жойлар орасида биринчи навбатда Самарқанд шаҳридаги “Регистон” ансамблини қайд этди.

“Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, уларнинг орасида серқирра маданияти билан мени энг ҳайратлантиргани – биринчи навбатда, Самарқанд шаҳри бўлди”, - деди Си Цзинпин.

Шунингдек, у цивилизациялар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро алмашинув жараёнида туризм соҳасининг муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан у ХХРнинг Ипак йўли бўйлаб туристик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир таклиф ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги лойиҳалар ҳам шулар жумласидандир.

Конференциянинг қолган иштирокчилари – Камбожа подшоҳи, Сингапур, Греция, Шри-Ланка президентлари, Арманистон бош вазири, ЮНЕСКО бош котиби ҳам Осиё мамлакатлари маданий меросининг бой ва турфа хил эканини қайд этиб, муносабатларни очиқлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик руҳида ривожлантиришга чорлашди.

Top