13:50 / 21.05.2019
27054

Минг йиллик чинор, 120 йиллик дўлана. Самарқанднинг энг «кекса» дарахтлари ҳақида биласизми?

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, асл ватани Шимолий Америка ҳисобланган ноёб дарахт – ботқоқ кипариси Ўзбекистоннинг иккита вилояти Фарғона ва Самарқандда учрайди. 1880 йилларда экилган бу дарахтлар ҳозир ҳам меъёрида ўсиб ривожланмоқда. Фарғонадаги бир туп ботқоқ кипариси Марғилонсой атрофида кўкка бўй чўзган бўлса, Самарқанддаги иккинчи туп Университет хиёбонида яшнаб турибди. Ҳар икки дарахт ҳам давлат муҳофазасига олинган.

Умуман, юз ёшдан ошган ҳар бир дарахт давлат ҳимоясига олинади. Бундай ноёб дарахтлар юртимизда кўплаб топилади. Самарқанд вилоятида давлат муҳофазасига олинган ноёб дарахтлар сони 200 га яқин. Самарқанд экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ноёб дарахтлар ҳақида Kun.uz мухбирига маълумот берди.

Айтайлик, Қўшработ туманининг Фозилмон ота тоғида бўй кўрсатиб турган 450 йиллик уч туп арча дарахтларини ҳалигача шу ерда яшовчи аҳолидан бошқа деярли ҳеч ким билмайди. Қизиғи, бу тоғларнинг ҳеч қаерида бошқа арча йўқ. Шу сабабдан бўлса керак ушбу қадимий уч туп арча ҳақида турли ривоятлар бор. Улардан бирига кўра, шу тоғдан ўтаётган тўрт нафар қаландар бир кеча тунаш учун тўхтаб, асоларини ерга қадаб чодир қурган. Ана шу асолар кейинчалик томир отиб, кўкка бўй чўзган.

Худди шундай ноёб дарахтлар сирасига Нарпай туманидаги 150 йиллик баобаб, 120 йиллик дўлана ва 100 йиллик қайрағоч, Қўшработдаги 200 ёшдан ошган тут, Ургутдаги 152 ёшли Қрим қарағайи ва 105 ёшли ёнғоқ дарахти ҳам қўшиш мумкин. Уларга «Давлат табиат ёдгорлиги» мақоми берилган.

Вилоятдаги энг «кекса» дарахтлар, шубҳасиз чинорлардир. Қадимий чинор дарахтлари Пайариқ, Ургут, Тойлоқ, Нарпай, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳрида сақланиб қолган. Энг ёши катта чинор Ургут туманида. Унинг ёши 1 163 да. Ургутдаги «Чорчинор» ҳудудини қадимий чинорлар музейи дейиш ҳам мумкин. Чунки бу ерда минг ёшдан ошган 6 та, минг ёшгача бўлган 4 та чинор дарахти ўсмоқда.

Анвар Мустафоқулов тайёрлади

Top