Жаҳон | 16:30 / 21.05.2019
13734
4 дақиқада ўқилади

Тафсилот: «Коммерсантъ» журналистлари нима учун ишдан кетишди? Алишер Усмоновнинг бунга алоқаси борми?

Фото: РИА Новости / Владимир Родионов

20 май куни «Коммерсантъ» газетаси сиёсат бўлими ходимлари — махсус мухбир Иван Сафронов ва бўлим мудири ўринбосари Максим Иванов ишдан бўшатилгани маълум бўлди.

Журналистларнинг билдиришларича, уларнинг ишдан бўшатилишларига Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг лавозимидан кетиши мумкинлиги ҳақидаги мақолалари ва мазкур мақолага эътироз билдирган «акционернинг қарори» сабаб бўлган.

Уларнинг ортидан газета бош муҳаррири ўринбосари Глеб Черкасов ва қатор журналистлар норозилик сифатида ишдан кетишлари ҳақида ариза ёзишган. 

«Ведомости» нашри журналистларнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги қарорни «Коммерсантъ» нашриёт уйи акциядори Алишер Усмонов қабул қилгани ҳақида хабар тарқатди. Алишер Усмоновнинг вакили тадбиркор «Коммерсантъ» мухбирларининг ишдан бўшатилишига алоқаси йўқлиги ҳақида маълум қилди.

«Коммерсантъ» раҳбарларининг фикри

«Коммерсантъ» бош муҳаррири Владимир Желонкин ушбу мақола чоп этилишида «нашриёт уйининг таҳририят стандартлари» бузилганини билдирди.

Желонкин бошқа журналистларнинг ишдан бўшаш хоҳишларини «сохта бирдамлик ва нашриёт уйи раҳбариятига босим ўтказиш мақсади» билан изоҳлади.

Нашриёт уйи акциядори Алишер Усмонов газета ходимларининг ишдан бўшатилиши борасида қарор қабул қилмаган деб маълум қилди тадбиркорнинг вакили. 

Алишер Усмонов
Фото: Алексей Никольский / ТАСС

«Акциядор таҳририят сиёсатига аралашмайди ва унинг устига журналистларни ишдан бўшатиш ёки қабул қилиш бўйича қарор қабул қилмайди. Алишер Бурхонович “Коммерсантъ” ходимларининг ишдан бўшатилганини матбуотдаги хабарлардан билди», — деб айтди Усмонов вакили.

USM Group раҳбари Иван Стрешинский ишдан бўшатишларни мақоланинг «буюртма» тусда эканлиги ва журналистлар бунинг аксини  исботлай олишмаганлиги билан изоҳлади. Желонкин журналистларга ишдан бўшашни таклиф қилган ва томонлар келишувига асосан уларни компенсация тўланган ҳолда бўшатишга келишиб олишган.

«Коммерсантъ» журналистларининг реакцияси

Душанба куни кечга яқин нашриёт уйи ходимлари «Коммерсантъ» ўқувчиларига очиқ мурожаат билан чиқишди. Мурожаатни 200дан ортиқ ходим имзолади.

«Замонавий Россия сиёсати воқелигида тез-тез учраганидек, мақолада аноним манбаларнинг маълумотлари ва сўзларидан фойдаланилганди, — деб ёзди журналистлар. — Мақола ҳар доим ишончли ва текширилган манбаларга таяниладиган «Ъ» стандартига тўлиқ жавоб беради». Аммо журналистлар таъкидлаганидек, кейинроқ акционер мақоладан «норозилигини» билдирди ва манбаларнинг шахсини очиқлашни талаб қилди, таҳририят ОАВ тўғрисидаги қонунга асосланиб бу талабни бажармади.

Россиянинг «ОАВ тўғрисида»ги қонунига кўра, таҳририят ахборот манбаси ҳақида сир сақлаши шарт ва суд талаб қилган ҳоллардан бошқа ҳолатларда маълумот берган шахснинг исмини ошкор қилишга ҳаққи йўқ. 

Жамоат ташкилотларининг реакцияси
Россия журналистлар иттифоқи «Коммерсантъ» газетаси ходимларининг ишдан бўшатилиши юзасидан ташвишда эканлигини ва журналистларга юридик ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш «Коммерсантъ» нашриёт уйи эгаларидан «қонунни ёдда тутиш»ни ва нашрнинг таҳририят сиёсатига аралашмасликни талаб қилди.

Мавзуга оид