18:34 / 23.05.2019
16621

Олий суд: Навоий вилоят маъмурий суди раиси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Фото: Олий суд

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошевга оид иш юзасидан ахборот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг шу йил 20 май куни бўлиб ўтган мажлисида Навоий вилоят маъмурий суди раиси О.Тошевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисидаги тақдимнома маъқулланган.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, Отабек Тошев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддасида (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.
 
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 63-моддасига мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида Отабек Тошев Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича судида техник ходим сифатида фаолият кўрсатадиган Дилшод Норовни кўпчиликнинг кўз ўнгида ерга ётқизиб тепкилагани, жабрланувчи шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Top