03:29 / 23.05.2019
4994

Телекоммуникация инфратузилмалари билан таъминланмаган бинолар ва иншоотларни қуриш ҳамда фойдаланишга қабул қилишга йўл қўйилмайди

Фото: Pixabay

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида, туристик ва рекреацион ҳудудларда, магистрал автомобиль ва темир йўллари бўйида телекоммуникация инфратузилмасини, шунингдек, Интернет тармоғига симсиз кенг полосали уланиш тармоқларини ривожлантириш суръатлари етарли эмаслиги таъкидлаб ўтилган.

Телекоммуникация тармоқларини жадал ривожлантиришга салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, электрон давлат хизматларининг оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши учун зарур инфратузилмани яратиш мақсадида белгилаб қўйилмоқдаки:

  • телекоммуникация тармоқлари, қурилмалари, воситалари ва объектлари, операторлар ва провайдерларнинг мобил алоқа базавий станциялари, шу жумладан, ижарага берувчиларнинг ҳудудларида ижара асосида ўрнатилган станциялар (телекоммуникация объектлари) мулкчилик шаклидан қатъи назар, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари ҳисобланади;
  • муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари, шу жумладан, кабель канализацияси, паст токли кабель шахталари, телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмалар билан таъминланмаган жамоат, саноат, турар жой, маъмурий бинолар ва иншоотларни қуриш ҳамда фойдаланишга қабул қилишга йўл қўйилмайди, лойиҳа-смета ҳужжатлари 2019 йил 1 июлгача тасдиқланган бинолар ва иншоотлар бундан мустасно;
  • телекоммуникация объектларини кўчириш, қайта ўрнатиш, шунингдек, уларнинг фаолиятига учинчи шахслар томонидан ҳар қандай аралашиш юзага келган муаммоларни ҳал этишнинг бошқа имкониятлари мавжуд бўлмаган ҳоллардагина ҳамда фақат мазкур объектларнинг эгаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бунда телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг телекоммуникация объектларини кўчириш ёки қайта ўрнатиш, уларни созлаш ишларини амалга ошириш бўйича харажатлари мазкур ўзгаришларнинг ташаббускори томонидан тўлиқ ҳажмда қопланади;
  • бинода яшовчилардан телекоммуникация хизматларини тақдим этишга ариза мавжуд бўлганда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари телекоммуникация операторлари ва провайдерларига бино ичида телекоммуникация тармоқларини паст токли кабель шахталари, телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмадан беғараз асосда фойдаланган ҳолда ўтказишни рад этишга ёки тўсқинлик қилишга ҳақли эмаслар, мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш бундан мустасно.
Top