09:20 / 28.05.2019
14221

Ўзбошимчалик билан ковланган йўллар учун энди оддий фуқаролар ҳам жаримага тортилиши мумкин

Фото: Мирослав Ротарь

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Жиззах вилоятидаги ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Акмал Умаралиев.

Парламент қуйи палатаси депутатларининг ҳудудларда аҳоли билан бевосита мулоқотлари жараёнида энг кўп кўтарилган масалалардан бири бу ички автомобиль йўллари носозлиги, таъмирталаблиги, жойларда фуқаролар томонидан ички автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уни қайта тикламасдан бузиш масалалари кўтарилган.

Яқинда парламент қуйи палатасида ўтказилган “Ҳукумат соати”да Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбарининг “Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари ҳамда шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари мавжуд тармоқларининг бугунги ҳолати, уларни яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала юзасидан ахбороти эшитилгани ҳам муаммонинг нақадар долзарблигини кўрсатади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Шундан келиб чиқиб, қўмита томонидан қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, мутахассислар ҳамда экспертлар иштирокида муҳокама ташкил қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг ваколатларини белгилаш, йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик коммуникацияси тармоқларини қуриш ва таъмирлашда шаҳар кўчалари, бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш бўйича ишларни назорат қилиш функциялари, ишлар сифатини бузганлик ва ишларни тегишли рухсатларсиз бажарганлик учун маъмурий жавобгарлик қўллаш тартибларини белгилашдан иборатдир.

“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган норма талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 147- ва 245-моддаларига тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, ишлар олиб бориш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик ҳамда сақлаш қоидаларини бузганлик учун нафақат мансабдор шахсларга, балки фуқароларга ҳам жарима солиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида дунёнинг бир қатор давлатлари йўл хўжалигини бошқариш тизими тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганилди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, келажакда автомобиль йўлларининг сифати ва самарадорлигини янада ошириш, уларни лойиҳалаштиришда илмий ёндашувларни амалиётга изчил жорий этиш пировардида халқаро стандартлар даражасидаги транспорт инфратузилмасини шакллантиришда, соҳага ёндашувни тубдан ўзгартиришда муҳим аҳамият касб этади, деб ёзади депутат.

Top