15:15 / 31.05.2019
5553

Шавкат Мирзиёев АҚШ, Грузия ва Жанубий Корея элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни Грузия, Америка Қўшма Штатлари ва Корея Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Зураб Абдушелишвили, Дэниел Розенблюм ва Кан Чжэ Квондан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари элчиларни мамлакатдаги дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилади.

Кейинги йилларда мамлакат хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари, Америка, Евросиё ва Африканинг етакчи мамлакатлари билан муносабатлар мустаҳкамланиб, амалий ҳамкорлик тобора фаоллашаётгани бундан далолат беради.

Бундан ташқари, "йўл хариталари" асосида нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар билан узоқ муддатли шериклик алоқалари кенгаймоқда.

Президент ўз нутқида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболларига тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги, аввало сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда парламентлараро алоқалар ҳам фаоллашди.

Грузия билан товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида кооперацияни кучайтиришга қаратилган аниқ лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг дўстлик ва ҳар томонлама ҳамкорлик руҳидаги икки томонлама муносабатларида юксак даражага эришилганини юқори баҳолади.

Ўтган йил май ойида АҚШга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташриф мамлакатларимиз стратегик шериклигида янги босқични бошлаб берди.

Бугун барча даражалардаги мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани кузатилмоқда. АҚШ савдо вазири Уилбур Росс, конгрессменлар Трент Келли ва Висенте Гонсалес, Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант ва бошқалар бошчилигидаги юқори даражадаги делегацияларнинг мамлакатга ташрифлари самарали бўлди.

Американинг етакчи компания ва банклари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича конструктив мулоқот амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари Корея Республикаси билан муносабатларда алоҳида стратегик шерикликка эришилганини катта мамнуният билан қайд этди.

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг ўтган ойда Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янада юксак босқичга олиб чиқиб, уларни янги амалий мазмун билан бойитди.

Мамлакат Корея Республикаси раҳбариятининг Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги изчил сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.

Эришилган келишувларни амалга ошириш, инновация ва инвестициялар, транспорт ва коммуникациялар, инфратузилмани модернизация қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ва лойиҳаларни ўз вақтида тайёрлаш ва сифатли рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент янги тайинланган элчилар фаол дипломатик фаолияти билан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар, шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди. 

Ўз навбатида, фавқулодда ва мухтор элчилар давлат раҳбарига самимий қабул учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, мамлакатлар ва халқлар фаровонлиги йўлида самарали давлатлараро муносабатларни изчил ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.

Top