14:25 / 01.06.2019
11396
Реклама

"Алоқабанк" Ўзбекистон асаларичилар уюшмасининг биносини тўлиқ капитал таъмирдан чиқарди

Фото: Алоқабанк

АТ "Алоқабанк"нинг молиявий кўмагида Ўзбекистон асаларичилар уюшмасининг биноси тўлиқ капитал таъмирланиб, қурилиш ишлари якунланди.

Ўзбекистон асаларичилар уюшмасининг капитал реконструкция қилинган биносида республиканинг барча ҳудудий уюшмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи уюшма маъмурияти, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келтирилган турли ассортиментга эга бўлган асал ва асаларичилик маҳсулотларига эга “Асал олами” савдо маркази, асаларичиликка ихтисослашган ветеринар аптека, асаларичилик ускуналар ва замонавий технологик линияларни лизинг асосида етказиб берувчи «ALOQALIZING» МЧЖ, асалари маҳсулотлари ва асалариларни чақтириш билан даволашга ихтисослашган “Апитерапия” медицина маркази, асал сифатини аниқловчи лаборатория маркази ташкил этилди.

АТ “Алоқабанк" ва Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси таъсисчилигида субъектларга асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар, ускуналар, жиҳозлар, шунингдек, асални қадоқлаш бўйича замонавий технологик линияларни лизингга беришдан иборат бўлган «ALOQALIZING» МЧЖ лизинг компанияси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасида асалариларни кўчириш ва жойлаштириш  тартиби ишлаб чиқилди. Мазкур тартибга мувофиқ асал йиғиш даврида талабномага кўра, уюшмага аъзо бўлган асаларичилик  субъектларига ўрмон фонди ерлари, қўриқланадиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, муҳофаза қилинадиган ҳудудлар бундан мустасно), тоғли ва тоғ олди ҳудудларидан, табиий яйловлардан, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалиги ерларидан бепул фойдаланиш имконияти берилди.

Асални қалбакилаштирганлик учун жазо чоралари қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий процессуал Кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Шунингдек, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда амалга ошириш учун лойиҳа тайёрланди. Бу лойиҳага мувофиқ, Ўзбекистонда асаларичилик бўйича мутаҳассислар ва илмий ходимларни тайёрлаш учун 350 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағларни жалб қилиш ишлари олиб борилмокда.

Украинадан “Карпат” зотли ва Германиядан “Карника” зотли 2500 дан ортиқ она арилар келтирилди. Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ташкил қилинган вақтдан буён Ўзбекистондан асал экспорт қилиш бир неча бараварга ошди, асалари пакетларини экспорт қилиш 1,5 баробарга кўпайди ва уларнинг сони 207 минг донага етди, умумий валюта тушумлари бир ярим мартага ошди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар билан чанглатиш ҳисобига қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот олинмоқда. Фақатгина асалариларни боғ ва далаларда тўғри жойлаштириш ва ташкилий чора-тадбирлар амалга ошириш ҳисобига ушбу кўрсаткични 4,0 триллион сўмга етказиш мумкин.

Аҳоли орасида асалари маҳсулотлари истеъмол қилишни тарғиб қилиш,  уларнинг инсон саломатлигига таъсири, Ўзбекистоннинг барча асаларичиларини бирлаштириш, интенсив технологияларни жорий этиш ва тажриба алмашиниш, асаларичиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорда белгиланган вазифаларни бажариш самарадорлигини ошириш, асаларичилик субъектларининг фаолиятини қўллаб қувватлаш ва мувофиқлаштириш, асаларичиларнинг муаммоларини муҳокама қилиш ва уларнинг ечимини аниқлаш мақсадида 2017-2018 йилларда “Асал байрами” ўтказилди. Унинг ташаббускорлари АТ “Алоқабанк”  ва Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ҳисобланади.

Асаларичилик соҳасида ҳар йили 15% ўсиш суръатлари сақланиб қолмоқда. Ҳозирги кунда 14 мингдан ортиқ асаларичилик субъектлари фаолият олиб бориб, 870 мингдан ортиқ асалари оилаларини боқиб келмоқдалар. 2019 йил давомида республикамизда асал етиштириш ҳажмларини 19 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Энг асосийси – асаларичилар давлат томонидан соҳани реал қўллаб-қувватланаётганини ҳис қилишмоқда. Давлат асалариларни нафақат асал етиштирувчи сифатида, балки асалариларни қишлоқ хўжалиги экинларини асосий чанглатувчиси ва боғ ҳамда далаларнинг ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириб берувчиси сифатида қарамоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top