Рақамлаштириш вазирлиги ва Алоқабанкнинг Тошкент марказидаги бинолари Алоқабанкдан олинган кредитга ҳисобига сотиб олиниши билан боғлиқ хусусийлаштириш жараёни бекор қилинган. Бу ҳақда Kun.uz мухбирининг саволига жавобан 4 май куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди.
“Бу нарса бекор бўлди. Кредит ажратилиши ҳам, [бинонинг] сотилиши ҳам бекор қилинди”, – деди у.
Нурмуродов бу ҳолат ҳақида хабар берган журналистларга миннатдорчилик билдирди.
Ҳозирга қадар бу шубҳали кейс бўйича ҳуқуқ органларидан ҳеч қандай муносабат бўлмади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 4 апрел куни E-auksion савдо платформасида Тошкент шаҳри Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 4-уй манзилида (Амир Темур хиёбони олдида) жойлашган Рақамли технологиялар вазирлиги ва Алоқабанк биноларини сотиш бўйича савдолар якунланган эди. Ҳар иккала давлат активи битта компанияга сотилганди.
Алоқабанк бош офиси биноси 10 дақиқа 44 сонияда 317,14 млрд сўмга сотилган, бу – лотнинг бошланғич баҳосидан (302 млрд сўм) 5 фоизга кўп. Ғолиб бўлган таклиф “Black Gold Industry News” томонидан билдирилган.
Орадан 9 сония ўтиб, ушбу компания Рақамлаштириш вазирлиги биносини сотиб олиш учун ўтказилган иккинчи кимошди савдосида ҳам ғолиб чиқади. Бу кўрсаткич ҳам дастлабкисидан 5 фоизга ошиб, 69,85 млрд сўмни ташкил этган. Мазкур лот 66,5 млрд сўмлик бошланғич нарх билан аукционга чиқарилганди.
Эътиборлиси, 3 апрел куни – кимошди савдосидан бир кун аввал Алоқабанк ушбу компанияга 15 йил муддатга, 14 фоиз ставкада 390 млрд сўм кредит ажратган. 390 млрд сўм – банк активларининг 20,4 фоизини ташкил этади.
390 млрд сўм кредит олган компанияга иккита бино хариди 387 млрд сўмга тушган. Компанияга ажратилган кредит ставкаси – 14 фоиз бозор нархидан анча арзон. Марказий банк маълумотларига кўра, феврал ойида тадбиркорлик субъектларига берилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 21,9 фоизни ташкил қилган.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, харидор “Black Gold Industry News” МЧЖ 2022 йил 31 январда Самарқанд шаҳрида рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 8 млн сўм. Фаолият йўналиши – тоғ-кон саноати соҳаси билан боғлиқ. Компаниянинг ягона таъсисчиси ва раҳбари сифатида Жалолов Зиёдулла Илёсиддин ўғли кўрсатилган.







