18:55 / 01.06.2019
20301

«Элдор шапкалари», «Машъал»дан миннатдор экани ва Чемпионлар Лигаси финали ҳақида Элдор Шомуродов билан суҳбат

Ўзбекистон миллий жамоаси Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказмоқда. Туркия билан ўртоқлик ўйинига тайёрланаётган миллий жамоа айни дамда «The Sense De Luxe» меҳмонхонасида жойлашган. Tribuna.uz мухбири фурсатдан фойдаланиб миллий жамоа ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан суҳбат уюштирди.

– Элдор, аввало Туркияга қарши ўртоқлик ўйини ҳақида фикр билдирсангиз.

– Бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Туркия Европада ҳам ўз номига эга жамоа эканини биламиз, аммо бу ерга ғалаба учун келганмиз. Миллий жамоа либосини кийганидан сўнг инсон бутунлай бошқача даражада ўйнай бошлайди. Шу боис бу ерда ҳамма футболчи ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Елкада бутун мамлакатнинг масъулияти туради.

– «Краснодар»га қарши ўйинда махсус шапкада майдонга тушиб, гол урдингиз. Кейинчалик улар «Элдор шапкалари» деб атала бошланди ва «Ростов» дўконларида сотилмоқда. Ўша шапка билан боғлиқ вазиятни қандай эслайсиз?

– Ўша гол урилган вазиятдан олдин «Краснодар» футболчиси билан тўқнашиб кетдим. Мартинович эди адашмасам. Бошим ёрилгани сабаб докторлар қонни тўхтатиш учун ўша шапкани кийгизиб қўйишди. Бошни ўрашга кўп вакт кетиши учун шундай қилишди. Кейин шапкада ўйнадим ва у билан гол урдим (кулади). Гол урилганда Ерёменконинг тўп узатиши ҳам ажойиб чиқди. У юқори даражадаги футболчи ва шу боис узатма ҳам зўр чиқди.

– «Ростов»даги шерикларингиз билан муносабатингиз қандай?

Ҳамма билан яхши чиқишаман. Жамоада ички муҳит яхши. Футболчилар билан дўстмиз.

– Россия чемпионатига боришдан аввал уни қандай тасаввур қилгандингиз? Россия Премьер-Лигаси кутганингиздек бўлиб чиқдими?

– Россияда кучга асосланган футбол бўлишини тасаввур қилгандим ва шундайлигига амин бўляпман. Жамоалар бир-бирига зич ўйнашга ҳаракат қилишади. Шу боис 1:0, 0:0 каби ҳисоблар кўп бўлади. Бошида Россия чемпионатига ўрганиб кетишим қийин бўлди, лекин ҳозир ҳаммаси жойида.

– Баъзан футболчининг фаолиятидаги бир лаҳза кўп нарсани ўзгартириб юборади. Масалан 2011 йилги Осиё Кубоги очилиш ўйинида Одил Аҳмедов Қатар дарвозасига супер гол ургач, фаолияти яхши томонга ўзгариб кетгани ҳақида айтганди. Сизнинг фаолиятингиздаги энг муҳим лаҳза сифатида Уммонга қарши ўйиндаги голни айтиш мумкинми? Ўша ўйинда захирадан майдонга тушиб, чиройли рейд амалга оширган ва ғалаба голини ургандингиз. Айнан ўша голдан сўнг ўйинингиз янада очилиб кетди.

– Бу гол фаолиятимдаги энг муҳими бўлмаслиги мумкин, лекин у чиндан ҳам ўзимга бўлган ишонч ортишига сабаб бўлди. Осиё Кубогидан сўнг «Ростов»да ҳам олдингидан яхшироқ ўйнай бошладим.

– Кўпчилик Осиё Кубогидаги энг чиройли голингиз деб Японияга қарши ўйиндаги голни эътироф этади. Ўша голни қандай эслайсиз? Сизнинг кўзингиз билан қараганда бу гол қандай содир бўлганди?

– Достон менга тўпни узатганидан сўнг олдинга қараб юрдим. Қарасам, олдинда биздан ҳеч ким йўқ ва мен вазиятни ўзим якунлашим кераклигини англадим. Қарор қабул қилганимдан кейин қолгани интуицияга кўра содир бўлди. Бу ўйин ҳолати эди ва ҳужумчи уни гол билан якунлаши керак.

– «Машъал» академиясидан футболга кириб келгансиз. Ўша дамларни қандай хотирлайсиз? Умуман, «Машъал» академиясидан кўп футболчилар чиққан. Бу жамоанинг ёшларни яхши тарбиялаб, уларни миллий жамоа даражасига кўтаришдаги ютуғи нимада?

– Биз шуғулланган вақтимизда «Машъал» академияси Ўзбекистондаги энг яхшиси эди. У ерда шароитлар зўр эди. Академиянинг ютуғи селекцияда бўлган деб ўйлайман. Улар бутун Ўзбекистондан яхши болаларни йиғиб олишарди. Афсуски, ўйлашимча ҳозир у ерда шароитлар аввалгидек эмас. Лекин олдинги даражасига қайтса, «Машъал» академияси ўзбек футболига кўп нарса беради.

– Яқинда Александр Хомяков «Машъал»дан кетди. У қандай мураббий эди?

– Хомяков қаттиққўл мураббий эди. Мен айнан унинг вақтида Олий Лигада дебют қилганман. Бугунги даражага чиққанимда унинг ҳиссаси бор.

– «Бунёдкор»га келишингиз фаолиятингизда қандай ўзгаришлар олиб келди?

– Ўша вақтда «Бунёдкор»да ёш футболчилар йиғилганди. Лушчан таклиф қилганида кўп ҳам ўйламай розилик берганман. Унинг қандай мураббий эканини ёшлар терма жамоасидан билардим. Лушчан ёш футболчиларнинг ўзига бўлган ишончини орттира оладиган яхши мураббий. «Бунёдкор»даги фаолиятим яхши ўтган дея оламан. Айнан ўша вақтда миллий жамоадан чақирув олганман.

– Бугун Чемпионлар Лигасида финал ўйини бўлади. Ҳал қилувчи ўйинда ким ғалаба қозонади деб ўйлайсиз?

– «Ливерпуль» кучлироқ ва улар ғалаба қозонишса керак. Клопп ҳозир дунёнинг энг зўр мураббийи. «Ливерпуль» ҳам ўз навбатида ҳозир дунёнинг энг яхши клуби деб ўйлайман. «Тоттенҳэм» финалга кутилмаганда чиқди, кўпчилик «Аякс» чиқади деб ўйлаганди.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди.

Top