Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Арсенал» ва «Ливерпул»да қора кун, Шомуродов «Интер»га гол урди. Европада кун ўйинлари
Германияда «Бавария» тахтдан туширилди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.
Англия: Клопп ва Артета совринни Гвардиолага топширмоқда
«Ливерпул» – «Кристал Пэлас» 0:1
Гол: 0:1 – 14 Эзе.
«Ливерпул» – Алиссон, Брэдли (Александер-Арнолд, 48), ван Дейк, Конате, Робертсон, Эндо (Собослаи, 46), Мак Аллистер, Жонс (Эллиотт, 82), Салах, Диас (Диогу Жота, 66), Нунес (Гакпо, 66).
«Кристал» Пэлас – Ҳендерсон, Мунос, Клайн (Уорд, 77), Андерсен, Лерма, Митчелл, Ҳюз (Ридевалд, 77), Уортон, Эзе (Шлупп, 77), Олисе (Айю, 68), Матета (Эдуар, 90).
Огоҳлантиришлар: Жонс (71), Лерма (90+7).
Бутун мавсум давомида оқсоқланган «МЮ» билан ўйинда дуранг. Кейин Европа Лигаси чоракфиналида — «Аталанта»дан ўз майдонида 0:3 ҳисобидаги мағлубият... «Ливерпул» учун даҳшатли туш «Кристал Пэлас» билан ўйинда ҳам давом этди. Ҳисобни очган Эзега бир неча масофадан дарвозани ўққа тутишига ҳеч ким халақит бермади ва тузалиб сафга қайтган Алиссон ўйин бошидаёқ гол ўтказиб юборди. Кейин эса майдон марказида тойиб кетган ван Дейк Матета дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб боришига сабабчи бўлди, қизилларни иккинчи голдан тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолган Робертсон қутқарди.

Табиийки, мезбонлар вазиятни ўнглаш учун олдинга ташланишди, аммо тўп бўш дарвозага ҳам киришни истамади. Эндонинг яқин масофадан йўллаган зарбаси тўсинга тегди, лондонликлар посбони Ҳендерсон бир қанча вазиятларда қаҳрамонлик кўрсатди. Унинг ажойиб сейвларидан бири иккинчи бўлим бошига тўғри келди, Нунес бир неча метр масофадан туриб уни доғда қолдира олмади.

Уругвайлик ҳужумчи бу мавсумда 25 та яққол голли вазиятни йўққа чиқариб, бу борада чемпионатда Ҳоланддан кейинги иккинчи ўринда бормоқда. Иккинчи бўлим бошида мезбонларда яна бир жиддий муаммо юзага келди, мавсум кашфиётларидан бири бўлган Брэдли жароҳат олиб майдонни тарк этди. Иккинчи бўлим давомида Клопп захирадаги барча ҳужумкор футболчиларини майдонга ташлади. Собослои танаффусдаёқ таянч яримҳимоячиси Эндонинг ўрнини эгаллаганди, Гакпо ва жароҳатдан тузалиб сафга қайтган Диогу Жота ҳам ўйинни қутқариш учун туширилди. Лекин ҳеч қандай чора ёрдам бермади, португалиялик ҳужумчининг яқин масофадан йўлллаган зарбасини мерсисайдликларнинг собиқ футболчиси Клайн қайтарди.

Шу билан бирга, бунинг барчасини омадсизликка йўйиб бўлмайди. Бунда «Кристал Пэлас»нинг ҳам хизмати бор, жамоа ҳисобни очганидан кейин фақат ҳимояда ўтирмади — танаффусга қадар жамоа «Энфилд» меҳмонлари учун рекорд даражадаги 1,25 xG (мезбонларда 0,9) кўрсаткичини қайд этди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида эса Алиссоннинг ақл бовар қилмас сейви «Ливерпул»ни ўйинда қолдирди, у Матетанинг дарвозабон ҳудудидан йўллаган зарбасини қайтариб қолди. Аммо майдондаги футболчилар ўз вазифасини бажара олмади ва Жонснинг дарвозабон билан яккама-якка вазиятда йўллаган зарбаси дарвоза соҳасига ҳам аниқ бормади.

Салоҳ эса бир ярим метрдан гол ура олмади.
Қизиллар мавсумнинг муҳим ўйинида ютқазди ва АПЛ доирасида 2022 йил октябридан буён ўз уйида мағлуб бўлди. Ўшанда «Энфилд»да мавсум якунида лигани тарк этган «Лидс» ғалаба қозонганди, мезбонлар шундан кейин 28 ўйин мобайнида ютқазмаганди (+22=6). Юрген Клопп жамоаси бу суръатда мавсумни совринсиз якунлайдиган кўринмоқда.
«Арсенал» – «Астон Вилла» 0:2
Голлар: 0:1 – 84 Бэйли, 0:2 – 87 Уоткинс.
«Арсенал» – Райя, Уайт (Томиясу, 67), Габриэл, Салиба, Зинченко (Нкетиа, 87), Эдегор (Смит-Роу, 79), Райс, Ҳавертц, Троссар (Мартинелли, 67), Сака, Габриэл Жезус (Жоржино, 79).
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса, Диего Карлос, Пау Торрес, Дин, Макгинн, Тилеманс, Заниоло (Морено, 80), Диаби (Бэйли, 61), Роджерс, Уоткинс.
Огоҳлантиришлар: Роджерс (14), Уайт (36), Габриэл (45), Ҳавертц (63).
«Арсенал» «Ливерпул»нинг сенсацион мағлубиятидан фойдаланиб, биринчи ўринга чиқиб олиш имкониятига эга эди. Бунинг учун Лондонда собиқ бош мураббийи Унаи Эмери бошқарувидаги «Астон Вилла»ни мағлуб этиш талаб этиларди.
Дастлабки 20 дақиқаликда «Арсенал» меҳмонларни жарима майдонига қамаб қўйди. Аммо мезбонларнинг зарбалари дарвоза тўрига фақат ташқи томондан тегди. Эдегор ўз одатига кўра марказий ва қанот ҳимоячилари орасидан ўтказиб узатмалар амалга оширди ва шерикларини қулай вазиятларга чиқарди.
Умуман олганда, «Арсенал» танаффусга қадар кўпроқ вазиятлар яратди, аммо голга «Вилла» яқинроқ эди. 39-дақиқада Габриэл оддий вазиятда тўпни узоқлаштиришга уриниб уни Зинченконинг орқасига теккизди. Натижада тўпга эга чиққан Уоткинсда қулай вазият юзага келди. Англия чемпионатининг иккинчи энг яхши тўпурарининг зарбаси эса устунга ички томондан тегди, аммо дарвозага кирмай қолди. Бу вазиятда Райяда тўпга етиш имконияти йўқ эди ва у газонда ётган ҳолда зарба траекториясини кузатиб турди.

Танаффусдан кейин ҳам «Арсенал» кўпроқ ҳужум қилди, аммо «Вилла» яна голга яқинроқ бўлди. Иккинчи бўлим бошида Зинченкодан тўпни олиб қўйган Тилеманс йўллаган зарба аввалига тўсинга, кейин устунга тегди. Умуман, «Вилла» иккинчи бўлимда яхшироқ кўринди ва ўз дарвозаси атрофидан паслар билан ҳужумга ўтишдан чўчимади, якунда ўз мақсадига эришди ҳам.
Топ-5 лигаларнинг энг яхши жамоаси (йўл қўйилган xG вазиятлар бўйича) ўйиннинг охирги қисмида голлар ўтказиб юборди. Аввалига Зинченконинг қанотида ёлғиз қолган Леон Бэйли осонлик билан ҳисобни очди, кейин эса Уоткинс қарши ҳужумни «парашют» зарба билан якунлаб, АПЛнинг бу мавсумидаги голлари сонини 19 тага етказди. Мезбон фанатлар асосий вақт тугашини кутмасданоқ трибуналарни тарк этишга киришди.
«Арсенал» ва «Ливерпул»нинг бир кундаги мағлубиятларидан кейин турнир жадвалининг юқори қисмидаги вазият кескин ўзгарди.

«Сити» учинчи ўриндан биринчи ўринга кўтарилди ва барчаси жамоанинг ўз қўлида. Таъқибчилар қолган олти турда икки очколик фарқни йўққа чиқариши мумкин, аммо ўтган мавсумда бунинг имкони бўлмаганди. Ўшанда ҳам «Арсенал» апрел ойи ўрталарида асосий рақобатчисини олдинга ўтказиб юборганди.

Италия: Шомуродов «Интер» билан ўйинда дурангга ҳисса қўшди

«Наполи» – Фрозиноне 2:2
Голлар: 1:0 – 16 Политано, 1:1 – 50 Шеддира, 2:1 – 63 Осимҳен, 2:2 – 73 Шеддира.
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Рраҳмани, Эстигор, Мариу Руй, Лоботка, Зелински (Каюсте, 78), Замбо-Ангисса (Симеоне, 85), Политано (Распадори, 77), Кварацхелия, Осимҳен.
«Фрозиноне» – Турати, Дзортеа (Лузуарди, 90), Романиоли, Лирола, Околи, Валери, Маццителли (Желли, 90), Брешианини (Рейнер, 78), Барренечеа, Соуле (Сек, 78), Шеддира.
Огоҳлантиришлар: Рраҳмани (29), Мариу Руй (66), Околи (90+7).
Четлатиш: Мариу Руй (90+8).
Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган «Наполи» қаторасига иккинчи учрашувда ғалаба қозониши муаммо бўлмайдигандек кўринаётганди. Аммо биринчи бўлимдаги кўплаб имкониятлардан фақат битта гол урилди, танаффусдан кейин эса огоҳлик қўнғироғи чалина бошлади. Мезбонлар бахтига, Соуле биринчи бўлимда пеналтидан гол ура олмаганди, аммо иккинчи бўлимда — неаполитанликлар яна бир неча вазиятни йўққа чиқариши ортидан — шу куни «Фрозиноне» таркибидаги энг ёрқин футболчи Шеддира ҳисобни тенглаштирди.
Шундан кейин Кварацхелия тўлиқ куч билан ўйнашга киришди ва унинг зарбалари серияси Осимҳен дарвоза қаршисида турган ҳолда осонлик билан тўпни дарвозага йўналтиришига олиб келди. Аммо бу ўйинда бурилиш нуқтаси эмасди ва Шеддира қанотдан берилган узатмадан кейин яна бир гол урди. А Серияда қолиш учун курашаётган меҳмонлар ўзларига очко зарурроқ эканини кўрсатишди. Улар бир киши кўп бўлиб қолганидан кейин ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо Мерет газонда ётган ҳолида тўпни қайтаришни уддалади. «Наполи» «Аталанта»ни қувиб ўтиб, олтинчи ўринга кўтарилиш имкониятидан фойдалана олмади. Душанба куни ўйнайдиган бергамоликларда иккита захира ўйини ҳам бор.
«Сассуоло» – «Милан» 3:3
Голлар: 1:0 – 4 Пинамонти, 2:0 – 10 Лорянте, 2:1 – 20 Рафаэл Леау, 3:1 – 53 Лорянте, 3:2 – 59 Йович, 3:3 – 84 Окафор.
«Сассуоло» – Консили, Толян (Руан, 9), Феррари, Эрлич, Вити, Обианг, Болока (Рачич, 77), Торстведт (Матеус Энрике, 62), Волпато (Дефрел, 46), Лорянте (Сейде, 77), Пинамонти.
«Милан» – Спортелло, Флоренци, Киер (Габбия, 55), Тиав, Эрнандес, Лофтус-Чик (Рейндерс, 55), Адли (Окафор, 82), Муса (Жиру, 55), Рафаэл Леау, Чуквуэзе (Пулишич, 65), Йович.
Огоҳлантиришлар: Феррари (19), Руан (57), Тиав (68), Пинамонти (69).
Аутсайдер ва яққол фаворит ўртасидаги яна бир тўқнашув прогнозларга зид тарзда бошланди, Пинамонте жарима майдони марказидан йўллаган зарбага шу куни дарвозани эгаллаган Спортелло реакция қилишга ҳам улгурмади. Қора-яшиллар ҳисобни очганидан кейин ҳам «Милан»нинг кўзини очирмади ва кўп ўтмай Лорянте ҳисобдаги фарқни оширди.
«Милан» етти йилдан буён А Серияда дастлабки 10 дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юбормаганди. Лекин Стефано Пиоли жамоаси ирода кўрсата олди. Аввалига Консилининг сейви, кейин Чуквуэзе гол урган вазиятда офсайд халақит берди, аммо Рафаэл Леау ҳимоячиларни ортда қолдириб, ҳисобни қисқартиришга эришди. Танаффусдан кейин Лорянтенинг иккинчи голига тезда Йович жавоб қайтарди, Чуквуэзенинг яна бир голи офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо якунда Окафор жамоани мағлубиятдан сақлаб қолди. Агар сўнгги дақиқаларда Жирунинг зарбаси аниқроқ бўлганида натижа бошқачароқ бўларди, аммо хавфли ҳудудда қолаётган «Сассуоло» шу куни очкога ҳақли ўйнади.
«Удинезе» – «Рома» 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 23 Перейра, 1:1 – 64 Лукаку.
«Удинезе» – Окойе, Эхизибуэ (Жоау Феррейра, 70), Бийол, Перес, Кристенсен, Камара (Земура, 70), Перейра, Уолас, Пайеро, Самарджич, Лукка.
«Рома» – Свилар, Льоренте, Ндика, Ҳейсен (Карсдорп, 53), Анхелинио, Залевски, Паредес, Кристанте, Ауар (Дибала, 53), Балданци, Лукаку.
Огоҳлантиришлар: Камара (31), Бийол (58), Пайеро (66), Балданци (69).
Удинедаги ўйин «Рома» ҳимоячиси Н'Диканинг саломатлигидаги муаммо туфайли тўхтатилди. «Бўрилар» ҳужум қилаётганида ивуарлик футболчи кўкрагини ушлаб, газонга ўтириб қолди. Кейин, айрим хабарларга кўра, у ҳушини йўқотган ва трибуналар остида тиббиёт ходимлари дефибриллятор қўллашига тўғри келган. Якунда расмийлар ҳакамлар ва жамоалар вакиллари билан маслаҳатлашиб, ўйинни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилишди.
Римликлар клуби хабарига кўра, Н'Дика текширув ўтказиш учун шифохонага олиб борилган, у айни вақтда ўзига келган. Клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида у шифохона палатасида жилмайиб тушган сурат тарқатилди, унда юрак хуружи рўй бергани ҳақида ёзган Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, айни вақтда футболчининг ҳаётига хавф йўқ. Ўйин бошқа куни давом эттирилади.

«Интер» — «Каляри» 2:2
Голлар: 1:0 – 12 Тюрам, 1:1 – 64 Шомуродов, 2:1 – 74, пеналти Чалхонўғли, 2:2 – 82 Виола.
«Интер»: Зоммер, Дармиан (Думфрис, 75), Ачерби, Бастони (Бюкенен, 86), Биссек, Димарко (Карлос Аугусто, 76), Мхитарян (Фраттези, 64), Чалхонўғли, Барелла, Санчес (Арнаутович, 76), Тюрам.
«Каляри»: Скуффет, Ди Пардо (Дзаппа, 78), Мина, Хацидякос (Ветеска, 88), Оберт, Ауджелло, Янкто (Прати, 29), Макумбу, Сулемана, Лувумбу (Виола, 78), Элдор Шомуродов (Лападула, 78).
Огоҳлантиришлар: Прати (40), Мина (73).
Сюрпризлар куни Миланда ҳам давом этди, ҳолбуки «Интер» бу ўйинда навбатдаги ғалабасини расмийлаштириши кутилганди. Лаутаро Мартинес ўйин қайдномасига ҳам киритилмаганди, аммо унинг ўрнига Тюрам гол урди, франциялик футболчи жорий мавсумдаги голлари сонини 11 тага етказди, унда яна 7 та ассист ҳам бор. Аммо «Каляри» таслим бўлмади. Иккинчи бўлимда ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов Лувумбо ташлаб берган тўпни бир тегинишда дарвозага йўллади.
Кейинроқ Хоқон Чалхонўғли жарима майдони ичида қўл билан ўйналиши учун белгиланган пеналтини аниқ ижро этди, унинг голига эса захирадан майдонга тушганига тўрт дақиқа бўлган Виола жавоб қайтарди. Ушбу футболчи қўшимча дақиқаларда Лападуланинг узатмасидан кейин жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқиши ҳам мумкин эди, аммо тўпни тўғри Зоммернинг қўлига йўллади. Лекин бу дуранг нерадзурриларни ранжитгани даргумон. «Милан» ҳафта ўртасида Европа Лигасида ўйнайди, еврокубоклардан чиқиб кетган Симоне Индзаги жамоасида эса дербига тайёрланиш учун бир ҳафта вақт бор, жамоа ашаддий рақибга қарши ўйинда скудеттони қўлга киритиши мумкин.

Германия: орзудаги байрам

«Байер» – «Вердер» 5:0
Голлар: 1:0 – 25, пеналти Бонифасе, 2:0 – 60 Чака, 3:0 – 68 Виртц, 4:0 – 83 Виртц, 5:0 – 90 Виртц.
«Байер» – Градецки, Та, Тапсоба, Коссуну, Инкапиэ (Грималдо, 77), Телла (Фримпонг, 62), Чака (Паласиос, 77), Ҳофманн, Андрих, Адли (Виртц, 46), Бонифасе (Шик, 62).
«Вердер» – Цеттерер, Вайзер, Велкович, Малатини, Гросс, Агу (Деман, 69), Битенкур (Ҳансен-Ороэн, 77), Линен, Шмид, Дукш, Волтемаде (Ковнацки, 69).
Огоҳлантиришлар: Адли (31), Битенкур (47), Инкапиэ (47).
Олтин учун ўйинлар одатда у қадар томошабоп бўлмайди. Бундай ўйинларда масъулият юки оғир, асаб толалари таранг тортилган бўлади ва биринчи бўлим ҳам тахминан шундай кечди. «Байер» ташаббусга эгалик қилган ва босим уюштирган бўлса-да, жамоа фақат VAR аралашуви билан белгиланган пеналтидан гол урди, бўлим охирида эса «Вердер» ҳисобни тенглаштиришига бир бахя қолди. Аммо иккинчи бўлимда Чака узоқ масофадан чиройли гол урди ва ҳақиқий концертни бошлаб берди. Шундан кейин «Байер» истаганича гол урди, мухлислар эса ҳиссиётларини базўр тийиб туришди. Улар тўртинчи голдан кейиноқ биринчи марта майдонга чопиб кетишди.
Вирц якунда ҳет-трикни расмийлаштирди, бу вақтда стадион кўп сонли мушаклар тутуни билан қопланганди. Мухлислар ҳакамнинг ўйин якунлангани тўғрисидаги ҳуштаги чалинишини кутиб ўтирмасдан иккинчи бор майдонга югуришди. Арбитр эса уларнинг байрамини бузишни истамади ва ўйин якунланганига ишора берди. Фанатларни ушлаб туриш ва уларни трибуналарга қайтариш имконсиз эди. «Байер» тарихий чемпионликни нишонламоқда, аммо улар ҳали тўхтамоқчи эмас — олдинда Европа Лигаси ва Германия Кубоги финали бор.

Кун статистикаси
- Станишич Германияда турли клубларда қаторасига икки мавсумда чемпион бўлган 2-футболчи бўлди, «Байер» ушбу ҳимоячини «Бавария»дан ижарага олган. Ўтган сафар бу ҳолат Аугусту Стареку билан рўй берган. У «Нюрнберг» (1968) ва «Бавария» (1969) сафида чемпион бўлган.
- «Вест Ҳэм» йил бошидан буён 10 ўйинда рақиб биринчи бўлиб гол уришига имкон берди. Бу АПЛда «Лутон» биргаликдаги энг ёмон кўрсаткич.
- «Байер» Германия чемпионатида ғолиб бўлган 13-жамоага айланди.
- «Фенербаҳче» ҳисобда ортда борган ўйинларида вазиятни ўзгартириш орқали 16 очко жамғарган. Бу Европадаги энг яхши кўрсаткич, истанбулликлар жамоасининг натижаси «Наполи»никидан икки очкога яхшироқ.
- Мағлубиятсиз 29 тур — бундеслиганинг янги рекорди. «Байер» «Бавария»нинг Хосеп Гвардиола бошқаруви давридаги (2013/14) натижасини такрорлади.
Мавзуга оид
13:44 / 17.06.2026
Колумбия ва Португалияга қарши эҳтиёткорлик билан ўйнаймиз – Каннаваро
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
00:04 / 31.05.2026