11:10 / 02.06.2019
27610

Жиззахдаги 100 миллион долларлик инвестиция можароси: Лойиҳа амалга ошишига нималар тўсиқ бўлмоқда?

Жиззах шаҳридаги 35 гектар майдонни эгаллаган Ўрда боғига 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, уни жаҳоннинг энг яхши боғларидан қолишмайдиган мажмуага айлантириш кўзда тутилган эди. Чунки, президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Жиззах вилоятига ташриф буюрганида бу боғни замонавий масканга айлантириш бўйича аниқ топшириқлар берган. Мазкур боғга инвестиция киритиш масаласидан Чехиянинг Ўзбекистондаги элчиси Яраслав Сиро ҳам хабардор. Шунча эътибор бўлгани ҳолда, лойиҳа салкам бир йилдан бери «туя гўшти еяпти». Нега?!

Бир қараганда ҳаммаси жуда оддий: Президентнинг 2018 йил 30-31 март кунлари Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Дўстлик туманида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси, Маданият вазири, Жиззах вилояти ҳокими билан биргаликда бир ой муддатда Жиззах шаҳридаги «Ўрда» экологик маданият ва истироҳат боғини миллий анъаналар ва илғор хорижий тажриба асосида реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳасини тайёрлаш ва киритиш бўйича тегишли вазифа ва топшириқлар берилган.

Худди шу мақсадда Жиззахдаги «Luxe Shedevr Garden» МЧЖ раҳбари Элёр Зокиров ташаббускор сифатида чехиялик инвесторлар билан музокара ўтказиб, Ўрда боғини Европа стандарти асосида миллийлик билан уйғунлашган ҳолда энг чиройли боғлардан бирига айлантиришни ният қилади.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев имзоси билан вилоят ҳокимлигига хат юборилиб, ёш тадбиркор «Luxe Shedevr Garden» МЧЖ раҳбари Элёр Зокировга расман ишонч билдирилади ва қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритишда амалий ёрдам сўралади.

Президент топшириғи асосида юқоридаги истироҳат боғи барпо этиш билан бирга 150 кишилик иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Энг муҳими, Чехия Республикасининг «AO I.K.S group A.S» компанияси бу лойиҳа учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқчи.

Шу тахлит вилоят ҳокимининг 2018 йил 25 майда «Жиззах шаҳрида замонавий маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 401-сонли қарори билан боғ «Luxe Shedevr Garden» МЧЖга ижарага берилади.

Ана шу қарорнинг бир нечта банди тадбиркорни қониқтирмайди.

«Одатда бундай йирик лойиҳалар учун ер 50 йилгача бўлган муддатда ижарага берилади. Чунки катта маблағ сарфлангач, уни қайтариш ҳам керак. Ҳокимлик қарори 1-бандида эса бу муддат 30 йил деб кўрсатилган. Бу эса бизга маъқул эмас. Чунки 49 йилга мўлжалланган қатор лойиҳалардан кўпчилигимиз хабардормиз. 50 йилгача бўлган муддат қонунчилигимизга ҳам тўғри келади. Оддийгина мисол: ер майдони кичкина бўлишига қарамасдан Жиззах шаҳар И.Каримов кўчасидаги «Бухоро ширин» МЧЖга тегишли бўлган болалар паркига 49 йилга қарор чиқариб берилган. Кейинги эътирозимиз эса, қарорда яна шундай банд борки, у ҳам иш бошлашга тўсиқ бўлиб турибди. Ҳужжатнинг 5-бандида «Бир йил давомида инвестор ўз мажбуриятини, яъни лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, қурилиш ва реконструкция ишларини 50 фоизгача бажармаса, ер майдони, бино ва иншоотлари қайтариб олиниши ва инвестициялар қайтарилмаслиги белгиланган», дейди тадбиркор Э.Зокиров.

Яъни, нақ 100 миллион долларлик лойиҳада кўзда тутилган қурилиш ва реконструкция ишларининг ярмини бир йилда тугатиш назарда тутилмоқда. Тадбиркор эса шундай улкан лойиҳадаги қурилиш ишларини бундай қисқа вақтда амалга ошириш имконсиз, деб ҳисоблайди.

«Қисқа вақтда ёки «байрамдан байрамгача» амалга ошириладиган бундай қурилишларни ёки сифатсиз ёки хўжакўрсингагина қилиш мумкин», дейди тадбиркор.

Нима қилиш керак? Тадбиркор ана шу шартларни бажармаса юқорида айтилганидек, инвестициялар қайтарилмайди.

Лойиҳани бугунгача ана шу икки банд тўхтатиб турибди. Шу иккита бандни ўзгартиришни сўраб тадбиркор вилоят ҳокимлигига бир неча марта илтимос қилган.

«Бир йилдан буён ушбу қарорнинг тегишли бандлари ўзгартириб берилиши тўғрисида бир неча бор амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Лекин бугунги кунгача мурожаатларимиз асоссиз ва қонунга хилоф равишда жавобсиз қолдирилмоқда», дейди у.

Хуллас, мурожаатларга жавоб кутиб салкам бир йил ўтгач, 2019 йил 10 апрелда вилоят ҳокимининг юқоридаги 401-сонли қарори Жиззах вилояти прокуратураси протести билан бекор қилинади. Нималар бўлаётганидан бехабар инвестор эса ҳалиям ўз ишини бошлаш учун тегишли қарорни кутмоқда. Ўз навбатида Жиззах вилояти ҳокимлиги тадбиркорнинг ўтган шунча вақт мобайнида бирор ишни амалга оширмаганини пеш қилиб келмоқда (Қарордаги асосий муаммо ҳал этилмасдан туриб!).

Ана шу тарзда шунча вақт давомида тадбиркор ўз ишини бошлай олмай келмоқда. Бунинг сабабини аниқлаш мақсадида ижодий жамоамиз билан Жиззах шаҳрида вилоят ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари, Жиззах шаҳар ҳокими, унинг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари ва консультантидан иборат мутасаддилар гуруҳи иштирокида суҳбат ўтказдик.

Ҳокимнинг 401-сонли қароридаги тадбиркорни норози қилган иккита банд (ижара муддатини 49 йилга ўзгартириш ва 50 фоиз қурилиш реконструкция ишларига 3 йил муддат бериш) ҳамда керакли қарорни ололмаётгани хусусида изоҳ сўрадик. Расмийлар эса яна ўша баҳонани рўкач қилишди: «ўтган вақт давомида бирор иш қилинмаган».

«Юқоридаги қарорнинг 5.1 ва 5.2-бандига асосан тадбиркор ўз маблағлари ҳисобидан ва тижорат банкининг имтиёзли кредитларини жалб қилган ҳолда икки йил давомида камида 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағини киритиш мажбурияти ўз хоҳиши ва 2018 йил 23 майдаги 13-сонли таклифига асосан юклатилган. Бироқ белгиланган ишлар амалга оширилмаган», дейди вилоят ҳокимлиги консультанти.

Мутасаддиларга яна бир бор тадбиркор қарорнинг икки бандидан норози экани, гап ана шу масала бўйича мурожаатларга ҳалигача жавоб ололмаётгани ҳақда кетаётганини яна бир бор эслатишга мажбур бўлдик ва янада ҳайратланарли жавоб олдик: «Тадбиркор бу масалада ёзма мурожаат қилган эмас!».

Тадбиркорнинг қўлида ҳокимлик ходимлари қўл қўйиб қабул қилиб олган мурожаатлари турибди. Шунча вақтдан бери иш бошлолмагани сабабини ҳам шу билан изоҳламоқда. Мутасаддилар шу жойда ҳеч иккиланмасдан, киприк ҳам қоқмасдан «ЙЎҚ, ТАДБИРКОР БИЗГА ЁЗМА МУРОЖААТ ҚИЛГАН ЭМАС», деб жавоб берганига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Тадбиркор мурожаат қилавериб, жавоб ололмагач, Жиззах вилоят прокуратурасига ҳам худди шу масала — вилоят ҳокимлиги унинг мурожаатларига жавоб бермаётгани юзасидан мурожаат қилиб, ёрдам сўраган. Тадбиркорнинг айтишича, прокуратура ҳам унинг бу хатига жавоб бермаган.

Президент Фармонида бу муаммо бўйича нима дейилган эди?

Жиззах вилоят ва шаҳри ҳокимликлари вакиллари билан давом этган ярим соатлик суҳбатимиз давомида ҳам битта саволга аниқ жавоб ололмадик: Нима сабабдан тадбиркорга йирик лойиҳа учун ер тадбиркор сўраганидек, 49 йилга эмас, 30 йилга бериляпти. Ҳокимлик буни тадбиркорнинг ўзи лойиҳасида сўраган, деган гапни ҳам айтмоқда, аммо бирорта асос йўқ. Тадбиркор эса «қандай қилиб, ўзимга қарши чиқаман», дейди. Ниҳоят ҳокимлик вакилларига Президент фармонини эслатишимизга тўғри келди.

2018 йил 1 августда «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони имзоланган. Ана шу ҳужжатнинг 4-бандида аниқ қилиб қуйидагича ёзиб қўйилган:

«2018 йил 1 октябрдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг қуйидаги янги механизмлари жорий этилсин:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага бериш».

Эътибор беринг, 50 йилгача муддатда, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатда! Тадбиркор эса бир йилдан бери ўзи истаган муддат бўйича қарор ололмай ҳалак.

Фармон юзасидан эса вилоят ҳокимлиги вакили «Сиз постановлениеларни суриб қўйсангиз ҳам бўлади. Ер кодекси Конституциядан кейинги ҳужжат, унда белгилаб қўйилган. Ер кодексининг 36-моддасида айтилганки: «Бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:  ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда, юридик шахс тугатилганда».

Қатор қонун ҳужжатлари мисол келтириляпти-ю ижара муддати яна ечим топмаяпти. Консультантнинг фикрича, унга ернинг 30 йилга берилиши ўзининг лойиҳасига асосланиб берилган. Бу лойиҳа Ер кодексига асосланиб, тегишли комиссия билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Хўп, унда қани тадбиркорнинг 30 деб кўрсатилган лойиҳаси? Агар шундай бўлса тадбиркор бир йилдан бери нимадан норози? Қани мантиқ? Наҳотки, битта қарор бўйича тадбиркорнинг бир йилдан бери қилаётган мурожаатларига ҳеч ким жавоб беришни истамайди? Таъбир жоиз бўлса, шаҳар марказидаги 35 гектарлик майдонни «йирик инвестиция киритаман», деган тадбиркорга ҳокимлик нима сабабдан беришни истамаяпти? Муаммо нимада? Ҳали тегишлича ҳужжатлаштириб бермасдан туриб, «тадбиркор ҳеч иш қилмаяпти», дейиш қайси мантиққа тўғри келади?

Шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ўзининг бир саволини мақолага қўшишимизни сўради. «Мен шаҳарга инвестиция киритилишидан манфаатдорман, белимни боғлаб хизмат қиламан агар шундай инвестор бўлса. Энди асосий саволим, қани ўша инвестор?! Қани унинг бизнес-битими, бугун ҳам кўриб чиқишга тайёрман. Ким тўғрисида гаплашаётганингизни билмаяпман. Йўқ у!»

Тадбиркорнинг қўлида эса Чехия Республикасининг «A.O.I.K.group a.s» компанияси билан 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция шартномаси бор. Шартнома ва ҳамкорлар томонидан берилган, нотариал идора томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома ҳам. Уч томонлама шартнома ҳам. Қолаверса, «Ўрда боғи» режаси чехиялик инвестор билан амалга оширилаётган илк лойиҳа ҳам эмас. Жиззахда «A.O.I.K.groupA.S» компанияси билан жами 305 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, Фориш ва Зомин туманларида тоза ичимлик суви, чиқиндиларни қайта ишлаш каби бир неча лойиҳаларни ҳам айнан ана шу инвесторлар амалга ошириши кўзда тутилган. Бу лойиҳалар билан Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси жаноб Яраслав Сиро ҳам хабардор. Жорий йилда элчининг Жиззахга ташрифи оммавий ахборот воситаларда кенг ёритилганди.

Хўп, имзоланган барча ҳужжатларни ҳокимлик кўрмай қолибди, ҳам дейлик. Агар тегишли ҳамкорлик юзасидан тегишли ҳужжатлар бўлмаса, инвестор йўқ бўлса, ёхуд лойиҳа жиддий эмас бўлса, Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги энг юқори мартабали расмий кишиси биз айтган тадбиркор «Luxe Shedevr Garden» МЧЖ раҳбари офисида нимани муҳокама қилмоқда?

Буям майли, Жиззах вилояти ҳокимлиги тадбиркор бир йилдан бери кутаётган биргина ҳужжатни имзолаб берса нима кетарди?! Ундан кейин, шартлар бажарилмаса қарорни бекор қилиш мумкин эди-ку? Қандай қилиб тадбиркор сўраган ҳужжатни бермасдан туриб, «ҳеч иш қилинмади», деган гапни қайта-қайта айтиш мумкин?

«Ўрда» боғи муаммоси Kun.uz сайтида олдин ҳам ёритилган. Муаммони омма эътиборига ҳавола этиб бугун хароб бўлиб ётган боғ бўйича ижобий ишлар бошланишига умид қилгандик. Вилоят ҳокимлиги томонидан эса тадбиркор сўраган биттагина қарорни бериш «Ўрда» боғи ўгай эмас, ўқувчини чалғитманг» сарлавҳали раддия билан кифояланди. Янаям ачинарлиси, раддияда бу сафар ҳам шу гап: «Тадбиркор нега шу вақтгача бирор иш қилмади?»

Кечирасиз-у, тадбиркор ҳали ҳам ўзи истаган, ИШЛАРНИ БОШЛАШГА ИЗН БЕРУВЧИ ҚОНУНИЙ ҚАРОР чиқишини кутиб ўтирганини жиззахлик раҳбарларга, мутасаддиларга, раддия ёзувчи журналистларга қайси тилда, қандай тушунтириш керак ўзи?!

Ана шу қарорга эга бўлиб ишни бошлаш учун бугун тадбиркор тўпламаган ҳужжат қолмаган-ку? Раддиядаги, тадбиркорнинг уч томонлама шартномаси йўқлиги ҳақдаги ёлғон маълумот ва бошқа жиҳатларга тўхталиб ўтирмадик.

Раддияда вилоят ҳокимлиги чехиялик инвестор Карел Шмак томонидан юборилган хатни илова қилган.

Хатда шундай ёзувлар бор: «Ҳақиқатан ҳам «АО I.K.S group A.S» компанияси Жиззахдаги «Luxe Shedevr Garden» МЧЖ билан «Ўрда» экологик боғи бўйича шартнома имзолаган. Бироқ бизнинг ҳамкорларимиз шартномадаги мажбуриятларини бажармагани учун биз келишувни бир томонлама бекор қилганмиз».

Ўзбекистондаги тадбиркорнинг нима сабабдан ўз мажбуриятини бажаролмаганини, бунга ким тўсқинлик қилгани бўйича ҳам ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Дарвоқе, чехиялик инвестор Карел Шмакнинг юқоридаги хатида «Бизнинг «АО I.K.S group A.S» компаниямиз айни вақтда Жиззах вилоят ҳокимлиги кўмагида вилоят ҳудудида бир қанча лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда», деган жумла ҳам бор. Демак, бу хатни бизга юборишдан олдин, «Қани инвестор, қани инвестор», деяётган ҳокимлик мутасаддиларига ҳам яхшилаб ўқитиб олиш керак, бизнингча. Бошқа бир қатор лойиҳалар ҳам шу инвестор билан амалга ошириляпти-ку?

Энг ёмони эса, бир йил давомида ҳокимликдан битта керакли қарорни ололмаган тадбиркор инвестор олдида ҳам юзи шувут бўлиб қолмоқда. Тадбиркор бўлаётган воқеаларни инвесторга қандай тушунтиришга ҳам ҳайрон. Инвестор эса лойиҳанинг чўзилиб кетганидан норози албатта.

Мақола тайёр бўлиш арафасида Жиззах шаҳар ҳокимлиги чехиялик инвестор Карел Шмак томонидан юборилган иккита хатни таҳририятга юборди. Хатда инвестор жиззахлик тадбиркор Э.Зокиров номига берилган ишончнома бекор қилингани, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай қаршиликка дуч келмагани, ҳокимликнинг 401-қарорини кўрмаганини маълум қилган. Инвестор бу каби ноаниқликлар кейинги лойиҳаларга зарари етиши мумкинлигидан хавотир билдирган ва вилоят ҳокимлигидан вазиятни яхши тарафга ўзгартиришни илтимос қилган. Иккинчи хатда ҳам юқоридаги қарорнинг бандларидан хабари йўқлигини айтаркан, инвестор яна қолган лойиҳалар тақдиридан хавотир билдиради. Вилоят ҳокимлигига миннатдорчилигини билдириб, эътирози йўқлигини қўшимча қилади.

Тадбиркор инвесторнинг ишончини йўқотмоқда. Энди ана шу икки хат юборилишидан олдин айнан Карел Шмак билан бўлиб ўтган суҳбатга эътибор қаратинг.

Kun.uz мухбири «АО I.K.S group A.S» компанияси бошқаруви раиси Карель Шмак билан телефон орқали суҳбат уюштирди.

— Жаноб Шмак, авваламбор сизни Жиззахнинг қадимий «Ўрда» боғини жаҳон стандартлари даражасидаги бир хиёбонга айлантирмоқчи бўлганингиз ўзи биз учун катта шараф. Рухсат берсангиз, айнан шу боғ билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилсак.

— Албатта, марҳамат жавоб бераман.

— Жаноб Карел, айтингчи сиз «Luxe Shedevr Garden» МЧЖ раҳбари Элёр Зокировни ўзингизнинг ҳамкорингиз, деб биласизми? У билан келишув шартномаларини бекор қилмаганмисиз?

— Биз тузган шартнома ўз кучида. Шартномани бекор қилмаганмиз. Элёр Зокиров бизнинг ҳамкоримиз. «Ўрда» боғи билан боғлиқ саволингизга шундай жавоб бераман: биз лойиҳани амалга ошира олмаяпмиз. Ҳеч бир ишни бошламадик. Негалигини ўзимиз ҳам тўлиқ англаб етганимиз йўқ. Шуни айта оламанки, ижара шартномасига имзо қўйилмаган. Бизга берилган ваъда бажарилмади. Инвестиция ва маданият вазирликлари томонидан берилган ваъда бажарилмади (Фикримизча, бу ерда вилоятдаги бошқармалар назарда тутилаяпти — таҳр.) Ҳужжатлар тўлиқ эмас. Муаммо нимадалигини ҳамкоримиз Элёр Зокировнинг ўзи билади. Биз унга бизнинг номимиздан расман қарор чиқариши ва фикр билдириши учун ўз ишончномамизни берганмиз. Яна бир бор таъкидлаб айтаман: бизнинг шартномамиз ўз кучида ва уни бекор қилмаганмиз.

— Сизга ва ҳамкорингизга нима тўсиқ бўлганини биласизми?

— Нега иш бошланмаётганини тўғриси билмайман. Биз томондан иш бошланмаётганига сабаб эса бизга ҳеч ким тўлиқ ҳужжатларни тақдим этолмаяпти. Яна бир бор айтаман «Ўрда» экологик боғини ижарага олиш тўғрисидаги шартнома йўқ. Айнан шу ижара борасидаги муаммони ҳеч ким ҳал қилиб беролмаяпти. Элёр Зокиров ҳам шу муаммони деб иш бошлай олмади.

— Сиз шу лойиҳани амалга ошириш учун неча марта Жиззахга келдингиз? Кимлар билан учрашдингиз? Учрашув натижалари қандай бўлди?

— Мен Жиззах шаҳрида уч ярим ойдан зиёд вақт давомида меҳмон бўлдим. Лойиҳаларимиз амалга ошиши учун. Охирги марта жорий йилнинг 17 май куни ҳам Жиззахда эдим. Айни дамда биз ҳамкоримиз Элёр Зокиров билан нафақат «Ўрда» боғи лойиҳаси устида балки бошқа бир неча, масалан, тоза ичимлик суви ва чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари устида ҳам иш олиб боряпмиз. Шартномаларни тузганмиз. Ҳадемай бу лойиҳалар ишга тушади. Жиззах вилоятининг Зомин ва Фориш туманларида иш бошлаймиз. Айни дамда Зомин туманида чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳамиз бошланиш арафасида.

— Лойиҳани амалга ошмаслигида Жиззах вилоят ва шаҳар ҳокимлиги тадбиркор Элёр Зокировни айблаяпти. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

— Мен шуни дадил айта оламанки у бизга ҳам маънан ҳам руҳан кўмакчи бўлган кишилардан бири. Бизга жуда кўп ёрдами теккан. Афсус, қандай сабабларга кўра бу лойиҳа амалга ошмагани менга қоронғи. Лекин мен у биз билан ишлашини хоҳлардим. Жуда кўп ҳаракат қилди, буни тан олиш керак. Тўғрисини айтсам, у ердаги вазиятни ҳали ҳам тушунмаяпмиз. Биз ишламоқчимиз. Қолган лойиҳаларимиз ишга тушишини истардик. Ҳаммаси яхши бўлишидан умид қиламан. Лекин «Ўрда» боғи тўғрисида аниқ бир фикр айтолмайман.

— Сиз Жиззах вилоятида инвестицион вазият яхши деб айта оласизми? Инвесторларга нималар тўсиқ бўляпти ёки қандай ёрдам бериляпти? Бир сўз билан айтганда, давлат идоралари вакиллари инвесторнинг барча саволларига жавоб бера оладиган салоҳият ва билимга эгами?

— (Кулади) Инвесторларга жуда кўп нарса халақит беради. Мен ўзимдан мисол қилиб оладиган бўлсам, тўғри, биз ҳамма нарсалар ҳақида келишиб олдик. Буни рад этмайман. Лекин, вақт масаласи... аъло деб айтолмайман. Ҳужжатлар, расмий ишлар жуда чўзилиб кетди. Бизда бундай эмас. Агар Чехияда бирор ишни бошламоқчи бўлсангиз иш жуда тез ва осон битади. Масалан, бугун ҳужжатларни расмийлаштириб шартномага келишсак, эртагаёқ иш бошлашимиз мумкин. Ўзбекистонда эса ортиқча расмиятчиликлар бор. Қоғозбозлик деймизми, жуда кўп ҳужжатлар расмийлаштирилишими, хуллас булар чарчатади. Ҳатто Президент администрациясидан тортиб Ташқи ишлар вазирлигидан бир неча ҳужжатларни тайёрлашимизга қарамай барибир натижа бўлмади.

— Сиз қандай бўлишини истардингиз?

— Режаларимиз кўп. 10 кундан кейин яна шаҳрингизга ташриф буюрамиз. Айнан бошқа лойиҳаларимиз бўйича яна музокараларимизни давом эттирамиз. Бу борада келишувларимиз бор.

Инвесторнинг кейинги ҳаракатига нима сабаб бўлгани бизга қоронғи. Ҳар ҳолда унинг яна бир нечта лойиҳалари айнан Жиззахда амалга оширилади. Мана шу мулоқотлардан сўнг эса бир йилдан бери ҳужжатлар тахт бўлишини кутаётган объект — «Ўрда» боғи шу кеча кундузда бошқа талабгорларга тарқатиб бериладиганга ўхшайди. Ҳар ҳолда вилоят масъуллари шу мазмундаги эълон чиқаришди.

Ростдан ҳам бу лойиҳа бўйича ноаниқликлар кўпга ўхшайди. Бизнингча, бу ерда нималар бўлаётганини тегишли идоралар ўрганиб, сўнгги сўзни айтишлари керак.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Гулчеҳра ШАРИПОВА.
Kun.uz мухбирлари.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top