19:10 / 02.06.2019
10819

Ўзбекистон хорижий давлатлар билан табиий газ етказиб бериш шартномаларини қайта кўриб чиқиши керакми? Депутатлар ўз фикрини билдиришди

Фото: KUN.UZ

Ўтган ойларда ижтимоий медиада Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар ёки компаниялар билан табиий газ етказиб бериш муддати анча шов-шувларга, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзи хабарларда Ўзбекистон 2046 йилгача табиий газ етказиб бериш бўйича келишувларга эгалиги айтилди. 

Хўш, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳи, мазкур шартномаларни Ўзбекистон давлати ва халқи манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш борасида саъй-ҳаракат, ташаббус кўрсата оладими? Умуман, бу каби, Ўзбекистон манфаатларига зид бўлган шартномалар кўриб чиқиш имкони борми? 

Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган учрашувда, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи раҳбари Борий Алихонов шу хусусда Kun.uz мухбири берган саволга жавоб қайтарди.

«Мен ўйлайманки, депутатлар нафақат газ тақсимлаш, балки бошқа масалаларда ҳам ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Баҳс-мунозараларда иштирок этишмоқда. Бироқ, мен бир нарсанинг тарафдориманки, бирор муаммони олиб чиқишдан аввал, унинг тубига, моҳиятига етиш керак. Агар, моҳиятини ўрганмасдан жамоатчилик эътиборига олиб чиқилса, шов-шув ёхуд овозага айланиб, келгусида ўз тасдиғини топмаса, бу каби масалалар бошқача тус олиб кетиши мумкин. 

Шунинг учун, буни (газ шартномалари масаласи – таҳр.) моҳиятига етгандан, таҳлиллар ва ҳисоб-китоблар асосида гапирсак яхши бўлади. Балки келгусида бизда қанча миқдордаги нефть эквивалентига тенг бўлган қийматда табиий салоҳиятимиз бор, деган масалаларга эътибор қаратишимиз мумкин. Албатта, сиз кўтарган масала келгусида эмас, умуман эътибор қаратиладиган саволдир», - деди Борий Алихонов.

Бу масалада Қонунчилик палатаси депутати Ислом Хушвақтов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Статистика маълумотларига қарайдиган бўлсак, бир йилда 62 млрд кВт*соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 17 млрд куб метр табиий газ ёқилади. Майли, шунча миқдордаги газни сотишдан ташқари, қайта ишлайдиган йирик корхоналаримиз бор, полиэтилен моддалари ишлаб чиқаргудек бўлсак, иқтисодиётимиз сезиларли ўсади», - дея таъкидлади Ислом Хушвақтов. 

Top