18:50 / 04.06.2019
4563

Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги вазирлари ҳамкорликни кенгайтиришга оид “Йўл харитаси”ни тасдиқлашди

30 май куни Урганч шаҳрида Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги вазирлари Жамшид Ходжаев ва Дмитрий Патрушев томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида ўрта муддатли истиқболдаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жамшид Ходжаев соҳани ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалий натижасини бераётганини таъкидлар экан, савдо ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва бу йўналишда ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканлигини билдирди. 

Қайд этилишича, жорий йилда ёғли экинларни ҳамкорликда экспериментал етиштириш, Россияда бошоқли дон экинларини ишлаб чиқариш, Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор берилади. 

Дмитрий Патрушев, ўз навбатида, мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларига ишонч билдирар экан, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 фоизга ошиб, 130 миллион АҚШ долларини ташкил этганини қайд этди. 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 19 февраль куни Москва шаҳрида Ўзбекистон-Россия қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувида  ишчи гуруҳи доирасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича режалар тузилган эди.  

Top