23:48 / 10.06.2019
12375

Австралиялик олимлар инсон 40 ёшдан кейин камроқ ишлаши кераклигини аниқлашди

Кўплаб ривожланган мамлакатлар каби Австралия ҳам туғилиш даражаси юқори эмаслиги ва умр кўриш давомийлиги кўрсаткичи анча юқорилиги билан ажралиб туради. Шунинг учун мамлакат раҳбарияти нафақа ёшини узайтириш ҳақида ўйлади ва яқиндан бошлаб австралияликлар нафақага 65 ёшда эмас, 67 ёшда чиқадиган бўлишди. Бироқ олимлар бундай ўзгариш иш берувчига ҳам, давлатга ҳам катта фойда келтирмаслигини айтишмоқда, чунки ёши 40 дан ошган ходимларнинг иш қобилияти у қадар юқори эмас.

Фото: Pixabay

Мельбурн университети мутахассислари худди шу хулосага келишди. Улар 40 ёшдан катта 7 500 нафар австралияликларнинг когнитив функцияларини тадқиқ этишди. Кўнгиллилар уларнинг хотираси, фикрлаш тарзи, шунингдек, қарорларни қабул қилишдаги профессионалликни баҳолашда ёрдам берадиган бир қатор тестлардан ўтишди. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳафтасига 30 соатдан ортиқ ишлаш когнитив функцияларга салбий таъсир кўрсатар экан.

Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, бугун мавжуд бўлган 40 соатлик иш ҳафтаси гап ўрта ва катта ёшдаги одамлар ҳақида борганида кутилган иқтисодий самара бермайди. Тадқиқот натижаларига кўра, 40 ёшдан ўтган кишилар учун 25-30 соатлик иш ҳафтаси оптимал саналади. Ушбу ёш категориясидаги ходимлар  иш куни ҳафтасига 3 кунгача қисқартирилганида яхши натижалар кўрсатиши аниқланди.

Тадқиқот муаллифлари бошқа мамлакатлар учун мазкур кўрсаткичлар ўзгача бўлиши мумкинлигини қайд этишмоқда. Шу тариқа, иш вақтини тақсимлашнинг мавжуд чизмаси, шунингдек иш ҳафтасининг давомийлиги кутилган натижа бермайди, чунки иш жараёни чарчоқ ҳисси, иштиёқнинг йўқолишига олиб келади ва ижобий ҳислар келтирмайди.

Бироқ мельбурнлик тадқиқотчилар ходимлар кўпроқ дам олиши, иш берувчи бундан кўпроқ фойда кўришини илгари суриш бўйича биринчи саналмайдилар. Масалан, Австралиядаги компаниялардан бири ўз ходимларига узунлиги 12 ҳафтадан иборат таътил беришга қарор қилган.

Top