14:30 / 12.06.2019
5474

150 миллиондан ортиқ бола мунтазам меҳнатга жалб қилинмоқда ёхуд 12 июнь – «Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни»

Дунёда турли-туман саналар кўп. Уларнинг айримлари байрам сифатида нишонланса, баъзилари қайсидир муаммога эътибор қаратиш учун белгиланади. Ана шундай саналардан бири бугун, 12 июнь – «Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни» сифатида нишонланади. Хўш, нега шундай? Болалар меҳнати шу қадар йирик муаммоми?

Аввало болалар меҳнати деган тушунчага ойдинлик киритиб олиш лозим. Болалар меҳнати – вояга етмаганларни мунтазам меҳнатга жалб қилиш бўлиб, дунёнинг кўплаб давлатларида болаларни узлуксиз эксплуатация қилиш сифатида малакаланади ва қонун йўли билан таъқиб қилинади.

Ўтмишда болалар меҳнатига оддий ҳол сифатида қаралган ва бу ҳолат жуда кенг тарқалган бўлган. Аммо болалар ҳуқуқлари бўйича қатор халқаро конвенциялар қабул қилинганидан сўнг бу ҳолатга бирин-кетин барҳам берила бошланди.

БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилоти болалар меҳнатини қоралайди. Болалар ҳуқуқлари конвенциясининг 32-боби «болаларни жисмоний, руҳий, маънавий ва ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлувчи, саломатлиги ҳамда таълим олишига халақит қилувчи ҳар қандай иқтисодий эксплуатациялардан ҳимоя қилиш»ни назарда тутади.

Албатта, болалар меҳнатига қарши қатор конвенциялар бор, ҳавас қилгулик қонунлар қабул қилинган. Аммо йигирма биринчи асрнинг чораги ўтиб бормоқдаки бу муаммо ҳамон ўз ечимини топмаган, айрим ҳудудларда ҳатто янада чуқурлашган.

Бугунги кунда болаларнинг пул топиш ва оиласига кўмак бериш мақсадидаги ҳаракатларига чидаш, кўз юмиш балки мумкиндир. Аммо бу ҳолатларга ҳам чек қўйиш зарурати бўлган бир пайтда мавзуга оид бунданда оғир муаммолар мавжуд.

Вояга етмаган болалар қулликка маҳкум қилинмоқда, жанговар ҳаракатларда иштирок этишмоқда ва аянчлиси ҳатто жинсий эксплуатацияларга ҳам дучор бўлишмоқда.

Африка давлатлари, Яқин Шарқ ва узоқ йиллардан буён Сурия, Ироқ ва Афғонистон каби ҳудудларда бу борадаги аҳвол ниҳоятда мураккаб.

Халқаро меҳнат ташкилоти ва Walk Free жамғармасининг бу борадаги тадқиқотлари кишини ўйга толдиради: сўнгги маълумотларга қараганда дунё бўйлаб 40 миллиондан ортиқ инсон замонавий қулликка маҳкум, яъни ўз ихтиёрига қарши ва рамзий ҳақ ёки шунчаки қорин тўйдириш эвазига ишлайди. 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 152 миллион бола шунча тақиқларга қарамай болалар меҳнатига мунтазам жалб қилинмоқда. Ҳа, рақамлар этни жунжиктирадиган даражада. Ўзбекистон каби давлатлардан бештаси аҳолисига тенг болалар болаликнинг ширин онларини кўрмайди, арзимас ҳақ эвазига кимларнингдир қўлига мўлтираб туради ёки умуман текинга ишлайди. Аммо даҳшатлиси айрим ҳудудларда ҳали ҳаракати моҳиятини англаб етмаган болалар қўлига автомат бериб жангга киритилмоқда, «шаҳид белбоғи» билан турли нуқталарга жўнатилмоқда, ҳали танаси шаклланиб улгурмай зўравонлар нафсини қондириш учун хизмат қилишмоқда ва ақл бовар қилмас тарафи кўпинча ота-оналарнинг ўзлари болаларини бундай мақсадларда очиқдан-очиқдан сотишмоқда.

Фактларга эътибор беринг:

  • Дунёдаги вояга етмаганлар қуллигида қизларнинг ўрни ниҳоятда катта, улар сони тахминий ҳисоб-китобларга кўра 30 миллион нафардан, ёки умумий ҳисобнинг 70 фоизидан ошади. Мажбурий жинсий эксплуатациянинг 99 фоизи ёш қизлар бўлса, мажбурий никоҳларнинг 84 фоизи вояга етмаган қизлар ҳиссасига тўғри келади;
  • Болалар меҳнати энг кўп тарқалган соҳа қишлоқ хўжалиги (70,9 фоиз), ундан кейин хизмат кўрсатиш соҳаси (17,1 фоиз), 11,9 фоиз бундай болалар эса ишлаб чиқаришда қатнашадилар;
  • Мажбурий меҳнатга жалб қилинганларнинг ҳар тўртинчиси болалардир;
  • Ўз ихтиёрига қарши ишлаётганларнинг 18 фоизи, жинсий эксплуатацияга мунтазам учраётганларнинг 21 фоизи, давлат ташкилотлари томонидан маъмурий буйруқбозлик асосида ишга жалб қилинаётганларнинг 7 фоизи вояга етмаганлар;
  • Энг катта муаммо Африка давлатларида. Бу қитъадаги 5-17 ёшлиларнинг тахминан 73 миллион нафари мажбурий меҳнатда. Осиё ва Тинч океани ҳудудида бу кўрсаткич 62 млн, Америка қитъасида 10,7 млн, Европа ва Марказий Осиё 5,5 млн, араб давлатларида 1,2 миллион вояга етмаганлар мунтазам ишлайдилар;
  • Болалар меҳнатига жалб қилинганларнинг ҳар учинчиси таълим олмайди, 38 фоизи хавфли соҳаларда ва ҳафтасига 43 соатдан кўпроқ ишлайдилар.

Кўриниб турибдики, бу бутун дунёни ўйлантираётган глобал муаммодир.

Ўзбекистонда вазият қанақа?

Таъкидлаш ва тан олиш жоиз, Ўзбекистон ҳам узоқ йиллар бу борада танқидларга нишон бўлган. Бу борадаги энг йирик масала пахта-йиғим терими билан боғлиқ бўлган. Юртимизда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати анъана даражасига кириб қолганди. Аммо сўнгги йилларда кўзга кўринарли ютуқларга эришилганини қайд этиш лозим. Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бунга йўл қўйганларга нисбатан чоралар кўрилди.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати пахта саноатида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини бартараф қилиш бўйича ислоҳотларида ижобий ўзгаришларга эришмоқда. Ўзининг 2016 йил пахта терими мавсуми мустақил мониторингидан кейин бугун чоп этилган ҳисоботида, ХМТ бугунги кунда уюштирилган болалар меҳнатидан фойдаланиш ижтимоий жиҳатдан номаъқул ҳолат ва бу амалиёт босқичма-босқич тугатилди, деган хулосага келган.

«Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг номаъқуллигини жамиятнинг барча қатламлари: ҳукумат, ўқитувчилар, мутахассислар, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари эътироф этмоқда. Ўзбекистон уюштирилган болалар меҳнатидан фойдаланишни босқичма-босқич бартараф қилди», - дейилади ХМТ ҳисоботида.

Бундан ташқари, 2018 йил 20 сентябрь куни АҚШ Меҳнат вазирлиги болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакли бўйича хулосалар жамланган 17 йиллик ҳисоботини эълон қилган. Ушбу ҳисоботда болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шаклларини бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида ҳукуматлар олиб бораётган ишлар баҳоланган. Унда дунёдаги турли мамлакатлар бу соҳада муҳим, мўътадил, минимал ўсишга эришган ва ё умуман ўсиш кузатилмаган, дея баҳоланган. Ҳисоботда кўрсатилишича, Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнатидан фойдаланишни сезиларли равишда қисқартиргани натижасида, Ўзбекистон биринчи марта мўътадил ўсишга эришган мамлакатлар қаторидан ўрин олган.

АҚШ Меҳнат департаменти бир вақтнинг ўзида яна бир қўшимча ҳисобот – «Болалар меҳнати ёхуд мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхати»ни – эълон қилди. Бу рўйхатда дунёдаги 76 мамлакатда ишлаб чиқарилган 148та маҳсулот ўрин олган. Бу йил Ўзбекистон пахтаси ушбу рўйхатдан ўчирилган.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни бундай муҳим ютуқ учун олқишлаган.

Аброр Зоҳидов

Top