14:50 / 14.06.2019
7640

Соғлиқни сақлаш вазири: Донорликда тиббиёт ходимлари ҳам фаол ва ташаббускор бўлиши лозим

Ҳар куни дунё бўйича минглаб инсонлар донор қонига эҳтиёж сезади. Донорлик — одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши бўлиб, ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмакдир.

Жорий йилнинг 14 июнь куни Республика қон қуйиш марказида «14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни» муносабати билан «Ҳамма учун хавфсиз қон» шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов иштирок этиб, беғараз донорликнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги сўзлади.

«Донор қон топширар экан, кимнингдир ҳаётини сақлабгина қолмай, ўз соғлигини сақлашга ҳам эришади. Чунки мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туриш ва қон таҳлилларини топшириш, киши саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиб боришига хизмат қилади. Ҳозирда дунёнинг 70та давлатида қон захираси кўнгилли донорлик ҳисобига йиғилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан қон таркибий қисмлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун ҳар 1000 аҳолига нисбатан 40-60тадан қон топшириш керак бўлади. Бизнинг юртимизда эса ҳар 1000 кишига қон топширишлар сони 4,8тани ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткични янада оширишда, аввало, биз тиббиёт ходимлари фаол ва ташаббускор бўлишимиз, донорликнинг аҳамиятини аҳолига мунтазам тушунтириб боришимиз лозим бўлади», —  дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Кўнгилли донорлик тарғиботи биргина Республика қон қуйиш маркази ёки унинг сайёр гуруҳлари вазифаси эмас. Қон ва қон маҳсулотлари захираси нечоғли муҳимлиги, қай ҳолларда қон қуйишга мурожаат қилиниши, захира бўшаб қолиши қандай оқибатларга олиб келиши батафсил тушунтирилиб борилса, ишонамизки, кўнгилли донорликка муносабат ўзгаради.

Тадбир доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ҳам шу ерда донор сифатида қон топширишни бошлаб берди ва нафақат тиббиёт ходимлари, балки аҳолини ҳам донорликда фаол бўлишга чорлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, донорликнинг маълум талаблари бор, булар: қон топширишдан бир кун олдин донор етарлича дам олиши, тиниқиб ухлаши керак. Кечки овқатга ёғли таом истеъмол қилинмаслиги тавсия этилади (қон таҳлилига таъсири бор). Эрталаб енгил нонушта қилиши керак. Қон топширишга келган донор, албатта, тиббий кўрикдан ўтказилади. Қондаги гемоглобин миқдори аниқланади.

Яна бир эътиборли жиҳати, ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ана шундай бағрикенг ва сахий инсонлар учун «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланишади. Қон хизматларида олинадиган қон миқдори организмдаги умумий қон миқдорининг 10 фоизини ташкил қилади, яъни 350-400 миллилитр. Организм йўқотган суюқлик ўрнини 36 соат ичида тиклаб олади.

«Бутунжаҳон донорлар куни арафасида, барча ҳудудларда кўп йиллар беғараз қон топшириб келаётган донорлар ва донорлик ҳаракатида иштирок этувчи инсонларни рағбатлантиришга бағишланган тантаналар мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Top