15:23 / 15.06.2019
27674

Фарғона шаҳридаги антиқа «фаввора». Ундан кунига минглаб кубометр ичимлик суви исроф бўлиб оқаётгани ҳақида

Мурожаатларни ўрганиш асносида жуда қизиқ ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Фарғона шаҳрининг қоқ марказида сунъий булоқ устидан чиқдик.

Аввалига арзномадаги Истиқлол кўчасига бориб танишгач, атрофда минглаб кубометр сув қандай исроф бўлаётганини тасаввур ҳам қила олмадик. Чунки, атрофда сув оқаётган жой кўринмас эди.

«Кўмма» қилинган катта камчилик

Фарғона шаҳридаги «Мададкор» МФЙнинг Истиқлол ва Саид Аҳмад кўчалари кесишган жойида бўлганимизда аҳоли вакиллари шаҳар «Сувоқова» корхонаси ходимлари томонидан турли тош бўлаклари ва шиферлар билан кўмиб қўйилган «сув булоғи»ни кўрсатишди. Азалдан халқимизда бирор ножўя нарсани бошқалардан беркитиш учун устига нимадир ёпиб, кўмиб қўйиш, «кўмма қилиш», дейилади.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Фарғона шаҳар сувчилари 7 йилдан бери кунига ўн минг литрлаб ичимлик суви исроф бўлаётган камчиликни ҳам шундай бекитмоқчи бўлишган.

«Сув булоғи» устидаги шифер ва тош бўлакларини очишимиз билан ёриқдан катта босимдаги «фаввора» «бош кўтарди». Эҳ-ҳе... Қувур ёриғининг ярмини ҳам очмасимиздан «фаввора» баландлиги беш метрга етди. Аҳолининг айтишича, яна очилса атрофни сув босиб кетар экан.

Энди ўша етти йил олдин пайдо бўлган ва узоқ вақтдан бери атрофдаги аҳолига хавф солаётган, энг ачинарлиси тиллога тенг ичимлик суви исроф бўлаётган қувурдаги сув ёриғи ҳақида маълумот берсак.

Истиқлол кўчасидан Фарғона шаҳрининг «Текстил» ҳудудини ичимлик суви билан таъминлаш учун шаҳар бош сув иншоотидан жуда катта босим остидаги 500 диаметрли қувур ўтган. Мана шу кўчада истиқомат қилувчи Муроджон Абдужабборовнинг айтишича, бундан етти йил олдин «Сувоқова» ходимларининг айби билан қувурда кичик ёриқ пайдо бўлади. Ёриқ аста-секин катталашиб, ундан дақиқасига юзлаб кубометр ичимлик суви оқиб увол бўлаётгани жуда-жуда ачинарли. «Сувоқова» ходимлари ёриқни бутунлай беркитиш ўрнига ўша жойга пона қоқиб, етти йилни ўтказишган. Икки-уч кундан сўнг, пона секин силжиб чиқиб кетар экан сув оқими ёриқни катталаштириб боради. Доим катта миқдорда оқиб турувчи сув оқими канализация тизими томонга буриб қўйилган айни пайтда минглаб кубометр сув бефойда оқиб кўчанинг чўкишига, атрофдаги хонадонлар захлаб кетишига сабаб бўлмоқда.

Аҳоли вакиллари бу масала бўйича мурожаат қилинмаган ташкилот қолмаганини айтишди. Уларнинг барча арзлари бесамар кетибди. «Ҳокимлик, прокуратура, Республика идораларига ариза ёзганимиздан кейин «Сувоқова» келади, пона қоқиб қайтиб кетади. Уч кундан кейин яна шу аҳвол», дейди Муроджон Абдужабборов. 

Шу ердаги аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиб турганимизда «Мададкор» МФЙ мутахассиси Гулнора Убайдуллева етиб келди. Мутасадди мазкур муаммо борасида шаҳар «Сувоқова» корхонасига жуда кўп айтилгани, бироқ бефойда бўлаётганини билдирди.

Истиқлол кўчасида яшовчилар сувнинг жуда катта босимда чиққан пайтида олинган видеолавҳаларни бизга ҳавола қилишди.

Сувчилар келишди

Бу орада, шаҳар «Сувоқова» бош муҳандиси Муродилжон Эгамбердиев ва ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Исомиддин Ҳасанов келди. Мутасаддилардан ҳолат бўйича изоҳ сўрадик ва улардан доимгидек «вазиятдан чиқиш» учун айтиладиган жавоблар йиғиндисини тингладик.

«Кўриб турган жойимиздаги тармоқ муддатини ўтагани сабабли ишдан чиққан. Бу камчиликни ҳал қилиш учун шаҳарнинг ярмини ичимлик суви тармоғидан узиб туришга тўғри келади. Айни кунларда ишчи гуруҳи тузиб, камчиликни бартараф этишга режа қилиб турибмиз. Фуқароларни огоҳлантиришни бошлаганмиз. Узоғи ўн кунда қувурни алмаштирамиз», дейди «Сувоқова» раҳбарлари.

Аҳоли етти йил кутибди, ўн кун ҳам кутар... Лекин, муаммо ҳал бўлармикин?

Аҳоли вакиллари «Сувоқова» ходимларининг таъмирга келишганида бирорта иш қуролисиз келишини, уларнинг ҳатто оддий ускуналар билан таъминланмагани, ўтган асрдаги пайвандлаш асбоблари билан «қуролланишгани»ни айтишди.

«Буёқда инновацион лойиҳаларга зўр бериляпти, «Сувоқова» эса авария ҳолатида ёғочдан пона қоқади. Эртасига сув яна уриб чиқиб кетади», дейди фуқаролар.

Мутасаддилар бу маълумотларни рад этишди.

Хулоса

Қизиқ ҳолат. Вилоятда, бошқа юзлаб маҳаллаларда ичимлик суви муаммоси бор. Фарғона шаҳрида эса бебаҳо бойлик канализацияга оқиб ётибди. Атрофдаги аҳоли ернинг чўкиши, захлаши оқибатида, дўконлари, ҳатто уйларини сотиб кўчиб кетмоқчи. Мутасаддилар эса етти йилдан бери бу ҳолатга кўз юмиб келмоқда.

Ахир сувнинг уволи бор-ку?!

Уйдаги ичимлик сувига бир ой пул тўламасак, МИБ ходимлари келиб тўлатишади. Наҳотки, кунига юз минглаб сўмлик ичимлик суви чиқиндига аралашиб кетаётганидан МИБ, ҳокимлик ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларининг хабарлари йўқ?

Маҳалла аҳли бизга шундай дейишди: «Сиз муаммони ўргангани келган биринчи журналист эмассиз. «Фарғона катталари» барибир чора кўрмайди. Овора бўлманг!».

Биз уларга, масалани ҳал этиш учун Kun.uz минбаридан туриб, вилоят ҳокимлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигигача мурожаат қилишимизни айтдик.

Ҳурматли ҳокимлик вакиллари ва соҳа раҳбарлари! Фарғона шаҳар Истиқлол кўчасида энг бебаҳо неъмат бўлган ичимлик суви жуда катта миқдорда исроф бўлиб канализацияга оқиб ётибди ва аҳолига хавф туғдирмоқда. Умид қиламизки, мазкур мақоладан сўнг мавжуд камчилик ҳал этилади.

 

Элмурод Эрматов, Фарғона
Kun.uz мухбири
тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top