14:43 / 17.06.2019
14705

Фарзандингиз меҳрингизга муҳтож бўлмасин: Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг 80 фоиздан ортиғининг ота-онаси бор 

Фото: Pinterest

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган "Меҳрибонлик уйи тўғрисида"ги Низомнинг 2-бандига кўра, Меҳрибонлик уйи — етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун давлат тарбия муассасасидир. Афсуски, ҳозирги кунда Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг ҳаммаси ҳам чин етим ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар эмас.

Яқинда Олий суд томонидан барча вилоятлардаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг ота-оналари, бобо-буви ва яқин қариндошлари ўртасида тарғибот ишлари олиб борилди. Ушбу жараёнда бу масканларда тарбияланувчиларнинг 80 фоизидан ортиғининг ота-онаси борлиги аён бўлди.

Мисол учун, Қашқадарё вилояти, Қамаши туманида жойлашган 4-сонли Меҳрибонлик уйидаги 108 нафар тарбияланувчининг фақат 15 нафаригина чин етим экан. Қолган 84 нафар боланинг ота-онаси, 9 нафарининг эса, бобо-бувилари ҳам борлиги аниқланди.

Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар учун давлат томонидан барча шарт-шароит ва қулайликлар яратиб берилган. Лекин ана шу жажжи болакайлардан ҳар бирининг тилига чиқмаса-да, дилининг тубида ётган, кўзларида қалқиб турган бир ўтли армонни ҳам пайқамаслик мумкин эмас. Яъни уларга ҳаммасидан муҳими ота-она меҳридир. Улар доим ота-онасини кутиб, ўз уйида, туғишганлари бағрида яшашни хоҳлайди. 

Шу ўринда суд амалиётида учраган бир мисолга тўхталиб ўтамиз. 

Даъвогар — Навоий шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими Васийлик ва ҳомийлик органи вояга етмаган Комил Рустамовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Аризада Комилнинг ота-онаси бўлмиш жавобгарлар — Салим Рустамов ва Роҳила Рустамовани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш сўралган.

Аниқланишича, Салим ва Роҳила қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган ва қарамоғида беш нафар фарзанди бор. Улар Васийлик ва ҳомийлик органига ариза билан мурожаат қилиб, 2004 йил 21 июнда туғилган фарзанди Комилни Меҳрибонлик уйига жойлаштиришни сўрашган.

Навоий шаҳар ҳокимининг 2013 йил 4 июлдаги қарорига асосан ушбу ариза қаноатлантирилган. Комил Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган.

"Меҳрибонлик уйи тўғрисида"ги Низомнинг 13-бандига кўра, Меҳрибонлик уйига кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг болалари, фақат отаси ёки онаси бор бўлган болалар ушбу оилаларни бир йилгача муддатда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик қабул қилинади. 

Судда иштирок этган эр-хотин Рустамовларга ушбу Низом талаби тушунтирилди. Яъни бола фақатгина бир йил муддатга Меҳрибонлик уйига жойлаштирилгани, шу муддатдан сўнг улар боласини олиб кетиши ва ўзлари тарбиялаши лозимлиги, чунки болага ота-онасининг меҳри зарурлиги уқтирилди.

Шу билан бирга, эр-хотин Рустамовлар агар болани ўз вақтида уйга олиб кетишмаса, Оила кодексининг 79-моддаси талаби бўйича ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ва улардан боласининг таъминоти учун алимент ундирилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилди. 

Таассуфлар бўлсинки, улар фарзанди Комилдан воз кечишларини яна бир бор тасдиқлашди. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилишга розиликларини маълум қилишди.

Суд ишни қонуний тартибда кўриб чиқиб, ҳал қилув қарори қабул қилди. Эр-хотин Рустамовлар вояга етмаган фарзанди Комилга нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, улардан боланинг фойдасига алимент ундириш ва алиментни вояга етмаган Комилнинг номига очилган банк ҳисоб-варағида жамлаб бориш белгиланди.

Ушбу суд қарорига асосан Рустамовларнинг ҳар биридан алимент ундирилиши уларга алам қилган. Шундан сўнг суд қароридан норози бўлган эр-хотин бола давлат қарамоғида бўлса, биз нима сабабдан алимент тўлашимиз керак, деган мазмунда юқори инстанция судига мурожаат қилишган.

Вилоят суди кассация инстанциясининг ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Сабаб шуки, болани моддий томондан таъминлаш ота-онанинг мажбуриятидир. Оила кодексининг 81-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига нисбатан таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Орадан маълум вақт ўтиб, эр-хотин Рустамовларнинг сири ошкор бўлди. 

Яъни суд учун ҳам жумбоқ бўлиб қолган — нима сабабдан ота-она очиқчасига моддий аҳволни рўкач қилган ҳолда ўз жигарбандидан воз кечди, деган саволга жавоб топилди. Уларнинг ўз хатосини тушуниб етганларини билдириб, ота-оналик ҳуқуқларини тиклаш ҳамда болани қайтариб беришни сўраб қилган мурожаати бу сир устидаги пардани кўтарди.

Аниқланишича, эр-хотин Рустамовлар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, Комилнинг махсус ҳарбий мактабда ўқишга киришига муваффақ бўлганлар. Айни чоғда, ҳарбий мактаб фаолияти бўйича махсус репортаж тайёрлаш жараёнида Комил ўзининг серқирра истеъдоди билан эътиборга тушади. 

Журналистлар шундай қобилиятли болани дунёга келтирган ва тарбиялаётган ота-онага миннатдорчилик билдириш мақсадида Комилдан интервью оладилар ва ундан ота-онаси ҳақида сўрайдилар. 

Шунда Комил ота-онаси ҳаёт бўлса-да, Меҳрибонлик уйида тарбия олаётганини, ҳар доим уларни кутиб яшаётганини айтади ва кўзига ёш олади.

Репортаж телевидение орқали намойиш этилгач, уни эр-хотин Рустамовларнинг яқин қариндошлари ва қўни-қўшнилари ҳам кўрадилар. 

Шундагина улар ота-она меҳрини соғиниб яшаётган Комилнинг тақдиридан хабар топадилар ва эр-хотин Рустамовларга панд-насиҳат қиладилар.

Натижада ота-она ўз хатосини тушуниб етади. Суддан боласини қайтариб олишга ёрдам беришни сўрайди. 

Сўнгги пушаймон — ўзингга душман, дейдилар. Шундай бўлса ҳам, Рустамовлар йўл қўйган хатосини тушуниб етгани, қалбларида ота-оналик меҳри қайта уйғонгани кишини қувонтиради.

Аммо уларнинг ўз жигарбандига нисбатан намоён этган бу меҳрсизлигини қандай тушуниш ва изоҳлаш мумкин? Бундай калтабинлик оқибатида вояга етмаган бола бошидан кечирган маънавий азоблар, навқирон қалбнинг изтироблари учун ким жавоб беради?

Бундай очиқ ва аччиқ саволлар кўп. Афсуски, бу каби аламли мисоллар ҳали-ҳануз учраб турибди.

Акмал МУРОДОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий суди судьяси

Top