09:46 / 05.05.2021
5714

Китобдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Қамашига кўчирилди

Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган 5-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалар Қамашидаги Меҳрибонлик уйига кўчирилган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, xалқ таълими вазирининг 2020 йил 14 февралдаги 01-06/2-131-сонли хатида Меҳрибонлик уйларида ота-онаси бор кам таъминланган оила фарзандларини жойлаштириш ортиб кетгани сабабли ижтимоий аҳволи яхшиланган оила фарзандларини қайтариш орқали Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатиб, тарбияланувчиларни Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига ўтказиш таклифи билдирилган.

Меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатиш билан боғлиқ ишлар 2020 йил 24 мартдан мамлакат ҳудудида коронавирус инфекциясига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилгани муносабати билан охирига етказилмаган. Мазкур жараён энди якунланган.

Эслатиб ўтамиз, Китобдаги 5-сонли Меҳрибонлик уйидаги ҳолат ҳақида илк бор 12—15 апрел кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида хизмат сафарида бўлиб қайтган Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юсунова хабар берган эди. Ўшанда у «Қашқадарёнинг Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйини тугатиш керак, у ерда болалар жуда ёмон шароитда яшашмоқда», деган фикрларни билдирганди.

Шундан сўнг Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳи 14—15 апрел кунлари Қашқадарё вилоятида ўрганиш ўтказган. Ўрганишларда маълум бўлишича, Китобдаги 5-сонли Меҳрибонлик уйида 65 нафар тарбияланувчидан 15 нафарини чин етимлар ташкил этган. Шунингдек, Меҳрибонлик уйида болалар учун яратилган шароитлар аянчли аҳволда бўлган. Шу сабабли ўз вазифасига совуққонлик билан қараган мазкур Меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири вазифасидан бўшатилган.

Қайд этилишича, болалар омбудсманининг чиқишидан сўнг 5-сонли Меҳрибонлик уйидаги ҳолат юзасидан Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи 14—15 апрел кунлари Қашқадарё вилоятида ўрганиш ўтказган эди. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, Меҳрибонлик уйида 65 нафар тарбияланувчи бўлган ҳолда, 75 нафар ходим фаолият кўрсатиб келган. Шундан 10 нафар тарбиячи вазифасига номутахассис бўлган ҳолда фаолият олиб борган. Тарбияланувчиларнинг 15 нафари етим бола (отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган) экани, қолган 50 нафарининг ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт экани аниқланган.

Бундан ташқари, бинолар таъмирталаб ҳолатда экани, тарбияланувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари талаблари асосида эмаслиги, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун шароит йўқлиги сабабли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 65 нафар тарбияланувчини Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига тавсиялар берилган.

Ишчи гуруҳ тавсиясига асосан, жорий йил 2 май куни Китоб тумани 5-сонли Меҳрибонлик уйидаги 65 нафар тарбияланувчининг 10 нафари яқин қариндошлари оиласига, 55 нафари Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига кўчирилган.

Top