15:30 / 17.06.2019
23541

Соф эркин бозор яхшими ёки давлат бошқарувидаги иқтисодиёт: Мутахассис нима дейди?

Икки йилдирки, Ўзбекистоннинг иқтисодиётни эркинлаштириш борасидаги ислоҳотлари бутун дунё матбуоти эътиборида турибди.

Кечикиб бўлса-да «ўзбек модели»нинг ишламаслиги тушуниб етилгани, ривожланиш фақат эркин бозор муносабатлари орқали бўлиши эътироф этилгани албатта қувонарли ҳол. Ўзгаришларни кузатиб, Ўзбекистоннинг янги иқтисодий сиёсатини англаш мушкулмас: инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодий фаолиятга эркинлик бериш, валюта ва нарх сиёсатини либераллаштириш, хусусийлаштириш ва иқтисоддаги давлатнинг ролини қисқартириш.  

Аммо кишини таажжубга солиб тургани – эски тузумнинг қолдиқлари ҳануз сақланиб қолаётгани ва ислоҳотлар самарасига жиддий зарар етказаётгани.

Модомики эркин бозор муносабатлари орқали тараққиётга эришиш йўлида қадам ташлаётган эканмиз, нега иқтисодий эркинликни йўққа чиқараётган бюрократик аралашувлардан ҳали ҳам воз кечмаяпмиз, нега халқ эмас, балки шахслар манфаатига хизмат қилаётган давлат монополиялари ҳамон ўзгаришсиз қоляпти ва аксарият қарорлар иқтисодий эркинликни кўзласа-да, нега уларнинг амалиётдаги ижроси қўпол равишда бузиляпти ёки ижроси баъзи тоифаларнинг манфаатлари билан боғлиқ бўлиб қоляпти?

Кўплаб иқтисодчилар биздаги муаммоларнинг асосий сабаби давлатнинг иқтисодга узлуксиз аралашуви эканлигини таъкидлаб келишяпти. Яъни, давлат бозор муносабатлари ишлаб кетиши учун бунга тўсқинлик қилувчи турли монополистик ҳаракатлардан воз кечиши лозимлигини,  нархни белгилашни эркин бозорга қўйиб берилсагина бизга керакли бозор муносабатлари шакллана олишини бот-бот таъкидлашмоқда.  

Аммо шу жойда бир жиҳатга урғу беришни лозим деб билдим. Давлатнинг бозор муносабатларига аралашуви кўп ҳолатларда нафақат иқтисодий самарасизлик ва эркинликларнинг тўсилишига, балки коррупцияга ҳам йўл очиши аниқ. Аммо, вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, эркин бозор муносабатлари эндигина шаклланаётган Ўзбекистондаги фундаментал муаммо давлатнинг иқтисодга аралашуви эмас, балки қандай давлат иқтисодга аралашаётганида. Яъни асл муаммо эркин бозор муносабатлари шаклланиши учун муҳим бўлган омилларни вужудга келтирадиган сифатли давлат ва самарали бошқарувни шакллантиришда.

Келинг, энди мазкур масалани батафсилроқ таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Давлат ва иқтисод

«Иқтисодий муносабатларни шакллантиришда давлатнинг роли муҳимми ёки бозорнинг?», деган савол сиёсий иқтисоднинг фундаментал масалаларидан бири. Эркин бозор иқтисодининг ашаддий ёқловчилари бўлмиш неоклассиклар «давлат» тушунчасини ҳар доим самарасизлик ва коррупция билан боғлашади. Уларнинг наздида давлатнинг бозорга ҳар қандай аралашуви (бозорни тартибга солиш, қонун-қоидаларни белгилаш ва ҳоказо) унинг самарали ишлашига зарар етказади. Бу самарасизликдан қутилишнинг осон йўли эса бутун иқтисодий муносабатларни тартибга солишни бозор қатнашувчилари измига топшириб, давлат фақатгина ҳакамлик вазифасини бажариши керак.

Бироқ бозор муносабатларига ўтган давлатларнинг тажрибасини ўрганадиган бўлсак, бозор муносабатларига ўтиш жараёни улар даъво қилганидек «давлатдан воз кечиш» билан ҳал бўлмагани, балки аксинча, давлат бу ўтиш босқичининг муҳим қисми бўлганини кўришимиз мумкин. Хўш, давлат бозор муносабатларининг шаклланиши учун нега муҳим?

Давлатнинг роли

1. Давлат бошқаруви ва бозор муносабатлари   

Машҳур социолог Вебер бозор муносабатларининг ишлаши учун албатта замонавий давлатчилик ва мустаҳкам бошқарув бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Вебер масалани тушунтириш учун давлат бошқаруви ёки ҳокимиятнинг қонунийлиги (legitimacy) масаласига мурожаат қилади, давлат кучини қўллашда 3 хил усулни баҳс этади: ҳуқуқий-мантиқий (legal-rational), патримониал ва харизматик. Унга кўра, ҳақиқий бозор муносабатлари фақатгина ҳуқуқий-мантиқий бошқарувга асосланган давлатдагина вужудга келади. Бундай давлатда бошқарув аниқ белгилаб қўйилган ва қатъий қонунлар асосидагина шаклланади. Яъни давлат идораларининг барча хатти-ҳаракатлари қонунга асосланиб, унинг хаққоний ижроси давлат ишчиларини шахсий манфаатни халқ манфаатидан устун қўйишдан тийиб туради, фуқаролик институтлари бунда давлат ва жамиятга ёрдам беради. Ижро этувчи ҳокимият қонун чиқарувчи ҳокимиятдан ажралган ва улар ваколатлари қонунлар доирасида чегараланган бўлади. Бундай давлатда «қонун ҳамма учун баробар» бўлиб, мулк ҳуқуқи ҳимояси давлат томонидан қатъий таъминланади ва уни ҳимоя қиладиган мустақил суд ҳокимияти мавжуд бўлади.

Иккинчи турдаги, патримониал ёки унинг замонавий кўриниши бўлмиш неопатримониал бошқарувга асосланган давлатнинг кучи эса фақат авторитар ҳукмдор ёки бир тоифа шахсларнинг ўзбошимча хоҳишига боғлиқ бўлади. Бундай давлатда бошқарув қатъий қонунлар, универсал принциплар асосида эмас, балки шахсий алоқалар ва ҳукмрон қатламга садоқатлиликка асосланади, қонун устуворлиги принципи маълум манфаатларга бўйсундирилади. Қонунийликнинг устуни бўлиши керак бўлган суд тизими эса ижро ҳокимиятига содиқ бўлади ва ундан мустақил фаолият юрита олмайди. Иқтисодий масалалар шахс ҳуқуқларининг ажралмас қисми эмас, балки ҳукмдор ҳокимиятининг хоҳиши доирасидаги бир масала сифатида кўрилади.

Учинчи тури – харизматик. Бу тур асосий мавзуга кирмаслиги учун уни бу ерда ёритмаймиз.

Демак, юқоридаги ҳуқуқий-мантиқий жамиятдан фарқли ўлароқ бундай патримониал/неопатримониал жамиятда шахснинг иқтисодий эркинлиги ва мулкининг ҳимояси оғир аҳволда қолади, бозор иқтисодининг ривожланиши учун зарур бўлган эркин иқтисодий муносабатлар заволга учрайди.  

2. Бозор муносабатлари шаклланиши учун муҳим бўлган институтлар

Капитализмнинг вужудга келишида давлат бошқаруви муҳимлигини кейинчалик иқтисоддаги «институционал» йўналиш ҳам маъқуллаб чиқди. Институционал йўналиш отаси бўлмиш Нобел мукофоти совриндори Доглаз Норз бозор муносабатларининг ҳаққоний шаклланиши ва ишлаши учун маълум институтларнинг заруратини кўрсатиб берди. Хўш, бу институтлар нималар?

Хусусий мулк, шартномалар ижроси ва одил суд тизими

Институт деганда жамиятдаги ноаниқликни камайтирадиган ҳамда инсонлар хатти-ҳаракатини тартибга соладиган турли норма ва қонун-қоидаларни тушунамиз. Оддийгина чорраҳадаги светофор йўлда ҳаракатланадиган барчанинг хатти-ҳаракатини тартибга солиб туради – қизилда тўхтайсиз, яшилда юрасиз. Йўл ҳаракатига ўхшаб, бозор муносабатларини ҳам тартибга солувчи муҳим институтлар мавжуд. Шулардан бири мулк ҳуқуқи ҳисобланади.

Мулк ҳуқуқи нафақат бозор муносабатларининг асоси, балки иқтисодий ривожланиш учун ҳам муҳим омилдир. Умумий маънода мулк ҳуқуқи деганда маълум шахс ўзига тегишли бўлган моддий неъматдан ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз хоҳишича тасарруф қила олиши тушунилади.

Мулк эгаси қачонки мулкининг жамиятнинг бошқа аъзолари тажовузидан омонда ва унинг ҳимояси давлат қарамоғида эканлигига ишонч ҳосил қилса у ўз мулкини қўшимча қиймат яратишга ишлатади. Шунингдек, мулк эгаси ўз мулкидан қўшимча қиймат яратишда турли шартномалар тузар экан, уларнинг ижро этилишини таъминлайдиган ва низолар вужудга келганда уларни бетараф ҳал қила оладиган одил суд мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Бошқача қилиб айтганда, қонунларнинг бетараф татбиқ этилишига ишонч бўлмаган жамиятдаги мулк аслида қўшимча қиймат яратиш жиҳатидан «ўлик» мулк ҳисобланади. Мулкимиздан эркин фойдалана олмасак, унинг кафолати эвазига банкдан кредит олиб эркин тадбиркорлик қила олмасак, бу мулкдан бизга ва жамиятга наф йўқ. Демак, мулк турли шартномалар орқали қиймат яратиши учун даставвал давлат жамият манфаатидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқий муҳит шакллантириши, турли мулк шаклларини белгилаши ва уни муҳофаза қиладиган бетараф ва одил суд тизимини яратиши зарур. Ва, энг муҳими, ўзгалар мулкини тортиб олиш кучига эга бўлган давлатнинг хатти-ҳаракатлари албатта қонун доирасида чегараланиши шарт.

3. Бозор муносабатлари ва хаёлий капитал

Юқоридаги институтлардан ташқари, давлатнинг бозор муносабатларини шакллантиришда бошқа муҳим вазифалари ҳам мавжуд. Англияда эркин бозорнинг (laissez faire) келиб чиқиши тарихини муҳокама қиларкан, машҳур иқтисодиёт тарихчиси Полани «агар давлат бўлмаганида, бозор иқтисодиёти ҳам бўлмас эди», дейди ишонч билан. Унинг фикрича, эркин иқтисодиётнинг ўз-ўзидан ҳеч қандай давлат аралашувисиз вужудга келиши бу – мифология. Нима учун? Сабаби шуки, агарда қуйидаги 3та хаёлий капитал (fictitious) – ер, ишчи кучи ва пул бўлмаса ҳеч қачон бозор муносабатлари вужудга келмайди. Буларнинг ҳар бири давлатнинг бозор муносабатини йўлга қўювчи муҳим бир вазифасини акс эттиради. Давлат ер таъминотини тартиблаш билан бирга унга ким эгалик қилишини ҳам белгилаб беради. Меҳнат ҳуқуқларини тартибга солиш воситасида ишчи ва иш берувчи муносабатларини маъёрлайди, пул муомаласини қоидалаб, иқтисоднинг юришини белгилайди.    

Давлат кучи: заифлик ва кучлилик

Иқтисодий ривожланишга олиб келадиган бозор муносабатлари учун давлатнинг роли муҳим экан, нега унда мустақиллигини анча олдин қўлга киритган Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг айрим давлатлари ҳамон қашшоқликдан чиқиб кета олишмаяпти?

Муаммо шундаки, бозор муносабатлари учун муҳим бўлган бу институтларни шакллантириш кучи ва имконияти ҳамма давлатларда ҳам мавжуд эмас. Хўш, қандай кучга эга бўлган давлат бунинг уддасидан чиқа олади? Давлатнинг имконияти деганда унинг самарали ва қонуний бошқара оладиган кучини тушунсак, бу кучни уч ўлчамда (dimension) кўришимиз мумкин: институционал, сиёсий ва ижроия.  

Институционал ўлчам давлат сиёсий институтлари мустақиллиги, кучи, якдиллигидир. Давлат қай даражада мулк ҳуқуқини шакллантиради, уни ҳимоя қилади ва бозорда рақобатни таъминлай олади – булар институционал муҳитнинг сифатига боғлиқ. Бу ерда муҳим омил – давлат қай даражада бошқа ички гуруҳлардан мустақиллиги ва ажралганлигидир. Агар давлат қарорларига маълум манфаатдор гуруҳлар таъсир этса ёки давлатни бундай гуруҳлар эгаллаб олган бўлса, давлатнинг хатти-ҳаракатлари халқнинг эмас, ўша гуруҳларнинг манфаатини кўзласа, бу давлат институционал ўлчамда жуда заиф ҳисобланади. Бундай давлат самарасиз бўлиб, табиийки, коррупция ва бошқа кўплаб иллатларнинг ўчоғига айланади. Институционал тарафдан кучсиз бўлган бундай давлатда қарорлар халқ манфаатини кўзласада, уларнинг ижроси ички гуруҳлар томонидан таъсирсиз ҳолга келтирилади.

Сиёсий ўлчамда давлат билан жамиятнинг узвий боғлиқлиги давлатнинг кучини белгилайди. Яъни давлатнинг жамият билан ҳамкорлиги қай даражада кучли бўлса, давлат жамиятдан айри бир институт бўлмаса давлатнинг ижтимоий кучи ҳам мустаҳкам бўлади. Буни том маънодаги фуқаролик жамияти деб атаса бўлади.

Жамият кучсиз бўлса давлат жамиятдан мустақил ҳолатга келади. Натижада мамлакат бойлиги фақат кучли гуруҳлар орасида бўлиниб, давлат уларга сиёсий манфаат учунгина боғланади. Бу дегани давлат ва жамиятнинг алоқаси фақат юқоридаги элита қисм қўлида жамланади ва бу сиёсий-иқтисодий олигархияни келтириб чиқаради.

Ниҳоят, давлатнинг ижроия ўлчамдаги кучи у қай даражада қонунчилик, таълим, инфраструктурага ўхшаш умумий тизимни таъминлай олиши билан ўлчанади. Бу албатта унинг маъмурий тизими қай даражада тўғри шаклланганига, ижро органи қай даражада топшириқларни вақтида бажара олишига, бюджет маблағларининг самарали истифода этилишига (талон-торож этилмаслигига) боғлиқ. Кучли давлат юқорида келтирилган омилларнинг барчасига жавоб бера оладиган давлатдир.

Ижроия ҳокимият, суд, прокуратура, ОАВ каби ҳокимият турлари бир-биридан айри бўлмаса, бир-биридан мустақил бўлмаса, давлатнинг кучи бир тоифанинг манфаати йўлида хизмат қилса, жамият давлатга буткул қарам бўлса, бундай давлат кучсиз давлат ҳисобланади. Бундай давлатнинг бозор муносабатларини шакллантириш учун кўзлаган ҳар қандай аралашуви самарасизлик, эркинликларнинг чекланиши ва коррупцияни урчитиш билан якун топади.

Хулоса

Юқоридаги таҳлилга асосланиб шуни айтиш мумкинки, ўтиш даврида турган Ўзбекистон учун бозор муносабатлари шаклланиши ва унда инвестор ва тадбиркорлик эркин ҳаракат қила олиши учун энг аввало сифатли бошқарувга эга бўлган давлатнинг аҳамияти улкан. Бошқаруви қонунларга эмас, шахсларга содиқлик асосига қурилган, сиёсий институтлари тарқоқ ва фақат маълум қатлам хизматини қиладиган, жамият босимидан мустақил бўлган давлат ҳеч қачон бозор муносабатларига зарур бўлган ҳуқуқий тартибни яратишга, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга, одил судловни шакллантиришга қодир бўлмайди.  

Давлат ўз вазифаларни адо қила олиши учун институционал, сиёсий ва бошқарув ўлчамда кучли бўлиши керак. Қачонки шундай давлат қура олсак, ҳақиқий эркин бозор муносабатларини шакллантиришимиз мумкин бўлади.

Бекзод Закиров
Токио университети талабаси

Top