21:50 / 18.06.2019
40666

Эркинжон Турдимов Самарқанддаги Университет хиёбони ҳақида тарқалган хавотирли хабарлар юзасидан ойдинлик киритди

Бугун, 18 июнь куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят раҳбари Эркинжон Турдимовнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ва самарқандлик блогерлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Кўпроқ, матбуот анжумани кўринишини олган мазкур учрашувда Самарқанд шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш соҳасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида сўз борди. Вилоят ҳокими йиғилганларнинг ва «Фейсбук» тармоғида учрашувини жонли эфирда кузатган фойдаланувчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Таклифимизга розилик бериб, келганларингиздан хурсандман. Биз ОАВ ва жамоатчилик билан яқин алоқада бўлишимиз керак. Агар шаффофлик ва очиқлик таъминланса, ишимизда унум ҳам бўлади, барча масалаларга жавоб ва ечим топилади, турли гап-сўзларга ўрин ҳам қолмайди», — деди Эркинжон Турдимов.

«Бугун кўп раҳбарларимиз янгича дунёқараш билан иш олиб боряпти, деб айта олмаймиз. Шунинг учун кўпчилиги журналистлардан қочади, кимдир танқид қилса ўша журналистга ёпишиб олишади. Энди бундай иш юритишдан воз кечадиган пайт келди. Биз топшириқ берганмиз: вилоят ва тумандаги раҳбарларнинг эшиги доимо очиқ бўлиши керак».

Шундан сўнг вилоят ҳокими Университет хиёбонидаги олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўз очди.

«Кейинги кунларда Университет хиёбони атрофида турли гап-сўзлар ва муҳокамалар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Таъкидлаб айтмоқчиманки, ким қандай фикр билдирганидан қатъи назар, журналистлар ва жамоатчиликка ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки одамлар шаҳар ҳаётига бефарқ эмасликларини намойиш этиб беришди.

Ўзи хиёбонни ободонлаштириш ғояси қаердан пайдо бўлди? Йил бошида биз вилоятимизнинг катта гуруҳини Анқара шаҳрида шу масалада тажриба алмашиш учун жўнатган эдик. Улар Анқаранинг Кечиўрен туманида бўлиб, уларнинг бу борадаги ютуқ ва тажрибасини ўрганиб қайтишди. Кейин Кечиўрендан мутахассислар Самарқандга ҳам келишди ва улар шаҳарни ободонлаштириш, жумладан Университет хиёбони ҳақида ҳам ўз тавсияларини беришди.

1870 йилда барпо этилган, 1050 метр узунликдаги Университет хиёбони Самарқанднинг энг сўлим гўшаси, бизнинг юзимиз. Лекин бу ерда одамлар сайр қилмай қўйишган. Чунки ўтириш учун ўриндиқлар ҳам йўқ. 15-20 йил муқаддам экилган ўтлоқлар ҳануз янгиланмасдан турибди.

Биз узоқ кенгашиб, иш бошлаганимиздан сўнг ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли эскизлар ва расмлар эълон қилина бошланди. Бизга турк дизайнерлари битта хомаки лойиҳа ташлаб беришганди. Ўша сурат билан майдон атрофи ўралганди. Лекин интернетда келиб чиқиши бизга номаълум бўлган 24тача эскизнинг сурати тарқалибди.

Биз Университет хиёбони қиёфасини бузмоқчи эмасмиз, лекин тўлиқ ободонлаштириш режамиз бор. Хиёбонда учта йўлак бор: ўртада кенгроқ тош йўлак, икки ёнида қум тўшамали йўлак.

Бугунги кунга келиб, хиёбон остидаги коммуникация тармоқларининг барчаси чириб битган ва мутлақо яроқсиз. Суғориш тизими қарийб ишламайди.

Ниятимиз — ўртадаги асосий йўлакка бир умрлик қилиб табиий гранит тоши ётқизиш. Икки ён йўлакда югуриш йўлаги ва велойўлак қилинади. Хавфсиз бўлиши учун бу йўлаклар резина материалдан тайёрланади.

Биз дастлабки қисм сифатида 180 метр жойни ободонлаштирамиз. Хиёбонда бирорта дарахт кесилмайди. Бошқа манзарали дарахтлар ва гуллар экилади. Университет хиёбонидаги ҳар бир дарахт рақамланади ва паспорт берилади. Суғориш ва электр таъминоти коммуникациялари тўлиқ алмаштирилади. Йўлаклар классик услубдаги торшерлар билан ёритилади. Айни пайтда хиёбонда жойлашган иккита фаввора ҳам реконструкция қилинади. Ҳозирги кунда фойдаланилмай ётган ер ости насос станцияси ўрнида ҳожатхона барпо этилади. Умуман, ҳожатхона борасида уч хил таклифлар берилмоқда.

Марказий йўлак бўйлаб, қуйма чўяндан ўриндиқлар, Wi-Fi зоналар ташкил этилади. Хиёбон тарихидан ҳикоя қилувчи панно, соат устунчаси ва шаҳар режаси тасвирланган ойнаванд билдиришнома ўрнатилади.

Келажакда, мазкур хиёбонни давом эттириб, уни СамДАҚИ олдида жойлашган хиёбонга улаш режаси ҳам бор», — деди Турдимов.

Вилоят ҳокими шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ташкил этиладиган, ободонлаштириладиган истироҳат боғлари ва хиёбонлари ҳақида ҳам маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилда Сўғдиёна масканидаги Самарқанд автомобиль заводи яқинидаги ва Огаҳий маҳалласидаги хиёбонлар ҳам замонавий кўринишда ободонлаштирилади. Кимёгарлар шаҳарчасида эски маданият уйи реконструкция қилиниб, янги истироҳат боғи ташкил этилади. 2018 йилдан кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган шаҳарнинг янги — Қорасув массивида ҳам бугунги кун талабларига мос маданият ва истироҳат боғи, стадион барпо этилади. Бундан ташқари, айни пайтда шаҳардаги Алишер Навоий номли марказий маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда.

«Самарқандда кечқурун оилавий сайр қиладиган гўшалар жуда кам. Бу ҳол туризм шаҳри мақомига асло тўғри келмайди. Биз ярим тунгача бемалол ишлайдиган мана шундай хушҳаво гўшаларни кўпайтиришимиз керак», — деди Турдимов.

Вилоят ҳокими шаҳарнинг бошқа қисмларидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида гапирар экан, Самарқанднинг сайёҳлик шаҳри салоҳиятига алоҳида тўхталди. Чунончи, бу йил шаҳарга узоқ хориж давлатларидан келадиган сайёҳлар сони 510 минг нафарни ташкил этишига урғу берди.

«Самарқандни сайёҳлик марказига айлантирмоқчи бўлсак, унинг тарихий жозибасини сақлашимиз керак. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 1123 гектар тарихий, 1369 гектар буфер зона мавжуд. Ушбу ҳудудларда 9,5 мингта турар жой, 1,2 мингта нотурар жой объектлари бор. Бу ерда кўп қаватли бинолар қуриш, транспорт воситалари қатновини ва тезлигини чеклаш устида ишлашимиз лозим. Шаҳар тарихий қисми ҳисобланувчи марказдаги маъмурий бинолар, кўп қаватли уйларни бошқа жойларга кўчирамиз. Самарқанднинг тарихий қисмини асл ҳолича сақлаган ҳолда, турар жойлар ва бошқа объектларни шаҳар ташқарисида қуриш орқали уни янада кенгайтириш режалаштирилган. Тарихий марказда фақат меҳмонхоналар ва туризм учун хизмат қиладиган объектлар бўлади», — деди у.

Самарқанд шаҳрида янгидан барпо этиладиган тураржойлар ҳақида гапирар экан, ҳоким шундай деди:

«Икки йилдан буён Самарқанд туманидаги Қорасув массивидан жой ажратилиб, бу ерда шаҳар аҳолиси учун кўп қаватли уйлар қуришга киришдик. Яқин йилларда бу ер 100 минг аҳоли яшайдиган шаҳарча бўлади. Ўтган йил 7 ва 9 қаватли уйлар қурилган бўлса, бу йил 12, 14, 16 қаватли замонавий уйлар барпо этилмоқда. Тегишли ташкилотлар лойиҳаларимизни тасдиқлашса, келгуси йил Қорасувда 30 қаватли уйлар қурилиши бошланади. Кимёгарлар шаҳарчаси ва Сўғдиёна масканини боғлайдиган Нарпай кўчасида ҳам қурилиш ишлари мўлжалланган».

Учрашув давомида Эркинжон Турдимов шаҳарда 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити объектлари, шаҳардаги каналлар ва ариқлар атрофини ободонлаштириш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш каби масалалар бўйича ҳам журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири

Top