10:10 / 19.06.2019
9096

«Челси» Фрэнк Лэмпард билан 3 йиллик шартнома бўйича келишиб олди

«Челси» собиқ футболчиси Фрэнк Лэмпард билан бош мураббий лавозими юзасидан шартнома шартларини келишиб олди, деб хабар тарқатди журналист Николо Скира.

«Тасдиқлашди: Фрэнк Лэмпард «Челси»нинг янги мураббийи бўлади. У 2022 йилгача мўлжалланган битим имзолайди», – деб ёзди журналист твиттер саҳифасида.

Хабарларга қараганда, «кўклар» Фрэнкнинг ҳозирги иш жойи «Дерби Каунти»га 4,5 млн евро миқдорида товон пули тўлайди.

The Times маълумотига кўра, «Челси» хўжайини Роман Абрамович Лэмпард билан музокаралар ўтказиб, уни ҳатто салбий натижалар кузатилган тақдирда ҳам камида икки йил истеъфога чиқармасликка ваъда берган.

Маълумот учун, 40 ёшли Лэмпард мураббийлик фаолиятини бир йил олдин бошлаган. Унинг дебют мавсумида «Дерби Каунти» Чемпионшипда 6-ўринни эгаллади; АПЛга чиқиш плей-оффида финалгача етиб бориб, Премьер-лига остонасида «Астон Вилла»га ютқазди (1:2).

Эслатиб ўтамиз, «Челси»ни бир йил бошқарган Маурицио Сарри «Ювентус»га ишга ўтиши ўтган ҳафта охирида расман маълум қилинган эди.

Top