БАРСЕЛОНА – ХЕТАФЕ (24 феврал, 22:30)

«Хетафе» турнир жадвали бўйича қараганда Испаниянинг энг ўртамиёнаси бўлиши мумкин, мадридликлар 10-ўринда, «Барселона» билан орадаги фарқ – 20 очко, ўйин Барселонада бўлади. Аммо ишонаверинг, бугунги муаммоли «Барселона» учун «Хетафе» ҳам услубан, ҳам вазият тақозоси билан энг ноқулай рақиб. Жамоаларнинг охирги 4 ўйинида атиги 1 та гол Педри томонидан урилгани, қолган уч ўйинда умуман ҳисоб очилмагани ҳам «Барселона»ни жиддий қаршилик кутаётганини тасаввур қилиш учун етарли. «Барса» мавсумда умуман осон ғалаба қўлга кирита олмаётганини ҳам ёдда тутиш лозим. Мезбонлар мухлислари учун умид берувчи яна бир статистика – «Барселона» 18 ўйиндан бери ўз майдонида «Хетафе»га мағлубиятга учрамаган – 14 ғалаба ва 4 дуранг.

Услуб тилга олингани ҳам бекорга эмас, «Хетафе» лигада энг қўпол жамоа саналади – шу пайтгача Бардалас шогирдлари 9 маротаба қизил карточкага лойиқ кўрилган. Таркибнинг аксарияти ҳали йигирма ёшгаям тўлмаганини эътиборга олсак, Хави бугунги таркибни танлашда буни эътиборга олишини ҳам кутиш мумкин. Зеро сўнгги 9 учрашувдан бери асосий таркибда тушаётган Ямал ниҳоят бу сафар дам олиши ҳақида хабарлар чиқди. Бундан ташқари, «Барселона» таркибида бирданига 4 футболчида 4 тадан сариқ карточка мавжуд. Яъни ушбу учрашувда рақиб провакациясига берилиб, қўпол ҳаракат қилса, Араухо, Канселу, Ромеу ва Левандовскилар кейинги ўйинга дисквалификацияга учраши мумкин. Кейинги ўйин эса Билбаода, асосий рақиблардан бири «Атлетик»га қарши.

«Хетафе» таркибида жароҳатлар йўқ, аксинча, «Барселона»га қарши ҳар қандай Мадрид жамоаси сингари, бор кучини намойиш қиладиган футболчилар бор. Масалан, асосий ҳужумчи Борха Майорал «Реал» тарбияланувчиси саналади. Хайме Мата эса ўз вақтида «Жирона» сафида ҳам тўп сурган, «Барселона» кўригидан қайтиб келган футболчилардан бири. Айниқса, Мэйсон Гринвуднинг ўйини ҳам ҳар икки томон учун қизиқ бўлса керак, зеро Гринвудни ёзда «МЮ» сотиши мумкинлиги, асосий харидорлардан бири сифатида эса «Барса» тилга олинаётгани ҳам сир эмас.

БАВАРИЯ – ЛЕЙПЦИГ (24 феврал, 22:30)

Қаторасига уч ўйинда мағлубиятга учраб, бир ҳафтада ҳам Чемпионлар Лигаси, ҳам Бундеслигадаги позициясини оғирлаштириб қўйган «Бавария»ни навбатдаги ўйинини кузатиш кўпчилик учун қизиқ бўлиши табиий. Кечаги ғалабадан сўнг «Байер» орадаги фарқни 11 тага етказиб олди, яъни ҳатто 8 очколик фарқни сақлаб қолиш учун ҳам мезбонларга ғалаба шарт. «Байер»нинг ҳозирги шаштидан келиб чиқсак, мюнхенликларда имконият бўлиши жуда қийин бўлса ҳам, сўнгги пайтгача таъқиб қилиш зарур эканини ўтган мавсум ҳам исботлаб берган. Эсингизда бўлса, Дортмунд жамоасининг охирги турдаги кутилмаган мағлубияти чемпионликни «Бавария»га тортиқ қилиб юборганди.