02:10 / 20.06.2019
13561

АҚШда хавфли материаллар ва қурол ташиб кетаётган поезд рельслардан чиқиб кетди

Фото: Elko Daily Free Press

АҚШнинг Невада штатида хавфли материаллар ва қурол ташиб кетаётган поезд рельслардан чиқиб кетди. Бу ҳақда Элко округи шерифи идораси Facebook’да маълум қилган.

Воқеа жойидан олинган лавҳаларда 10 дан кўпроқ вагон рельслардан чиқиб кетгани, бир қисми ағдарилганини кўриш мумкин бўлган. Вагонлар устида оқ модда устуни кузатилган.

“Union Pacific Railroad’нинг хабар беришича, рельслардан ҳаммаси бўлиб 22 та вагон чиқиб кетган, уларнинг биридан ўсимлик ёғи оқиб кетган”, дейилган полиция хабарида. 

Полициянинг дастлабки хабарида “хавфли модда” оқиб кетгани айтилган. Полиция маълумотларига кўра, вагонлар устида кузатилган оқ кукун алюминий оксиди бўлиб чиққан. 

Маълумотларга кўра, поезд аммоний нитрати, граната, ўқ-дорилар ва ўқотар қурол олиб кетаётган бўлган. Қурол ортилган вагонлар таркибнинг бошқа охирида бўлган ва рельслардан чиқиб кетмаган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.  

Воқеа сабаби аниқлаштирилмоқда.

Top