Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса, КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси (ГРУ) ходимларидан жуда кўпчилиги АҚШ ёки Европа давлатларига қочиб ўтганини кўриш мумкин.

Уларнинг аксарияти АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, аксинча МИ ва МРБ ходимлари советлар фойдасига ишлаган.

КГБ жосусларининг Ғарбга қочиб ўтишларига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳламаганини айтган.

Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлишган ва Ғарбга қочиб ўтган. Шундай бўлса-да, уларга МРБ ёки МИ томонидан катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.

Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.

Уларнинг айримлари советларнинг «бутун дунёни тенг қилиш» ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари советлар томонидан тўланган мўмай пулга қизиққан.

Ҳар икки томон бир-бирига қарши жосусларни тайёрлар экан, улар турли усулларда ишларди. Масалан, “нолегал жосуслар” деб аталадиган жосуслар бошқа давлатга боргач, тамомила бошқа одамга айланар ва унинг америкалик ёки рус эканини ҳеч ким билмасди.

2020 йилда Россия федерал хавфсизлик хизмати совет даврида хорижда ишлаган ана шундай “нолегал жосуслар”дан бир гуруҳини ошкор қилди. Улар Ғарб давлатларида “испан”, “француз” бўлиб яшаган.

Яна бир тоифа жосуслар бор, улар икки томонга ҳам ишлайди ва икки томондан пул олади. Бундай жосуслар гарчи ўз давлатининг хавфсизлик хизматида ишласа ҳам рақиблар билан ҳамкорлик қилади.

Бундай жосуслар “икки томонлама жосуслар” деб аталади. Икки томонлама жосусликнинг бошланишига ҳам баъзида пул, бошқасида эса маълумот алмашиб туриш учун рақиб билан ҳамкорлик сабаб бўлади.

Аслида икки томонлама жосус бўлиш жуда хавфли иш. Бунда жосус исталган вақтда томонларнинг бирига қўлга тушиб қолиши эҳтимоли юқори. Бироқ катта пул туфайли жосуслар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам икки томонлама ишлаган.

Қуйида Ғарб ва советлар ўртасидаги кескин рақобат пайтида икки томонлама ишлаган энг машҳур жосуслар ҳақида сўз юритамиз.