21:45 / 20.06.2019
5643

Самарқанд шаҳрида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилмоқда

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати

Самарқанд шаҳрида 19–21 июнь кунлари шаҳар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кучишлатар тизимларнинг ўқув машғулот ўтказилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Машғулот давомида олиб қочилган транспорт воситасини қидириш, ўта хавфли, қуролланган жиноятчилар гуруҳини қидириш, аниқлаш ва уларнинг жиноий ҳаракатларини тўсиш; ўта хавфли жиноятчиларни қуролсизлантириш ва ушлаш учун зарур шарт-шароит яратиш; оммавий тартибсизликларни бартараф этиш ва бўйича амалий машқлар ўтказиляпти.

Машғулотларга Ички ишлар идоралари, Миллий гвардия, Марказий ҳарбий округи бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ёнғин хавфсизлиги хизмати, Чегара қўшинлари, Божхона бошқармаси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги вакиллари ва жамоатчилик вакиллари ҳамда соғлиқни сақлаш хизмати жалб этилган.

19 июнь куни эрта тонг соат 6:00да бошланган ўқув машғулотлари 21 июнь куни кечгача давом этади. Бунда шаҳар бўйлаб, ҳар қандай фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш бўйича тадбирлар амалга оширилади.

Машғулотдан кўзланган мақсадга, яъни махсус-тезкор режалар бўйича шахсий таркибнинг билим савиясини ва жанговар шайлигини оширишга эришилиб, ҳар қандай фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирларга аниқликлар киритиляпти.

«Шу сабабли шаҳар аҳолиси ўртасида турли тушунмовчиликлар ва ҳар хил шов-шув гаплар тарқалмаслиги, саросимага тушиш бўлмаслигини сўраймиз», — дейди вилоят ИИБ ўз маълумотномасида.

Top