21:51 / 22.06.2019
54725

Туркманистон президентига «Ашхобод-сити»нинг улуғвор лойиҳаси намойиш этилди (видео)

20 июнь куни Ашхобод шаҳар ҳокимлигида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов йиғилиш ўтказиб, мамлакат пойтахтининг шимолий қисмида барпо этилаётган янги шаҳар қурилиши ишлари билан танишди, деб хабар бермоқда «Туркмандавлатхабарлари» давлат ахборот агентлиги.

Президентга бўлажак қурилиш лойиҳасининг эскизи намойиш этилган, шунингдек, Архитектура ва қурилиш вазирлиги, архитектура-қурилиш институти ҳамда Бадиий академия ўқитувчилари ва талабалари томонидан тайёрланган ҳажмли макет намойиш этилган.

Нашр маълумотларига кўра, шаҳар ичидаги шаҳар аллақачон «Ашхобод-сити» деган норасмий ном олган ва у 744 гектар майдонни эгаллайди. Унда 200 дан зиёд бино бўлади, уларнинг 180 тасини 12 қаватдан тортиб 35 қаватгача бўлган турар-жой бинолари ташкил этади. Тўртта ўрта мактаб ва яна шунча болалар боғчаси бўлган микротуман 107 минг кишининг яшашига мўлжалланган.

Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, объектлар дизайн ва қурилиш сифати нуқтаи назаридан замонавий стандартларга мос бўлиши, энергия сарфи, чиқиндиларни қайта ишлаш ва табиатни асраш жиҳатидан экологик талабларга жавоб бериши керак.

«Янги шаҳар мамлакат пойтахтининг шимолий қисмини аҳоли ва инвесторлар учун меҳнат қилиш ва бинес юритиш имкониятини берувчи янги иқтисодий марказга айлантириши, тадбиркорлик ва инновацияларни ривожлантириш учун муҳит бўлиши керак, шунингдек, Ашхобод аҳолисининг ўсиб бориши прогнозлари ҳисобга олинган ҳолда шаҳар ҳудудининг кенгайтирилиши учун асос бўлмоғи керак», — деб ёзади ТДХ.

Г.Бердимуҳамедов ситининг қурилишида «Давлат — инсон учун!» шиорига амал қилишни буюрган.

Top