«Ҳудудий электр тармоқлари»: янги тизим электр таъминотида муаммо қолдирмайди
Cамарқандда айни вақтга келиб 140 мингдан зиёд истеъмолчилар электр энергиясини ҳисоблашнинг мутлақо янги технологияси – электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)га уланди.
Натижада мазкур ҳудуд истеъмолчиларида АСКУЭ тизимини жорий этилиши билан дебитор қарздорликларни ундирилиши, истеъмолчилардан электр энергияси истеъмоли тўғрисида маълумотлар олиниши ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари олди олиниши масалалари сезиларли даражада яхшиланди.
Хўш, электр энергиясини ҳисоблашнинг янги тизими олдингиларидан нимаси билан фарқ қилади?
Энг аввало, мазкур тизим тўлиқ йўлга қўйилгач, электр энергияси етказишда чеклов бўлмайди. Чунки янги лойиҳа ҳар бир ҳудуд учун электр сарфини онлайн тарзда аниқ кўриб туриш имконини беради. Шунга асосан керакли миқдорда энергия етказиб берилаверади. Электр таъминотини бир маромда бажариш йўлга қўйилади. Қайси ҳудудда кучланиш юқори, қайси ҳудудда етарли эмас, барчаси назоратга олиниб меъёрий ҳолат ушлаб турилади. Илгари эса электр сарфи тахминан белгиланиб шунинг ҳисобига узилишлар рўй берарди.
Юқоридаги онлайн назорат ўз ўрнида тизимда зўриқишлар натижасида юзага келадиган энегия йўқотишни ҳам максимал даражада пасайтиради.
Истеъмолчилар эса тўловни “click” орқали қўл телефонидан ўтказиб қўяқолади. Яъни истеъмолчилар банк ёки электр таъминоти корхоналари бориб, навбатда туриб тўлов қилишларига ҳожат қолмайди. Соҳа ходимлари ёхуд МИБ назоратчиларнинг ташрифи, ҳисоблагич кўрсатгичлари билан танишига ҳожат йўқ.
Умуман, ушбу тизимнинг энг катта қулайликларидан бири – ишда инсон омилининг ниҳоятда паст эканлигида. Иккинчидан, ҳисоблагич ўрнатилгач, тизимга уланади, код киритилиб, ҳисоб рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобил телефон рақамига уланиши тўловни уйдан чиқмай “online” режимида амалга ошириш имконини беради. Энг муҳими, “шахсий кабинет” орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.
Ушбу «Ақлли» ҳисоблагичларнинг яна бир хусусияти шундаки, маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Шунингдек, энергия тўлови тўланмаган тақдирда масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга. Ушбу ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.
Самарқанднинг Паст Дарғом туманида ўтказилган синов ишларида ҳам ана шу хусусиятлар яна бир бор кўриб чиқилди. Мазкур туманда 15 000 абонент ЭСКУЭ тизимига уланган бўлиб Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ходимлари, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, “Самарқанд электр тармоқлари корхонаси” вакиллари иштирокида ўтказилди. Синов тизимнинг бенуқсон эканини кўрсатиши билан бирга янги ҳисоблагич ўрнатилган ҳудудда электр энергияси истеъмоли 18 фоизга камайганини кўрсатди. Иқтисод қилинган электр энергияси авариялар ёки чеклаш натижасида эмас, балки замонавий технологиялар туфайли юзага келди.
– Илгари турли сабаблар билан кучланиш ошиб кетса, уйдаги электр жиҳозлар куйиб қоларди, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи истеъмолчилардан бири. – Ҳозир эса, ана шу кўнгилсизлик бирор марта рўй бермади. Фақат бир хил кучланишга эга электр энергия билан таъминланганмиз.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вакили Равшан Ботиров қуйидагича тушунтириб берди:
– Мазкур ҳисоблагичлар “ақлли” ускуна ҳисобланиб, кучланиш бирдан меъёридан ортиқ ошиб кетса автоматик тарзда ўзи ўчиб қолади. Ўз навбатида вилоят электр тармоқлари корхонасида жойлашган марказий компьютер – серверга бу ҳақда “online” ахборот пайдо бўлади. Умуман, марказий сервер тизимнинг “юраги” ҳисобланиб, нафақат вилоят, балки алоҳида бир ҳудуд, ҳатто ҳар бир абонентнинг электр истеъмоли сарфи бўйича ҳам тўлиқ ахборот йиғиб боради. Ҳар қандай тушунмовчиликка шу ердан туриб жавоб олиш мумкин. Бугунги кунда Самарқандда 750 минг нафардан зиёд истеъмолчи бўлса, сервернинг қуввати жами 1 000 000 нафар истеъмолчига мўлжалланган.
Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари эвазига бепул ўрнатиб берилмоқда.
Айни вақтда Самарқандда ҳар куни ўртача мингта абонент ана шундай замонавий тизимга уланмоқда.
Мавзуга оид
15:49
“Ҳудудий электр тармоқлари”га янги раис тайинланди
22:42 / 17.09.2024
Тошкентда Бобур кўчасининг бир қисмида автомобиллар ҳаракати чекланади
15:21 / 20.08.2024
Ўзбекистонда ҳудудий электр тармоқлари бошқарувини хусусий секторга бериш бошланади
20:26 / 07.08.2024