10:21 / 25.06.2019
16430

ТИВ: Арис шаҳридаги ҳарбий қисм ҳудудидаги портлашлар натижасида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ

Фото: Казинформ

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Арис шаҳри ҳарбий қисми ҳудудидаги портлашлар натижасида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжуд эмас. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулхонаси маълумотига асосланиб Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур маълумот Туркистон вилояти бўйича Фавқулодда вазиятлар департаменти томонидан тасдиқланган.

“Вазият бош консулхона назоратига олинган. Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонасига (тел.: +7-717-295-42-52) ёки Олмаота шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади”, дейилади хабарда.

24 июнда 44,3 минг киши яшайдиган Арис яқинидаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар портлаши юз берди. Воқеа сабаби ва тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Шаҳар аҳолиси эвакуация қилинган. Охирги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 70 дан кўпроқ киши жароҳат олган, улардан 15 нафари шифохонага ётқизилган. Портлашлар юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Top