13:40 / 26.06.2019
40640

Очиқ чегара: Таксичининг саккиз ҳикояси — Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари ҳақида махсус лойиҳа

Сиёсатчилар, журналистлар ва экспертларнинг барча тоифаларининг икки аср оралиғида Евроосиё қитъасининг қоқ марказида нималар юз бергани ҳақидаги баҳслари тўхташига ҳали анча бор бўлса керак. Инсон моҳияти ва воқеалар мантиғига тўғри келмайдиган ақл бовар қилмас ҳодисалар юз берди.

1991. 31 август куни Тошкентда Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. 10 кундан сўнг — 9 сентябрь куни Тожикистон Республикасининг Шўрои Олий сессиясида «Тожикистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги қарори ва баёноти эълон қилинди.

1992. 5 майда Тожистонда фуқаролар уруши бошланди. Август ойи охирида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ушбу вазиятга аралашиш таклифи билан БМТга мактуб йўллади. Уруш натижасида 195 минг киши МДҲ мамлакатлари, асосан Ўзбекистон ва Россияга қочишга мажбур бўлган.

1992. Икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар тўхтатилди.

1996. Январь ойидаги айни қаттиқ совуқ кунлари Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш тўхтатилди.

2001. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза режими жорий этилди.

2009. Ўзбекистон Марказий Осиё энергия тизими таркибидан чиқди. Расмий Тошкент Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилишига қарши чиқишда давом этди.

2009–2010. Тожикистон Республикаси учун темир йўл транзитининг бир неча ойлик блокадаси.

2011. Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилди.

2012. Январь ойида таъмирлаш ишларини ўтказиш важи билан Тожикистон билан чегарадаги 16та ўтказиш пунктининг 9таси ёпилади.

2014. Сентябрь ойида Душанбеда ўтган ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистон – Тожикистон музокаралари бўлиб ўтади. Ушбу музокаралардан сўнг икки мамлакат ўртасидаги 500 млн. АҚШ долларидан 2,1 млн. АҚШ долларигача тушиб кетган товар айланмаси ҳажми яна ўса бошлайди.

2017. Икки мамлакат пойтахтлари ўртасидаги авиақатновлар, Ғалаба – Амузанг темир йўли қайтадан тикланади, Самарқанд – Панжакент участкасидаги А-377 халқаро автомобиль йўли очилади.

2018. Виза режими бекор қилинади. Ўзбекистон Тожикистон билан чегараларни миналардан тозалаш ишларини бошлайди. Тадбир 2019 йил охирида тугатилиши режалаштирилмоқда.

2019 йил 2 март ҳолатига кўра, Тожикистон – Ўзбекистон чегарасида барча 17та назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланади.

Қадимдан ёнма-ён, тинч-тотув яшаган, умумий анъаналар ва эътиқодга эга икки қардош халқлар бир-биридан ажралди. Юқоридаги йилномани биз бежизга «Совуқ уруш» деб атамадик. XX аср охири XXI аср бошларидаги тожик-ўзбек муносабатларида аллақачон жаҳон тарихи дарсликларига киритилган ўша машҳур «совуқ уруш»нинг барча аломатлари бор эди. Ҳатто, деворларгача бўлган аломатлар ҳам бор. 2018 йил февраль ойида «Саразм-Жартепа» (Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти чегараси) назорат-ўтказиш пунктидан олиб ташланган қисқагина уч метрли деворни Берлин девори билан таққослаб бўлмайди, бироқ... оддий инсон тилидан ҳикоя қилинган мана шу саккизта қисқа ҳикояни ўқиб, ўзингиз хулоса қиласиз.

Сиёсатчилар ва экспертлар ўз мақолаларида Ташқи ишлар вазирликлари ноталари, давлат раҳбарларининг баёнотлари, қандайдир мажлисларга таянадилар. Биз бугун президентларни ҳам, дипломатларни ҳам эсга олмаймиз. Воқеаларни ўз кўзи билан кўрган гувоҳ — журналистга керак бўлган холис ахборотнинг асосий манбаи. У чегарага туташган хўжандлик оддий таксичи Ўктам Хўжаевдир. У эшитишни биладиган инсон. Унинг йўловчилари — Марказий Осиёдаги ушбу «совуқ уруш»ни бошдан кечирган одамлар. Бу ҳикояларда ҳамма нарса: ҳаёт ва ўлим, муҳаббат ва айрилиқ, қувонч ва алам ёшлари ва албатта, умид бор. Демак, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси: қандай эди ва қандай бўлди?

(Таҳририятдан: Ўзбекистонлик ва тожикистонлик журналистлар томонидан тайёрланган «Очиқ чегара» махсус лойиҳаси билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин)

Биринчи ҳикоя. Эшитишни биладиган инсон

Ўктам Хўжаев 40 йилдан буён таксичилик қилади, одамларни чегарага олиб боради ва у ердан олиб қайтади. Совет йилларида у мижозларни Ўзбекистон шаҳарларига ҳам олиб юрган, чунки ўшанда чегаралар фақат қоғозда эди-да. Кейин эса, улар имконсиз ҳақиқатга айланди.

У шу йиллар давомида кўп нарсани кўрди: уруш, эркаклар кўзида ёш, назорат-ўтказиш пунктида ҳушидан кетган аёллар, нариги томонга яқинлари олдига ўтказиб юборишларини қор ва ёмғир остида соатлаб кутган чегарадаги инсонлар – буларнинг бари унинг кўз ўнгида бўлган.

Ўша оғир пайтларда у мижозларни соатлаб кутган бўлса, ҳозир унда тиним йўқ. Чегара ва чегара ортида сиёсатлардан чарчаган қон-қариндошлар, талабалар, операцияси фақат Ўзбекистонда қилиниши мумкин бўлган беморлар жам бўлишган.

Унинг «Опел» русумли машинаси бир кунда юзлаб километр йўл босяпти.

Ўктам камгап одам, бироқ эшитишни билади. Сўнгги 20 йил ичида у ўз йўловчиларидан шунчалик кўп воқеа эшитганки, улардан ўзбек-тожик муносабатлари, аниқроғи, энг оғир даврлар ва яқиндагина юз бериб, минглаб инсонлар ҳаётини яхши томонга ўзгартирган илиқлик ҳақида бутун бошли китоб ёзиши мумкин эди, эҳтимол.

Иккинчи ҳикоя. Тожикистонлик келин

«Барча бахтли оилалар бир-бирига ўхшаб кетади, ҳар бир бахтсиз оила ўзича бахтсиз», деб ёзган эди бир ярим аср олдин машҳур рус адиби. Ўшандан буён ўтган вақт давомида бу машҳур ибора қисман ақидага ҳам айланди. Бироқ бизнинг ҳолатимизда бунинг акси бўлди. Бизнинг қаҳрамонимиз такси ҳайдовчиси Ўктам ўз йўловчиларидан бир-бирига ўхшайдиган ўнлаб ҳикоялар эшитган. Ва булар бахтли оилалар эмасди.

СССР йилларида иттифоқ республикалари ўртасидаги чегаралар хаёлий бўлган, ўзбеклар ва тожиклар ёнма-ён яшашган, қиз бериб қиз олган пайтлар... чегаралар ёпилганидан сўнг, унинг икки томонидан юзлаб оилалар қолди. Сиёсатчилар оталарни фарзандидан, севишганларни, эр-хотинлар ва ҳатто фарзандларни ҳам ажратишди. Кўплаб ёш оилалар юзага келган вазиятнинг асирига айландилар. Келин куёвникига боролмайдиган, ёки аксинча, улар бирга бўлгач, уйга қайтолмай қолдилар – бунинг учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва шу каби бошқа амаллар бажарилиши талаб этилди. Кўпчилик қариндошлар учун бир неча километр нарига тўйга бориш эса, умуман имконсиз масалага айланди. Кимдир ойлаб визасини кутар, кимдир чегарадан ноқонуний ўтишга уриниб кўрарди.

Шу боис, оддий одамлар биринчи навбатда, оилаларнинг бирлашганини чегараларнинг очилиши ва икки мамлакат муносабатлари ўртасидаги «яқинлашув»нинг энг асосий афзалликларидан бири деб атайдилар.

Бекободлик Дилдора Раҳимбердиева:

Болалигимда қўшниларимизникига ўзбекистонлик қариндошлари тез-тез келиб туришарди. Улар орасида менинг бўлажак қайнотам ва қайнонам ҳам бўлган. Улар шу ерда туғилган. Бироқ собиқ СССР даврида Бекободга кўчиб кетишган. Мен уларни жуда ёқтирардим, уларнинг ўғли Зафаржон билан бирга ўйнардим. Мактаб йилларида биз дўстлашдик.

Кейин у армияга кетди. Мен Хўжандга ўқишга кирдим. Шундан сўнг икки мамлакат ўртасида тўсатдан чегара пайдо бўлди, бир-биримиз билан борди-келди қилиш қийинлашиб қолди. Зафаржон армиядан қайтгач, бизни унаштирдилар. Унинг ота-онаси менинг ўқишни давом эттира олишимни ваъда қилиб, ота-онамни кўндиришди.

Бироқ ота-онам менга чегаралар ёпилганини, вазият мураккаблашганини айтишди. «Сен бизникига келолмасанг, биз эса, сеникига боролмасак, қандай кўришиб турамиз?». Зафаржоннинг ота-онаси аҳвол яхшиланишига ишонишарди ва мени келин қилиб олишди.

Менинг қийинчиликларим ана шундан бошланди. Бир йил ўтмай фарзандли бўлдим. Ота-онам билан кўришиш учун чегарада 7-8 соатлаб навбатда турардим. Аскарлар: «Ким сени Ўзбекистонга турмушга чиққин деган?» деб айтишарди. Улар бизга нисбатан биз худди жиноятчилардек, қўпол муносабатда бўлишарди. Улар фақат менга ўхшаган ёшлар билангина эмас, 70-80 ёшли қарияларга нисбатан ҳам шундай эдилар.

Бу жуда алам қиларди. Мен турмуш ўртоғимга: агар чегарадан ўтсам, орқага қайтмайман, дердим. Мен ўқишни тугатдим ва ишга кириш масаласи пайдо бўлди. Мактабга ишга жойлашдим. Ўша вақтга келиб чегаралар бутунлай ёпилди. Виза тартиби жорий этилди. Виза олиш учун бир йил кутиш керак бўлди.

Бувам дунёдан кўз юмганида, мен назорат-ўтказиш пункти олдида уч кун йиғлаганман, бироқ барибир дафн маросимига бора олмаганман. Онам касал бўлиб қолганларида ҳам чегарадан ўтолмаганман. Кейин эса, акам бетобланиб қолди. Эрта тонгдан бошлаб, 10 соат давомида Тожикистонга қайтишга ҳаракат қилдим, лекин ҳеч нарсага эриша олмадим.

Шунда турмуш ўртоғим мени кечқурун чегарадан ноқонуний ўтказиб юборишларини гаплашиб келганини айтди. Бироқ шаҳарда назорат-ўтказиш пунктидан айланиб ўтишга ҳаракат қилган 25 яшар йигитни аскарлар отиб ўлдирганлари ҳақида миш-мишлар тарқалган эди.

Энди эса, ҳамма нарса ўзгарди. Аҳвол яхшиланди, ҳақиқат ғалаба қозонди. Шундан сўнг мен ҳам ўғлимни тожикистонлик қизга уйлантирдим. Ҳозир биз бир-биримизникига тинчгина бориб келамиз, фақат бир нарса – машинада чегарадан ўтиш қийинроқ ва бироз қиммат.

Яна бир муаммо: бошқа мамлакатдан бўлган, Ўзбекистонга турмушга чиққан қизлар фуқаролик олишда қийналишмоқда. Мен ҳам 25 йил фуқаролик олмаганман.

Виза олиш учун 20-30 АҚШ доллари, тезроқ виза олиш учун эса 70-80 доллар тўлаймиз. Бекободдан уйимизгача 5-10 километр, биз «Ойбек» постидан ўтамиз, бу эса, йўл харажатлари деганидир (150-200 километр). Қачон фуқароликни олишимиз номаълум...

Бироқ бугун бахтли кун — хонадоннинг барча аъзолари тўпланган. Бу нарса икки йил аввал ҳеч имконсиз эди ахир.

Учинчи ҳикоя. Шифокор хорижга чиқиш паспортини ёзиб берди

Қора маркер

Унчалик катта бўлмаган ёруғ хонада қора маркер деворга осилган. У йўқолиб қолмаслиги учун ип билан боғлаб қўйилган. Банкларда ёзув ручкаларини ёки тамаки кўча дўконларида ёндиргичларни шундай сақлашади. Пастда стул турибди. Унда чамаси ўттиз ёшлардаги эркак ўтирибди. Унга тиббиёт бахилалари ва бошига жарроҳлик шапкачасини кийдиришади.

— Менга қаранг, — дейди ҳамшира, — тўғри қаранг!

Ҳалиги эркак кўзини очмасдан бошини ҳамширанинг овози келган томонга буради. У кўрмайди, гўё ёруғлик уни қийнаётгандек, фақат кўзларини қисади холос.

Ҳамма нарса тайёр бўлгач, ҳамшира қўлини чўзиб, маркерни олади ва беморнинг чап қоши тепасидан қисқа қора чизиқларни чизади. Бу «сўнгги штрих». Ҳалиги кишини операция хонасига олиб кетишади. Боғлаб қўйилган маркер худди осма капгир каби ярим дақиқа давомида инерция бўйлаб у ёқдан бу ёққа тебранади...

— Бемор Тожикистондан келган. У узоқни яхши кўролмайди, биз унга сунъий кўз гавҳарини қўямиз. Ҳозир у минус 18 диоптрдаги кўзойнакларни тақяпти, операциядан сўнг минус бир яримлик кўзойнаклар ҳам унга кифоя қилади, - дейди Тошкентдаги клиникалардан бирининг бош шифокори Умар Убайдуллаевич Тошмуҳамедов.

Авваллари тожикистонлик беморлар кўз операцияси учун (кўпинча) Ҳиндистонга ёки Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург клиникаларига боришларига тўғри келган... Энди эса, тожикистонликлар, масалан Сўғд вилояти аҳолиси даволаниш учун яқинроқ жойга боришмоқда.

Қўшни мамлакатдан бизга катаракта ташхиси қўйилган беморлар узоқни кўра олмасликни даволаш (оптик-реконструкция операцияси), асосан шишасимон модда ва тўр пардада жарроҳлик операциясини амалга ошириш учун келишади (тўр пардада жарроҳлик операциясини амалга ошириш соҳаси Тожикистонда у қадар ривожланмаган). Оғир кўз жароҳатлари ёки қандли диабет билан касалланган беморлар ҳам учраб туради.

Илгари Ўзбекистонда даволанишни хоҳловчилар виза ҳужжатларини расмийлаштиришга узоқ вақт сарфланиши туфайли кечга қолардилар. Улар шифохоналарга келгунларича, касаллик анча кучайган бўларди. Энди эса, беморлар бир неча соатларда керакли тиббиёт муассасасида ҳозир бўлишмоқда.

Кўриш қобилиятим Тошкентда тикланди

2014 йилнинг 11 март куни хўжандлик ўқитувчи Субҳи Бегматова ишга кетишдан олдин кўзгуга яқинлашади ва ... ўзини кўра олмайди. Унинг чап кўзи деярли кўрмаётган эди. У бир неча клиникага мурожаат қилади, даволаниш тадбирларини бошлайди, дорихонама-дорихона югуради. Шифокорлар унга операция қилиш кераклигини тавсия қилишади, бироқ Тожикистонда бундай операцияни қилолмасликларини айтишади. Қардош Ўзбекистонга бориш қийин, шу боис Россия, яна ўша Москва, Екатеринбургга боришга тўғри келади...

— Бизда ўқитувчиларнинг маоши ҳамиша кам бўлган. Тўғри, бу ойликка яшаш мумкин, бироқ яхшигина пул тўплаш жуда қийин. Айниқса, тиббиёт операцияси учун, — дейди педагог.

Икки ой олдин у уйқуга ётаётган маҳалда ўнг кўзида ҳам қандайдир ўзгариш юз берганини ҳис қилади: хонадаги лампочка пушти ранг бўлиб кўринади. У шу заҳотиёқ шифокорига қўнғироқ қилади. Шифокор қандай дори ичиш кераклигини айтиб, эртасига зудлик билан ўзига учрашишини тайинлайди. Эрталаб ўқитувчи унинг қабулига боради. Шифокор сўраган биринчи нарса: - Хорижга чиқиш паспортингиз борми? - деган савол бўлади.

Тожикистон фуқароларининг Тошкентда даволанишлари анча арзонга тушади. Бундан ташқари, бу ерда уларнинг кўпчилигининг қариндошлари, дўстлари, Субҳи опанинг эса, ҳатто ўқувчилари ҳам яшашади. Бу дегани, йўлкира ва яшаш харажатлари ҳам иқтисод бўлади.

«Чегарадан ўтиш кўп вақт талаб этмадими?» деган саволга у ҳаммаси тез ўтганини ва чегарада уни илиқ кутиб олишганини айтди. Бундан ташқари, чегарачилар аёлнинг яхши кўролмаслиги ва узоқ кутилган операция учун Ўзбекистонга бораётганини эшитиб, уни навбатсиз ўтказиб юборишди.

Даволаниш учун Ўзбекистонга

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар очилиши билан қўшни давлатдан Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Нейрохирургия институтига келадиган беморлар сони ҳам анча ошди. Ана шулардан бири — Абдувосил Собиров.

— Тошкентга бориб даволанишим кераклигини бу ерда шифо топиб келган яхши одамлар менга тавсия қилишди, — дейди Абдувосил. — Чегаралар очилгунга қадар беморлар операцияни Россияда қилдирарди, бироқ бунинг учун жуда кўп пул керак эди. Чегаралар очилиши билан ҳаммаси ўзгарди. Бизнинг халқларимиз асрлар оша ёнма-ён яшаган, қариндошлар бир-бирлари билан борди-келди қилишган, ёшлар тўйларни нишонлаган. Қўшнимнинг хотини асли Тошкентдан. Чегара ёпилганида, байрамларда ёки қадрдонларникига меҳмонга бориш ҳам қийинлашган эди. Улар ҳар сафар виза расмийлаштиришга мажбур эди. Бир неча йилда бир марта боришарди. Ҳозир эса, президентларимиз шарофати билан аҳвол яхшиланди. Юртбошларимиз дўстлашдилар ва бундан ҳаммага фақат енгиллик бўлди.

Статистик маълумотларга кўра, мазкур институтда йилига 300дан зиёд нейрохирургик операция амалга оширилади. Шулардан 50дан ортиғи турли мамлакатлардан ташриф буюрган беморларда ўтказилади. 2018 йилда Тожикистоннинг қарийб 35 нафар фуқароси ёрдам сўраб, ушбу маскан шифокорларига мурожаат қилишган.

2016 йилда мазкур клиникада 160 нафар хорижлик бемор даволанган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони 350 нафардан ошган. Беморлар ўз уйларидан йироқда бўлсалар ҳам, яқинлари билан бемалол мулоқот қила оладилар – бу ерда Wi-Fi’дан фойдаланиш имконияти яратилган палаталар ҳам бор.

Чегаралар очилиши ва виза режими соддалаштирилиши билан Тожикистондан ташриф буюраётган беморлар сони бир неча баробарга ошди. Тошкентдаги шифокорларнинг сўзларига кўра, қўшни мамлакатдан келган беморлар асосан, бош мия, орқа мия, артрит касалликлари, эшитиш қобилиятида бузилишлардан шикоят қилади.

Тўртинчи ҳикоя. Хўжанд учун новвот

Ҳудудий иқтисодий алоқаларнинг асрлар оша йўлга қўйилган шаклларидан бири бўлган чегара савдосининг нечоғлик муҳим эканини иқтисоддан анча узоқ бўлган кишига ҳам тушунтириш шарт эмас. Айниқса бозор маданиятининг бир қисми, мулоқот қилиш жойи ва жамиятдаги кайфиятларнинг ва албатта иқтисодий вазиятнинг ўзига хос барометри бўлмиш Шарқда чегара савдо-сотиғи ниҳоятда аҳамиятли.

Чегаралар ёпилганида, Сўғд вилояти бозорлари ва дўкон пештахталари бўшаб қолган эди, десак хато бўлади. Бироқ, ушбу ҳудуднинг географик жойлашуви шундайки, қўшни Ўзбекистондан товар олиб келишга қараганда Душанбедан маҳсулот олиб келиш анча қийин. Айниқса, қишда, кўчкилар туфайли кўпинча довонни ёпиб қўйишганида бу жараён янада мураккаблашади.

Шундай бўлса-да, ҳатто «совуқ уруш» йилларида ҳам чегарадан кечаси яширинча товар олиб ўтган довюрак инсонлар бўлган. Одатда бундай ишлар билан аёллар шуғулланган. Улар 10–15 нафар бўлиб тўпланган ҳолда, тунги соат 2-3ларда таваккал қилиб, «тепалик ортига» отланишган.

Чегаралар очилиши билан ҳаммаси тубдан ўзгарди. Энди Ўзбекистондан бутунлай қонуний равишда ширинликлар, печенье, помидор, бодринг, гулкарам, қайтишда эса, қуритилган ўрик (туршак), малина, картошка олиб ўтишмоқда...

«Чегаралар ёпиқ пайтларда Ўзбекистондан жуда кам товар олиб келинар эди. Ҳозир аҳвол анча яхши. Чегаралар очилиши билан менинг ишларим яхшиланди. Ўзбек новвоти, ширинликлар, ҳолва, шоколад жуда харидоргир бўлмоқда», — дейди Панжшанбе бозорида сотувчилик қилаётган Раҳбар Каримова.

Чегара туманларида савдо-сотиқ билан бирга кичик тадбиркорлик ҳам ривожланиб бормоқда.

Маҳлиё Султонова турмуш ўртоғи Шуҳрат Султонов билан ўз ишларини йўлга қўйганига ҳам уч йил бўлди.

 Султоновларнинг оилавий корхонасида новвотдан ташқари, хотин-қизлар ва болалар кийим-кечагини тикиш цехи ва новвойхона ҳам бор. Чегаралар очилиши тадбиркорларга ўз маҳсулотларини қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилоятига олиб ўтиш имконини берди.

Бешинчи ҳикоя. Илм ол, талаба!

Тошкент тиббиёт академияси 3-сонли талабалар уйининг нуфузи илгари ҳам анча баланд эди. Ҳали академиядан ном-нишон ҳам бўлмаган пайтларда, Тошкент тиббиёт институти бўлган. Ўшанда мазкур тўққиз қаватли бинода фақат хорижий талабалар истиқомат қилишган.

Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ мамлакатлари, Ҳиндистон ва ўша пайтда Совет Иттифоқининг ёрдами теккан барча давлатлардаги ёшлар шифокорлик илмини ўрганиш учун Тошкентга келишган. Бу ерда арабча сўзлашувни, океан орти мусиқасини эшитиш мумкин эди. Тиббиёт шаҳарчасидан ТошМИ клиникасига олиб борувчи кичик кўчада эса, кечки пайтларда сари кийган қизлар сайрга чиқарди.

СССР қулаганидан сўнг хорижий талабаларнинг Тошкентга келиши ҳам камайди. Бино бир неча йиллар давомида бўшаб қолди. 2005 йилда Тошкет тиббиёт академияси ташкил этилди. Яқин пайтгача Россия, Исроил, Қозоғистон, Афғонистон, Туркманистон, Украина, Озарбойжон ва Эрондан келган талабалар ушбу таълим даргоҳида таҳсил олишган. Ўтган йили бу ерга тожикистонлик абитуриент Эрназар Хусанов ҳам кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширди.

Бугун унинг отаси ўғлини кўргани Тошкентга келди. Умарали Хусанов Сўғд вилояти Деваштич тумани Нуробод қишлоғидаги ўрта мактабда ўқитувчи.

— Мен фарзандларим хорижда олий таълим олишини ҳамиша хоҳлаганман. Билим олиш учун Чинга ҳам бориш мумкин. Ўзимизда малакали шифокорлар етишмайди, шу боис, ўғлимни ўқитиш учун Ўзбекистонга юбордим. Фарзандим Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга кирганидан жуда хурсандман, — дейди у. — Илгари буни фақат орзу қилардик, холос.

Агар тожикистонлик абитуриентларни Тошкентда таҳсил олиш, авваламбор олий таълим даргоҳларининг нуфузлилиги билан жалб қилса, (Тошкент тиббиёт акдемияси – бутун Марказий Осиё минтақасидаги етакчи таълим муассасаси ҳисобланади), чегаралар очилиши билан Ўзбекистонда ҳам ушбу энг яқин хорижда ўқишни хоҳловчилар пайдо бўлди. Бунинг энг асосий сабабларидан бири - бу Ўзбекистон билан таққослаганда, шартнома пули камлиги. Шунингдек, Тожикистон олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари учун танлов (ҳар бир ўринга одам сони) ҳам нисбатан камроқ.

Гулноза Одилова – академик Б. Ғофуров номидаги Хўжанд давлат университетининг 1-босқич талабаси. У рус филологияси факультетида таҳсил олмоқда. Гулнозанинг айтишича, бу ерда таҳсил олиш унга жуда ёқади, ахир ушбу таълим даргоҳида илм ўрганиш имконияти бир йил илгари – чегаралар очилганидан сўнггина пайдо бўлди.

Олтинчи ҳикоя. Ҳарбий оға-инилар

Ҳамма ёқни олов ва тутун қоплаган. Тинмай ўқ ва қисқа автомат овозлари эшитилади. Ҳарбий самолёт ва вертолётлар кўкка кўтарилади. Зирҳли машинада масхус операцияни бажарувчи аскар... Бу – 2018 йилнинг сентябрь ойи, Тожикистоннинг Сўғд вилояти.

Бир гуруҳ жангарилар мамлакат ҳудудига бостириб киради. Тревога эълон қилиниб, бир пайтнинг ўзида икки мамлакат қуролли кучларининг махсус бўлинмалари оёққа туради. Кўп йиллар давомида биринчи марта тожик ва ўзбек ҳарбийлари умумий душманга қарши бирлашади.

Натижада, душман йўқ қилинади. Албатта, у хаёлий душман эди, барча ҳарбий ҳаракатлар эса, Хўжанд яқинидаги «Чорухдаррон» ўқув полигонида ўтказилган машқлар эди.

«Минтақамиздаги аҳвол мураккаб ва у янада кескинлашиши мумкин. Халқаро террорчилик ташкилотларининг қуролли гуруҳлари, жумладан бевосита жанубий чегараларимиздаги давлатлар фуқароларининг бир жойга тўпланишининг ўзи алоҳида хавотир уйғотади. Биз тезкор жавоб қайтара олишга тайёр туришимиз, ҳар қандай хавфни ўз вақтида аниқлаб, уни йўқ қилишимиз лозим. Бу масала ўзининг географик жойлашуви туфайли ушбу таҳдидлар билан юзма-юз келиши мумкин бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон учун айниқса муҳимдир», деди ўқув машқлар иштирокчилари олдида чиқиш қилган генерал-лейтенант Эмомали Собирзода.

2018 йилнинг 17 август куни Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланди. Ҳужжат билан давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳарбий соҳада ҳам йўлга қўйилиши назарда тутилган.

Тўғри, ҳарбийлар ўртасидаги ҳамкорлик аввал ҳам бўлган. Масалан, Коллектив ҳавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) тадбирлари доирасида. Аммо Ўзбекистон (1999 ва 2012 йилларда) ундан икки марта чиқиб кетган.

Еттинчи ҳикоя. Тошкент осмони

Апрель ойининг охирида Тошкент вилоятининг Болғали посёлкасида параплан спорти бўйича Константин Требисовский номли ерга аниқ қўниш йўналишида Ўзбекистон Республикаси очиқ Кубоги ўтказилди.

Турнир номидаги «очиқ» сўзи мусобақаларда исталган мамлакат спортчилари иштирок этиши мумкинлигини англатади. Бу гал мазкур Кубокда қўшни тожикистонлик парапланерчилар илк марта иштирок этишди.

Илҳом Сангиновнинг айтишича, Ўзбекистонда ўзининг тожикистонлик ҳамкасбларига ўргатадиган профессионал спортчилар кўпчиликни ташкил қилади. Унинг устига, энди чегаралар очилиб, бориб-келиш осон бўлди.

Ҳозирги кунда Хўжанд парапланчилар клубида мазкур спорт тури билан шуғулланиш истагида бўлган 20 нафар кишидан иборат гуруҳ тўпланган. Бошловчи учувчилар билан ишлай оладиган ўзбекистонлик йўриқчиларни Тожикистонда кутишмоқда.

Ўтган йилнинг март ойида ўтказиш пунктларининг очилгунича ва ундан кейинги даврда у мамлакатдан бу мамлакатга бориб-келишларни таққослар экан Илҳом «Бунинг ер билан осмонча фарқи бор», — дейди.

Тошкентлик Акмал Раҳимов анчадан буён тожик осмонини «забт этиш»ни орзу қиларди. Зеро, Тожикистоннинг аксарият тоғли ҳудудларида экстремал спортнинг ушбу тури билан шуғулланиш учун жуда кўп сарҳадлар мавжуд.

Қўшни мамлакатга илк марта йўл олган ўзбекистонлик парапланчилар эсанкираб қолишди. Чегарадан ўтишни улар «фантастик» деб аташди.

Барча жараёнлар бунчалик тез ва тўхтамасдан амалга оширилишини ҳеч ким кутмаган эди. Табиийки, энди спортчилар ва мураббийлар бир-бирлариникига бемалол бориб кела олишлари мумкин.

Саккизинчи ҳикоя. Фуқаролиги йўқ шахслар учун чегара

Гувоҳи бўлганингиздек, бугунги ҳикояларимизнинг аксарияти яхшилик билан тугаган. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон ўтасидаги чегараларнинг очилиши кўплаб оддий инсонлар ҳаётини анча енгиллаштирди. Бироқ муаммолар ҳали бор. Унинг устига фуқаролар, аниқроғи «фуқаролиги бўлмаган шахслар» эсдан чиқди. СССР қулаганидан сўнг, Тожикистондаги фуқаролик уруши (1992–1997) қочоқлар оқимини юзага келтирди. Устига устак, «фуқароликсиз» мерос бўлиб ўтиши ҳам мумкин экан.

— Менинг ота-онам тожикистонлик, фарзандларим эса, Ўзбекистонда туғилган. Уларни ушбу мамлакат фуқароси деб тан олишмаётгани менга алам қилади. Кеча паспорт столида бўлгандим. Улар болаларимга ҳам, набираларимга ҳам фуқаролиги бўлмаган паспорт беришаркан,— дейди Роҳатой Холиқулова.

Унинг тўрт нафар фарзанди бор. Роҳатойнинг уч нафар ўғли ўзбекистонлик қизларга уйланишди, келини эса Тожикистондан. Қизлар аъло баҳоларга ўқишади, бироқ уларни ишга олишмаяпти, ҳатто заводда ишлашга ҳам. Роҳатойнинг набиралари коллежни тугатишган. Улар мутахассислик бўйича пайвандловчи ва ҳайдовчиликка ўқиганлар.

Фуқаролиги бўлмаган шахслар нафақат чегара ўтиш пунктларида, балки ишга жойлашишда, ҳатто ФҲДЁда ҳам муаммоларга дуч келишмоқда.

— Бир ўғлимни анча пайтгача уйлантира олмаганман, — деб давом эттиради Роҳатой — Унинг паспортида фуқаролиги бўлмагани учун ҳеч ким унга қизини беришни истамаган. Яқинда турмуш қурган оилада хотини ҳужжатларини расмийлаштириш учун уйга кетиб, қайтолмай қолган ҳолатлар ҳам бўлган. Унинг турмуш ўртоғи икки уч йил кутгач, ажримга ариза топширган. Ота-онанинг бири билан қолган фарзандлар сонини эса ҳеч ким санамаган ҳам.

Кўпинча бундай инсонлар ўз яқинларини сўнгги манзилга кузатолмаганлар ҳам. Бунинг устига чегараларда ҳам уларга нисбатан яхши муносабатда бўлишмаган.

«Биз кичик кўприкдан ўтдик ва ортимиздан бир аскар қувиб келди. Ундан олдин қизим оёғини синдириб қўйган эди. Чегарачилар: «Ичида нима борлигини кўришимиз керак», деб гипсни ечишни талаб қилишган», — дейди фуқаролиги йўқ Робия Исоқова.

Робия Исоқованинг бироз омади келган – ота ўлимидан сўнг акалари унга хорижга чиқиш паспортини олишга ёрдам беради. Бироқ у ҳам ота уйига боришга қийналади.

— Олдимизда «Бекобод» божхона пости бор. Хорижий паспорт бўйича фақат «Ойбек» постидан ўтиш мумкин эди. У эса биздан жуда узоқда! Туғилиб ўсган қишлоғимгача бўлган йўл бир ярим соат вақтни олади. Олдимизда жойлашган пунктдан эса, хорижий паспорт билан ҳам ўтказишмаган, — дейди Робия Исоқова.

2018 йил 9 мартда Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган Фуқароларнинг ўзаро сафарларига оид келишув фақат икки мамлакат фуқароларига тегишли. Четда эса, фуқаролиги бўлмаган шахслар қолган. Ундайлар сони Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам етарлича.

Ўзаро муносабатлар дўстоналигини ҳисобга олиб, икки мамлакат ҳукуматларига фуқаролиги бўлмаган шахсларни виза олиш заруратидан озод қилиш имкониятини кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилувчилар сони ҳам ошди.

Эпилог ёки бетараф йўлакдаги мулоҳазалар

Давлат чегарасидан ўтиш маскани. Одамлар уни оддий қилиб – КПП дейишади. Аслида улар иккита. Тожик ва ўзбек томонида. Оралиғи 200 метр. Бу бетараф йўлак ҳеч бир томонга, умуман ҳеч кимга тегишли бўлмаган ҳудуднинг бир қисми. Ер юзидаги бирорта давлатга тегишли эмас.

Бугун одам жуда кўп. Ҳар иккала томонга ҳаракатланаётган одамларнинг ҳар бири ўз фикрлари, ҳис-туйғулари ва умидларига эга. Улар қандай хаёллар билан банд? Хаёллар эҳтимол, бу нарса бошқа такрорланмаслиги, оилалар бирга бўлиши, муаммоларсиз бандлик, таълим ва даволаниш, ёки шунчаки бир-бириникига меҳмонга бориш ва ҳатто парапланда учиш ҳақидадир.

Балки ўзининг суюкли инсони ва дўсти билан бир неча йилда эмас, исталган пайтда дийдорлашиш имконияти ҳақидадир. Булар кўз илғаган оддий нарсалар.

Икки назорат маскани орасидаги икки юз метр йўл... одамлар бу ерда камдан-кам ҳолларда учрашадиган вақтлар бўлган. Иккала томонда ҳам. Энди бу нарса ўтмишда абадий қолиб кетган бўлсин. Энди бу ерлар доим одамлар билан тўлган, гавжум бўлсин.

Top